Тожикистон мудофаа вазири Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Тожикистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-полковник Эмомали Собирзода бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар Марказ экспозициялари орқали Марказий Осиёнинг бой цивилизация тарихи, буюк алломалар мероси ва минтақамиз халқларининг муштарак маънавий қадриятлари билан танишди.
Ташриф давомида делегацияга минтақада ислом цивилизациясининг шаклланиши, бу заминдан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, халқларимиз тарихида муҳим ўрин тутган давлатчилик ва маънавий тараққиёт босқичлари ҳақида маълумот берилди.
Айниқса, Иккинчи Ренессансга бағишланган бўлимдаги Амир Темур ва темурийлар даври экспозицияси генерал-полковник Эмомали Собирзодада катта қизиқиш уйғотди. Унда мазкур даврда давлатчилик, бунёдкорлик, илм-фан ва маданият соҳаларида эришилган юксалиш ўз ифодасини топган.
Ташриф якунида Тожикистон Республикаси Мудофаа вазири ўз таассуротларини Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобида қайд этди.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказий Осиёда ислом тамаддунининг шаклланиш ва тараққиёт тарихи, халқларимизнинг бой маънавий мероси ўзининг ёрқин ифодасини топган. Ушбу марказ нафақат ўтмишни англаш, балки буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлида улкан аҳамиятга эга бўлган маърифий маскандир.
Қардош ва дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва янада юксак тараққиёт тилаймиз».
Ташриф якунида фахрий меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.
Марказда намойиш этилаётган тарихий мерос минтақамиз халқларининг муштарак ўтмиши ва маънавий қадриятларини янада чуқурроқ англаш, шунингдек, буюк аждодлар меросини келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.






