Ўзбекистон ва Ҳиндистон тарихий меросни биргаликда ўрганади
Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Смита Пант бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказда меҳмонлар мамлакатимизнинг қарийб уч минг йиллик тарихини акс эттирувчи экспозициялар, ноёб қўлёзмалар ва тарихий осори атиқалар билан танишди. Шунингдек, уларга замонавий музей технологиялари ҳамда тарихий-маданий меросни асраш, илмий жиҳатдан ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Марказ экспозицияларида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп асрлик маданий алоқаларни англашга хизмат қилувчи тарихий мерос ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи мероси икки мамлакат тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу даврга оид материаллар Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасида илм-фан, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳаларида кечган ўзаро таъсирни чуқурроқ англаш имконини беради. Мазкур тарихий боғлиқликларни ўрганиш икки халқнинг бой маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Ташриф доирасида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва элчи Смита Пант ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатни боғлаб турган тарихий ва илмий меросни биргаликда тадқиқ этиш, нодир қўлёзмаларни ўрганиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, шунингдек, музейлар, кутубхоналар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ҳиндистоннинг Рампур Раза ва Худа Бахш шарқ кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмаларни ўрганиш, Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларнинг илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги қадимий алоқалар тарихини чуқурроқ ёритишга эътибор қаратилди. Шунингдек, академик Эдвард Ртвеладзенинг «Буюк Ҳинд йўли» асари асосида қадимги савдо ва маданий алоқалар тарихини ёритувчи қўшма илмий-нашрий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) амалга ошираётган халқаро нашриёт лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Элчига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркуми доирасида Ҳиндистон илмий муассасалари билан ҳамкорликда тайёрланган китоб-альбомлар тақдим этилди. Ҳиндистон музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси намуналарини жамлаган ушбу нашрлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Томонлар Ҳиндистон фондларида сақланаётган тарихий манбаларни янада кенгроқ ўрганиш, элчихона кўмагида китоб-альбомларнинг навбатдаги жилдларини тайёрлаш ва нашр этиш истиқболларини ҳам кўриб чиқди. Бундай қўшма тадқиқотлар икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янги илмий манбалар асосида ёритиш ва маданий мерос намуналарини халқаро илмий муомалага киритиш учун имконият яратади.
Элчи Смита Пант ташриф таассуротлари ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритар экан, шундай деди:
«Бу Марказга учинчи ташрифим ва ҳар сафар бу ерда янада кўпроқ вақт ўтказгим келади. Марказда Янги Ўзбекистоннинг келажакка қаратилган қарашлари яққол намоён бўлган. Бу маскан нафақат тарих, балки келажак ҳақида ҳамдир. Тарихимиз орқали ёш авлодга билим бериб, уларни мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга тайёрлаймиз. Марказ Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги муҳим ўрнини ҳамда Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини намоён этади. Ҳиндистон кутубхоналари билан ҳамкорликда халқларимизнинг тарихий алоқаларини ёритувчи тўрт жилдлик нашрлар тайёрлангани бу муносабатларнинг амалий натижасидир. Бироқ бу ҳали якун эмас, балки бошланиш — олдимизда биргаликда ўрганиш ва халқларимизга тақдим этиш мумкин бўлган улкан тарихий мерос ҳамда янги ҳамкорлик имкониятлари мавжуд».
Элчи Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига қолдирган дастхатида ҳам Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, Президент ташаббусининг ушбу масканда ўз ифодасини топгани ва икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини қўшма илмий тадқиқотлар орқали ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни илмий ҳамкорликнинг амалий йўналишлари билан бойитишга хизмат қилади. Нодир қўлёзмаларни биргаликда тадқиқ этиш, янги илмий нашрлар тайёрлаш ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий ҳамкорликдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.






