Ислом цивилизацияси маркази тингловчилар нигоҳида
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тингловчилари ташриф буюрди. «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» мавзуси доирасида ташкил этилган ташриф давомида улар Марказ экспозициялари, Қуръони карим зали ва кутубхона билан танишди. Ташриф иштирокчиларга аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ва миллий тарихимизнинг муҳим саҳифалари ҳақидаги билимларини бойитиш имконини берди.
Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим жоме масжиди имом-хатиби Абдулбосит Хотамбеков Марказда тақдим этилган тарихий манбалар ва илмий мероснинг аҳамиятини таъкидлади.
«Илгари аждодларимизнинг илмий мероси ҳақида китоблар орқали маълумот олиб, тасаввур ҳосил қилган бўлсак, бугун уни тарихий манбалар ва экспозициялар орқали бевосита кўриш имконига эга бўлдик. Айниқса, кутубхонадаги асл манбалар ва илмий адабиётлар эътиборимизни тортди. Бу ерда Ислом тарихи билан бирга Марказий Осиё халқларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳам кенг ёритилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган ушбу Марказ аждодларимизнинг бой илмий меросини халқимизга етказиш, уни ёш авлодга танитиш ва асрлар давомида шаклланган маърифат анъаналарини намоён этишда муҳим аҳамиятга эга. Экспозициялар тарихимизни нафақат ўрганиш, балки уни кўз ўнгимизда гавдалангандек ҳис этиш имконини ҳам беради», — деди Абдулбосит Хотамбеков.
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги «Меҳриқул Азизов» жоме масжиди имом-хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг модул тизими тингловчиси Аъзамжон Матмусаев ҳам Марказ экспозициялари ва Қуръони карим зали унда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Марказда тарихимизнинг турли босқичлари, аждодларимиз мероси ва мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар изчил ёритилган. Қуръони карим залидаги муҳит эса инсонни муқаддас китобимиз тарихи ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга ундайди.
Бундай масканлар, айниқса, ёшлар учун катта маънавий аҳамиятга эга. Улар бу ерда аждодларимизнинг илм-фан соҳасида эришган юксак натижаларини англаб, тарихимиз билан яқиндан танишади. Бу эса билим олиш, изланиш ва буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлишга рағбатлантиради», — деди Аъзамжон Матмусаев.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий хотирани тиклаш, бой илмий меросни замонавий усулларда намоён этиш ва ёш авлодни илм-маърифат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Марказдаги экспозициялар ва қўлёзмалар аждодлар меросини чуқурроқ англаш, уни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.






