Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Юқори мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлик қилди.
Уларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди. Меҳмон Марказ экспозициялари билан танишар экан, Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс босқичлари, буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси, ҳамда мамлакат тарихининг муҳим саҳифаларига оид материалларни кўздан кечирди.
Марказ фойесидаги 14 та равоқда жойлаштирилган алломалар ва тарихий шахсларга бағишланган композициялар ҳам ташрифнинг муҳим қисмларидан бири бўлди. Ушбу композициялар орқали минтақамиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва тарихий шахсларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси намоён этилган. Ушбу фрескалар 110 хил рангдаги микромозаика тошлари ёрдамида қўл кучи билан, айнан Хитой халқ республикаси мутахассислари билан ҳамкорликда ишлангани таъкидланди.
Исломгача бўлган давр экспозициясида Қадимги Фарғона — Давань мамлакати ва Хитой ўртасидаги тарихий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қадимда Фарғона водийсида етиштирилган машҳур “самовий отлар” Хитойда ҳам катта қизиқиш уйғотгани ҳақида маълумот берилган. Хитой ҳукмдорлари ушбу отларни қўлга киритиш мақсадида Даваньга бир неча бор элчилар юборгани қайд этилди. Фарғона отларининг тасвирлари Сўғд либослари ва идиш-товоқларида, шунингдек, қадимги Хитойдан топилган тасвирий санъат намуналарида ҳам учраши икки минтақа ўртасидаги тарихий алоқалар кўламини кўрсатади.
Экспозицияда Буюк ипак йўлининг аҳамияти ҳам ёритилган. Хитойнинг чой, қоғоз, ипак ва чинни каби маҳсулотлари Марказий Осиё шаҳарлари орқали Ғарб бозорларига етказилган. Бу йўл нафақат савдо-сотиқ, балки маданият, билим ва тажриба алмашинуви учун ҳам муҳим кўприк вазифасини бажарган.
Меҳмон, шунингдек, Мирзо Улуғбек даврига оид кулолчилик намуналари билан танишди. Мутахассислар ушбу буюмлар Хитой чиннилари таъсирида, уларга тақлидан яратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар. Шоҳрух Мирзо даврида Хитойга юборилган элчи ва Ғиёсиддин Наққошнинг сафарига оид тарихий маълумотлар ҳам икки минтақа ўртасидаги дипломатик ва маданий муносабатларнинг узоқ тарихга эга эканини кўрсатади.
Бибихоним образи ва унинг либослари билан боғлиқ экспозиция ҳам меҳмонда катта таассурот қолдирди. Ушбу бўлимда ўзбек халқининг тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари ва ўтмишдаги юксак бадиий диди акс этган.
“Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозицияси билан танишув чоғида жаноб Ли Цян мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги янгиланишларни акс эттирувчи материалларга алоҳида эътибор қаратди. Мазкур бўлимдаги сенсорли панелларда маълумотларнинг хитой тилида ҳам тақдим этилгани хитойлик меҳмонларга Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан ўз тилларида танишиш имконини беради.
Ташриф якунида Ли Цян Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди:
“Цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашув ва тажриба алмашинуви, дунё маданиятлари ўртасидаги дўстлик йўлида”.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг Марказга ташрифи Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар, ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашда умумий цивилизацион мероснинг аҳамиятини намоён этди.






