Euronews: "Самарқанддан Парижгача — Марказий Осиёнинг илмий меросини асраб-авайлаш"
Европа ва халқаро аудиторияга ахборот етказиб берувчи йирик медиа тармоқлардан бири — Euronews Марказий Осиёнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб этиш борасида Ўзбекистон амалга ошираётган саъй-ҳаракатларни ёритди. Мақолада Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида ўтказилган халқаро конференция, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ноёб қўлёзмаларни ўрганиш, маданий меросни рақамлаштириш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Буюк Ипак йўли алломаларидан Тошкентдаги янги илмий-тадқиқот муассасаларигача — Ўзбекистон тарихий меросни кенг жамоатчиликка етказишга интилмоқда. Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшилган ҳисса ва умумий маданий мероснинг аҳамиятини муҳокама қилиш учун мутахассислар жам бўлди.
Асрлар давомида Марказий Осиё илмий кашфиётлар, интеллектуал фаолият ва маданий алмашинувлар чорраҳаси бўлиб келган. Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар муҳим билим марказларига айланиб, Ипак йўли бўйлаб интеллектуал анъаналарни боғлаган ҳамда математика, астрономия, тиббиёт ва диний тафаккур ривожига ҳисса қўшган.
Бугунги кунда Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари, музей коллекциялари, рақамли технологиялар ва академик ҳамкорлик орқали ушбу меросни халқаро аудитория учун янада очиқ ва оммабоп қилишга интилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бўлиб ўтган халқаро конференцияда муҳокама қилинди. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, тадбирда олимлар, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларини ўз ичига олган 300 нафардан ортиқ киши иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан мамлакатнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий делегацияси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда қатор илмий ва маданий муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мазкур ташаббуснинг илдизлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида илгари сурилган кенг қамровли саъй-ҳаракатларга бориб тақалади. Ўшанда давлат раҳбари Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини халқаро миқёсда кенгроқ эътироф этишга чақириб, таълим ва диний бағрикенгликнинг аҳамиятини таъкидлаган эди.
Президент 2025 йил сентябрь ойида БМТда сўзлаган навбатдаги нутқида минтақа буюк олимларининг илмий ва маънавий меросини нуфузли халқаро майдонларда тақдим этишни таклиф қилди. Париждаги конференция, шунингдек, Нью-Йорк ва Женевадаги БМТ муассасаларида ўтказилган тақдимотлар ушбу дастурнинг бир қисмига айланди.
Марказий Осиёнинг интеллектуал мероси
Муҳокамаларнинг катта қисми тарихда Мовароуннаҳр номи билан танилган, Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг асосий қисмини ҳамда Марказий Осиёнинг қўшни давлатларига қарашли айрим ҳудудларни қамраб олган минтақага бағишланди.
Ушбу замин ислом олами ва ундан ташқаридаги интеллектуал анъаналарга таъсир кўрсатган асарлар муаллифи бўлган кўплаб алломаларнинг ватани ёки илмий фаолият юритган маскани ҳисобланади.
Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази (IRCICA) бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ўз нутқида Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Берунийнинг илмий меросига алоҳида тўхталди.
Уларнинг асарлари математика, тиббиёт, фалсафа ва диний илмлар турли минтақалар ўртасидаги билим алмашинуви орқали ривожланган илмий анъаналарни акс эттиради.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Аҳмад Низами ҳам минтақанинг тарихий ёдгорликлари ижодий ютуқлар ва маданий алмашинувларнинг кенг қамровли тарихидан далолат беришини таъкидлади.
«Цивилизациялар бир-биридан ажралган ҳолда ривожланмайди. Биз бир-биримизни ўзаро бойитамиз. Бу ғояни одамларга етказиш керак, токи улар бизни ажратиб турадиган жиҳатларга нисбатан муштаракликларимиз анча кўп эканини англасинлар», — деди Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакили Салима Далибей Euronews нашрига берган интервьюсида.
ЮНЕСКОнинг «Ипак йўллари» дастури директори Меҳрдад Шабаҳанг Марказий Осиёнинг умумий тарихий меросини ўрганиш ва ҳужжатлаштиришда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда шунга ўхшаш муассасаларнинг ўрнига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, бундай марказлар муштарак ўтмиш ва тарихни аниқлаш, ҳужжатлаштириш ҳамда кенг оммалаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам ушбу мероснинг халқаро аҳамиятини таъкидлади.
«Маданий мерос ва буюк аждодларимиз бутун дунёга тегишли», — деди у Euronews нашрига.
Музейдан кўра кенгроқ маскан
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу йўналишда муҳим ўрин тутади. Марказ маълумотларига кўра, унинг музей экспозициялари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги 3 минг йилдан ортиқ тарихни қамраб олади.
Марказ фаолияти ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактларни ўрганиш, шунингдек, илмий тадқиқотларни осонлаштириш ҳамда коллекцияларни кенг аудитория учун очиқ қилиш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланишни ўз ичига олади.
Фирдавс Абдухолиқов Марказнинг вазифаси тарихий буюмларни намойиш этиш билангина чекланмаслигини таъкидлади.
«Бу шунчаки чиройли, улкан бино ва музей эмас. Бу илмий-таълимий фаолият учун йирик майдон», — деди у.
Темурийлар тарихи ва санъати бўйича мутахассис Фредерик Бопертюи-Брессан музейни тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қимматли манба сифатида баҳолади.
«Ниҳоят, маданият муносиб эътиборга сазовор бўлмоқда. Биз ушбу буюмларни кўришимиз, уларга қўл тегизишимиз ва ўрганишимиз мумкин», — деди у.
Шунингдек, коллекциялардан фойдаланиш имконияти тарихни янада чуқурроқ тадқиқ этиш учун янги имкониятлар очишини қўшимча қилди.
Марказ Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийга бағишланган халқаро илмий-тадқиқот марказларини ҳам ўз ичига олган ихтисослашган муассасаларнинг кенг тармоғи билан ҳам боғлиқ.
Ал-Фурқон ислом мероси жамғармаси бошқарув директори Соли Шаҳсивари бундай муассасалар тармоғининг кенгайишини қўллаб-қувватлаб, улар минтақа маданий меросига янада кўпроқ эътибор қаратишга ёрдам беришини таъкидлади.
Париждаги учрашувда халқаро илмий ҳамкорлик имкониятлари, жумладан, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбаларни рақамлаштириш ва академик муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Марказ, шунингдек, маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этишда рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича маълумотларни тақдим этди.
Муҳокамалар иштирокчилари умумий маданий меросни чуқурроқ англаш турли жамиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини ҳам муҳокама қилдилар.
«Биз нафрат тили жуда тез тарқалаётган даврда яшаяпмиз. Шунинг учун учрашиш, суҳбатлашиш, фикр алмашиш ва мулоқот қилиш учун бундай имкониятлар одамларга бир-бирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради ҳамда тинчлик маданияти учун пойдевор яратади», — деди Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакили Салима Далибей Euronews нашрига берган интервьюсида.






