Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази БРИКС + илмий-технологик музейлар aльянсига қабул қилинди
2026 йил 15–17 октябрь кунлари Москва шаҳридаги «АТОМ» музейида ўтказилган Discover ATOM III халқаро туризм форуми доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази БРИКС+ илмий-технологик музейлар альянсига қўшилди.
«Илм-фан — келажак инсонининг мулоқот тили» мавзусидаги форумда турли мамлакатларнинг музей ва илмий муассасалари раҳбарлари, туризм соҳаси мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди. Анжуманда илмий туризмни ривожлантириш, музейлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологияларни музей фаолиятига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Форумда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Гулнора Ғаниева маъруза ва тақдимот билан иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг илмий-маърифий фаолияти, тарихий-маданий меросни ўрганиш ва уни замонавий технологиялар асосида кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Форум доирасида БРИКС+ илмий-технологик музейлар альянсига 12 та янги муассаса, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қабул қилинди. Шунингдек, альянснинг 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитаси муҳокама қилиниб, мутахассислар алмашинуви, қўшма илмий-маърифий лойиҳалар ва халқаро илмий туризмни ривожлантириш йўналишлари белгилаб олинди.
Марказнинг мазкур халқаро альянсга қўшилиши хорижий музейлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий-маърифий ташаббусларни биргаликда амалга ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун янги имкониятлар яратади.






