БМТ раиси Халилур Раҳмон: «Бу — Ўзбекистон президентининг бутун инсониятга туҳфаси»
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси Халилур Раҳмон бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон Марказнинг тарихий-маданий меросни ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш борасидаги фаолиятига юксак баҳо берди. Ташриф доирасида БМТ билан илмий-маърифий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Делегацияни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди. У меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг ташкил этилиш тарихи, илмий-маърифий фаолияти, ноёб экспонатлари ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Ташриф давомида делегация аъзолари «Исломдан аввалги давр цивилизациялари», «Биринчи Ренессанс», «Иккинчи Ренессанс» ҳамда «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс» экспозициялари билан танишдилар. Уларда Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатнинг бугунги тараққиёт босқичи акс эттирилган.
Айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврига бағишланган Иккинчи Ренессанс экспозицияси Халилур Раҳмонда катта қизиқиш уйғотди. У хаттот Умар Ақтo томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси фрагменти ҳамда темурий шаҳзода Иброҳим Султон қаламига мансуб, олтин суви билан безатилган Қуръон нусхасини кўздан кечирди. Меҳмонга темурийлар даврида илм-фан, адабиёт ва китобат санъатининг ривожланиши, мазкур қўлёзмаларнинг бадиий ва тарихий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Қуръони карим залида делегация Ҳазрати Усмон мусҳафи ва турли даврларга оид Қуръон қўлёзмалари билан танишди. Ушбу ёзма ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш борасидаги ишлар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Марказда қўлланилаётган замонавий интерактив технологиялар ҳам делегацияда қизиқиш уйғотди. Халилур Раҳмон Амир Темурнинг интерактив образини шахсан синаб кўриб, тарихий меросни инновацион усуллар орқали ўрганиш имкониятлари билан танишди.
Марказ экспозициялари билан яқиндан танишган БМТ Бош Ассамблеяси раиси тарихий мероснинг тақдим этилиши, экспонатларнинг танланиши ва ҳар бир даврни ёритишдаги пухта ёндашувга юксак баҳо берди.
«Мен Марказ экспозицияларидан ниҳоятда катта таассурот олдим. Ҳар бир тарихий даврнинг пухта ёритилгани, ҳар бир экспонатнинг ниҳоятда синчковлик билан танлангани таҳсинга сазовор. Бу — Президент Шавкат Мирзиёевнинг бутун инсониятга қилган буюк туҳфасидир. У бизнинг умумий ўтмишимизни бугунги кунга олиб чиқиб, уни келажакка йўл кўрсатувчи манбага айлантирди.
Ўзбекистон қадимдан Буюк ипак йўлининг марказида турган. Бобурийлар сулоласи ҳам айнан шу заминдан келиб чиққан. Ўз даврида бу ҳудуд жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири бўлган. Бугун Ўзбекистон илм-фан, санъат, фалсафа ва тиббиёт соҳаларида жаҳон тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини яна бутун дунёга намоён этмоқда. Бу — ҳақиқий Ренессанс. Президент Шавкат Мирзиёев нафақат Ўзбекистон, балки ислом цивилизацияси учун ҳам Учинчи Ренессанс ғоясини илгари сураётганидан жуда мамнунман», — деди Халилур Раҳмон.
Ташриф доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро илмий-маърифий ва маданий тадбирларда ўзаро иштирок этиш, шунингдек, қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Халилур Раҳмон бу борада БМТ Цивилизациялар альянсининг имкониятларига алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистоннинг тарихан турли динлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўзаро мулоқот қилган муҳим макон эканини таъкидлади.
«БМТнинг Цивилизациялар альянси турли мамлакатлар ва эътиқод вакилларини бирлаштиради. Ўзбекистон ҳам тарихан турли динлар ва маданиятлар учрашган муҳим марказ бўлган. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд. Мен ўз раислигим даврида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида янада яқин ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашаман», — деди у.
Ташриф сўнгида Халилур Раҳмон Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдирди. Унга VIII асрга мансуб Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нашри ҳамда махсус кумуш танга эсдалик совғалари сифатида тақдим этилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий ва маданий мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Ташриф давомида муҳокама қилинган масалалар БМТ билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги истиқболли йўналишларни белгилаб берди.






