Тошкентда Абу Али ибн Сино меросига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтади
2026 йил 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан буюк қомусий олим, мутафаккир Абу Али ибн Синонинг жаҳон илмий ва фалсафий тафаккури ривожидаги беқиёс ўрнига бағишланган «Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади.
Абу Али ибн Сино нафақат Шарқ илм-фани ва фалсафасининг йирик намояндаси, балки жаҳон интеллектуал тараққиётига улкан таъсир кўрсатган қомусий алломалардан биридир. Унинг фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа илм соҳаларига оид асарлари асрлар давомида турли халқлар ва цивилизациялар илмий тафаккурининг ривожланишида муҳим ўрин тутган.
Алломанинг борлиқ, инсон, билим, ақл ва табиат ҳақидаги қарашлари бугун ҳам илмий изланишлар учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг мероси Шарқ ва Ғарб ўртасидаги илмий-фалсафий мулоқот, билимлар алмашинуви ва интеллектуал ҳамкорлик тарихини ўрганишда алоҳида ўрин тутади.
Мазкур конференциядан кўзланган мақсад Ибн Синонинг бой илмий-фалсафий меросини замонавий тадқиқотлар асосида чуқур ўрганиш, унинг жаҳон илм-фани ва фалсафаси тараққиётига қўшган ҳиссасини ёритиш, шунингдек, аллома асарларини сақлаш, тадқиқ этиш ва келажак авлодларга етказишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
📚 Конференция доирасида қуйидаги асосий йўналишлар муҳокама қилинади:
🔹 Ибн Синонинг фалсафий таълимоти ва борлиқ фалсафаси. Алломанинг борлиқ, моҳият, сабабият, ақл ва билиш назариясига оид қарашлари, уларнинг Шарқ ва Ғарб фалсафий тафаккури ривожига таъсири.
🔹 Ибн Сино тиббиёт фалсафаси ва назарияси. Алломанинг тиббий қарашлари, инсон организми ва саломатлигига оид илмий ёндашувлари ҳамда унинг тиббиёт илми тараққиётидаги ўрни.
🔹 Ибн Синонинг фалсафий меросига оид қўлёзма манбалар. Аллома асарларининг қўлёзма нусхаларини ўрганиш, уларни илмий муомалага киритиш, сақлаш ва тадқиқ этиш билан боғлиқ масалалар.
🔹 Ибн Сино меросини рақамлаштириш ва рақамли манбашунослик истиқболлари. Замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда қўлёзмаларни рақамлаштириш, электрон илмий манбаларни шакллантириш ва аллома меросидан кенг фойдаланиш имкониятлари.
Конференция олимлар, фалсафашунослар, тарихчилар, тиббиёт тарихи тадқиқотчилари, манбашунослар, қўлёзмашунослар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун ўз илмий изланишлари билан ўртоқлашиш, фикр алмашиш ҳамда янги илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини беради.
Конференция ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Иштирокчиларнинг маърузалари учун 10 дақиқа вақт ажратилади.





