Болалар буюк алломалар оламини кашф этмоқда: UNICEF вакили Ислом цивилизацияси Марказининг янги тажрибасини эътироф этди
Болалар тарихни фақатгина китоблардан ўқиб эмас, балки интерактив экспозициялар, тажрибалар ва замонавий технологиялар орқали ҳам кашф этиши мумкин. БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Эдуард Бегбедер Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида болалар учун яратилган таълимий муҳитни эътироф этиб, бундай маскан ҳақида халқаро миқёсда кўпроқ инсонлар билиши муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказга ташриф буюрган делегацияга муассаса директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар болалар учун мўлжалланган интерактив экспозиция, музей заллари ва Марказнинг тарихий-маданий меросни замонавий технологиялар орқали намойиш этишга қаратилган ёндашувлари билан танишдилар.
Ташрифнинг диққат марказида болалар ва ўсмирларда тарихга қизиқиш уйғотиш, мустақил фикрлашни рағбатлантириш ҳамда билим олиш жараёнини қизиқарли ва интерактив тажрибага айлантириш масалалари бўлди.
Ташриф дастури Марказнинг болалар экспозицияси билан танишувдан бошланди. Тўртта мавзули бўлим ва 15 дан ортиқ интерактив манбани ўз ичига олган мазкур маконда тарих, илм-фан ва ижодкорлик ўзаро уйғунлаштирилган.
Буюк алломаларнинг болалик қиёфасида яратилган интерактив аватарлар, анимацион намойишлар ва амалий тажриба майдончалари болаларга тарихий шахслар ҳаёти ва илмий кашфиётлар билан яқиндан танишиш имконини беради. Бу ерда билим олиш жараёни оддий маълумотни қабул қилиш билан чекланмай, болаларнинг фаол иштироки, кузатуви ва тажрибасига асосланади.
Эдуард Бегбедер болалар бир вақтнинг ўзида ўйнаши, ўрганиши ва янги билимларни кашф этиши учун яратилган шароитларни алоҳида эътироф этди. Унинг фикрича, болалар, ўсмирлар ва ота-оналар биргаликда тарих ва маданиятни ўрганиши мумкин бўлган дўстона муҳит бундай масканнинг муҳим жиҳатларидан биридир.
«Мен жуда катта таассурот олдим. Бу ерда нафақат Ўзбекистон тарихи, балки унинг маданиятини ҳам чуқурроқ англаш мумкин. Экспозициялар шундай ташкил этилганки, ташриф буюрувчи тарихни интерактив тарзда кашф этади. Билим олиш жараёни ўзига хос саёҳатга айланиб, тарихий меросни инсонга янада яқинлаштиради. Айниқса, UNICEF вакили сифатида Марказнинг болалар учун қулай ва дўстона муҳитга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу ерда болалар, ўсмирлар ва ота-оналар биргаликда тарих ва маданиятни ўрганиш имкониятига эга. Ўз ўтмишини яхшироқ билиш келажакни барпо этиш учун муҳимдир. Бундай маскан ҳақида дунё бўйлаб янада кўпроқ инсонлар билиши ва унга ташриф буюриши муҳим, деб ҳисоблайман», — деди UNICEFнинг минтақавий директори.
Делегация ташрифнинг кейинги қисмида Марказнинг асосий музей экспозициялари билан танишди. Меҳмонларга Марказий Осиёда шаклланган уч минг йиллик тарихий-маданий мерос, минтақадан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда тарихий жараёнларни замонавий интерактив ечимлар орқали ёритиш усуллари намойиш этилди.
Делегация раҳбари Қуръони карим залида намойиш этилаётган қадимий мусҳафлар, жумладан, Ҳазрати Усмонга нисбат бериладиган Қуръон қўлёзмаси билан ҳам танишди. Қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларнинг тарихий аҳамиятини намоён этиш ва келажак авлодларга етказишга қаратилган ёндашувлар меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Бегбедер Марказдаги тажриба тарихий меросни шунчаки намойиш этишдан ташқари, уни инсонга яқин ва тушунарли шаклда тақдим этиш имконини беришини таъкидлади.
Ташриф доирасида бўлиб ўтган мулоқотда болалар таълими, тарихий-маданий меросни ёш авлодга етказиш ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда интерактив таълим муҳитини ривожлантириш, болалар ва ўсмирларнинг тарих, маданият ҳамда илм-фанга қизиқишини ошириш, шунингдек, маданий-маърифий ташаббуслар орқали халқаро тажриба алмашиш имкониятларига эътибор қаратилди.
Томонлар болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қиладиган таълимий ёндашувлар ва Марказнинг илмий-маърифий салоҳиятидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.






