Ўзбекистон ва Корея тарихий меросни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Тарихий обидалар ва ноёб артефактларни сақлаш бугун уларни рақамли технологиялар ёрдамида ҳужжатлаштириш, виртуал реконструкция қилиш ва янги авлод учун интерактив тарзда тақдим этишни ҳам тақозо этмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, Корея Миллий мерос университети экспертлари билан маданий бойликларни замонавий технологиялар асосида ўрганиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Корея Миллий мерос университети экспертлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида Марказ экспозициялари, тарихий артефактларни намойиш этиш усуллари ва рақамли технологиялар асосида яратилган мультимедиа контентлари билан яқиндан танишди.
Экскурсиядан сўнг Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда маданий меросни рақамли ҳужжатлаштириш, тарихий буюмларнинг виртуал реконструкциясини яратиш, илмий маълумотларга асосланган рақамли контент ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишларда халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Миллий мерос университети Рақамли мерос ва маданий технологиялар кафедраси доценти, фалсафа доктори Ю Жонгмин Марказ экспозицияларида тарихий мерос ва замонавий технологиялар ўзаро уйғунлашганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув ташриф буюрувчиларга нафақат тарихий буюмларни кўриш, балки уларнинг келиб чиқиши, яратилган даври ва маданий аҳамиятини ҳам чуқурроқ англаш имконини беради. Эксперт Марказнинг ташкил этилиши ва халқаро миқёсдаги аҳамиятига ҳам тўхталиб, унинг кўлами билан бир қаторда, тарихий меросни замонавий усулларда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш учун яратаётган имкониятларини эътироф этди. Ю Жонгминнинг таъкидлашича, Корея Миллий мерос университети Ўзбекистондаги Маданий мерос агентлиги ва Ислом цивилизацияси маркази билан аниқ амалий натижаларга қаратилган ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
«Ислом цивилизацияси марказида тарихий меросни замонавий технологиялар орқали тақдим этишнинг ўзига хос ёндашувини кўрдим. Айниқса, асл артефактлар ва рақамли контентнинг бир-бирини тўлдириши менда катта таассурот қолдирди. Бу ерда ташриф буюрувчи нафақат тарихий буюмни кўради, балки унинг тарихи, яратилиш даври ва маданий аҳамияти ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва бевосита эътибори билан барпо этилган Марказнинг Гиннесс рекордлар китобига киритилгани унинг кўлами ва халқаро аҳамиятини намоён этади. Менимча, бу масканнинг қадри нафақат улкан экспозициясида, балки бой тарихий меросни замонавий технологиялар ёрдамида англаш ва ўрганиш учун яратаётган имкониятларида ҳамдир.
Биз Ўзбекистондаги Маданий мерос агентлиги ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда аниқ амалий натижаларга эришишни мақсад қилганмиз. Хусусан, фондларда сақланаётган тарихий артефактларни рақамли ҳужжатлаштириш, уларнинг виртуал реконструкциясини яратиш ва илмий маълумотлар асосида янги рақамли контентлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ниятимиз бор.
Бунинг учун, аввало, умумий мақсадлар ва устувор вазифаларни қамраб олган йўл харитасини ишлаб чиқиш муҳим. Келгусида Марказ билан шу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз», — деди Корея Миллий мерос университети вакили.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Корея Миллий мерос университети экспертлари ўртасидаги мулоқот ана шу имкониятларни ўрганиш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Томонлар учун кейинги муҳим вазифа — муҳокама қилинган таклифларни аниқ устувор йўналишлар, амалий вазифалар ва ҳамкорлик йўл харитасига айлантиришдир. Бу эса тарихий меросни асраш, уни чуқур ўрганиш ва замонавий технологиялар орқали халқаро миқёсда кенгроқ танитишга қаратилган янги лойиҳалар учун замин яратиши мумкин.






