Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини намоён этмоқда
«Рақамли шериклик: сунъий интеллект ва янги авлод маълумотлар иқтисодиёти» номли учрашувнинг 15 нафар иштирокчиси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда Марказнинг илмий-маърифий фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар экспозициялар орқали Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида эришилган юксак ютуқлар, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ноёб манбалар ҳақида маълумот олдилар. Улар тарихий мероснинг замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувлар асосида намойиш этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Хитой Ижтимоий фанлар академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сунь Чжуанчжи Марказ экспозициялари, меъморий ечимлари ва тарихий меросни замонавий усулларда тақдим этиш тажрибаси унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида гапирадиган бўлсам, унинг экспозициялари ва ўзига хос ечимлари менда катта таассурот қолдирди. Марказ, бир томондан, Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихини ёрқин акс эттирса, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг минтақавий ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади.
Ушбу Марказ билан танишиш орқали Ўзбекистоннинг нақадар бой маданий меросга, чуқур тарихий илдизларга ва юксак цивилизациявий анъаналарга эга эканини янада теранроқ англаш мумкин. Бу ерда ўтмиш мероси нафақат тарихий далиллар орқали намоён этилади, балки унинг бугунги кун билан узвий боғлиқлиги ҳам очиб берилган.
Марказнинг меъморий ечимлари, экспозициялар дизайни ва замонавий тақдимот усуллари ҳам алоҳида эътиборга молик. Бу ерда тарихий мерос замонавий технологиялар ва музейшуносликнинг илғор ёндашувлари билан уйғунлаштирилган. Натижада ташриф буюрувчилар Ўзбекистон маданияти, тарихи ва цивилизациявий тараққиёти ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлишлари мумкин», — деди Сунь Чжуанчжи.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бундай ташрифлар мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини халқаро ҳамжамиятга кенг танитиш, шунингдек, халқаро илмий-маърифий алоқалар ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.






