Ўзбек тилининг янги имкониятлари Ислом цивилизацияси марказида муҳокама қилинди
Тошкентда ўзбек тилининг рақамли технологиялар, замонавий таълим ва журналистика билан уйғунлашуви, шунингдек, миллий илмий меросни она тилида ўрганиш ва халқаро аудиторияга етказиш масалалари муҳокама қилинди. 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Тил, адабиёт ва журналистика таълими: муаммо, ечим ва истиқболлар” мавзусида ўтказилган илмий-амалий анжуманда компьютер лингвистикаси, медиа саводхонлик, қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва ўзбек тилини ўқитишнинг янги ёндашувлари диққат марказида бўлди.
Анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда «Шарқ юлдузи» журнали таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир олимлар, тилшунослар ва журналистика соҳаси мутахассисларини бир майдонга жамлаб, ўзбек тилининг илм-фан, таълим ва замонавий ахборот муҳитидаги ўрнини муҳокама қилиш имконини берди.
Анжуманнинг эътиборли жиҳатларидан бири тарихий ёзув маданияти ва замонавий технологияларнинг бир маконда намойиш этилгани бўлди. Иштирокчилар дастлаб «Тил ва хат санъати» кўргазмасида ўзбек ёзуви, хаттотлик анъаналари ва миллий маънавий мерос намуналари билан танишди. Марказнинг робот-гиди эса меҳмонларни ўзбек тилида қутлаб, она тилининг тарихий ва маданий аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Тадбирни Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Гулнора Ғаниева ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети проректори Нозима Муратова кириш сўзи билан очишди.
Анжуманда давлат тилининг медиа таълимдаги ўрни, миллий хотира ва маънавий мероснинг тил орқали ифодаланиши, туркий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, ўзбек шеваларини ўрганиш, хорижлик талабаларга ўзбек тилини ўқитиш ва компьютер лингвистикаси масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Шунингдек, публицистик матнларда миллий ўзликнинг акс этиши, медиа муҳитда ахборот таъсири ва манипуляция механизмлари, рақамли ахборот истеъмоли маданияти ҳамда журналистика таълимининг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашилди.
Миллий мерос аввал ўзбек тилида ўрганилади
Анжуманда Ислом цивилизацияси марказининг тарихий меросни илмий тадқиқотлар асосида ўзбек тилида оммалаштириш тажрибаси алоҳида эътибор марказида бўлди.
Марказнинг Зиёрат туризми илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди, доцент Элдор Ибрагимов тарихий манбалар ва музей экспонатлари ҳақидаги мураккаб илмий маълумотларни кенг жамоатчиликка тушунарли шаклда етказиш жараёни ҳақида сўз юритди.
Унинг таъкидлашича, Марказда тарихчилар, этнографлар, манбашунослар, қўлёзмашунослар ва таржимонлар ҳамкорлигида тайёрланган илмий хулосалар асосида экспозиция матнлари яратилади. Бунда дастлаб ўзбек тилида аниқ, равон ва далилларга асосланган матн ишлаб чиқилади, сўнг мутахассислар томонидан қайта текширилади.
«Жуда мураккаб жараён бу илмий хулосалар асосида ўзбек тилида равон, халқбоп, далилларга асосланган матн яратишдир. Бу матн, аввало, ўзбек тилида тайёрланади. Олимларимиз уни қайта кўриб чиқиб, илмий хулосалар тўлиқ акс этганини текширадилар. Матн такомилига етгандан кейин халқимизга тақдим этилади. Кейин эса араб, инглиз ва рус тилларига таржима қилинади», — деди Элдор Ибрагимов.
Маърузачи маълум қилишича, ҳозирда мамлакатдаги зиёратгоҳлар тарихи ҳақида 35 га яқин илмий-оммабоп рисола лойиҳаси нашрга тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, музей гидлари учун ташрифчиларнинг ёши ва билим даражасига мос матнлар ишлаб чиқилмоқда. Бу тарихий маълумотларни турли аудиторияларга тушунарли етказиш имконини беради.
Элдор Ибрагимов хорижда сақланаётган тарихий манбаларни ўрганиш, уларнинг асл нусхалари ёки кўчирмаларини Ўзбекистонга олиб келиш, араб ва форс тилларидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилишнинг илмий аҳамиятига ҳам тўхталди.
Ўзбек тили ва замонавий медиа: таълим олдида қандай вазифалар турибди?
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори Нозима Муратова анжуманнинг тилшунослик, таълим ва замонавий технологиялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади.
«Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлигимиз доимий равишда йўлга қўйилган. Бу гал Ўзбек тили байрамига бағишланган мулоқотимиз ҳам айнан шу ерда бўлиб ўтди. Бизга кўрсатилган имкониятлар, хаттотлик мактаби, ҳатто робот-гидларнинг ҳам ўзбек тилида гапириши талабаларимиз, докторантларимиз, магистрантларимиз ва профессор-ўқитувчиларимизни ҳайратга солди», — деди Нозима Муратова.
Унинг сўзларига кўра, анжуман олдидан ташкил этилган кўргазмада робот гиднинг соф ўзбек тилида меҳмонларни қарши олиши ҳам бугунги кунда ўзбек тилини замонавий ёндашувлар билан оммалаштиришнинг бир намунаси. Яъни анжуманда компьютер лингвистикаси, ўзбек тилини хорижликларга ўқитишнинг замонавий усуллари ва самарали таълим моделларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда ўзбек тилини ривожлантириш фақат анъанавий тилшунослик вазифаси эмаслиги, бу жараён рақамли технологиялар, замонавий таълим ва ахборот макони билан узвий боғлиқ экани таъкидланди.
Хусусан, журналистика таълимида давлат тилининг меъёрий қоидаларига риоя этиш, ахборотни аниқ ва тушунарли етказиш, медиа саводхонликни ошириш ҳамда миллий тилнинг рақамли муҳитдаги имкониятларини кенгайтириш долзарб йўналишлар сифатида кўриб чиқилди.
Анжуман доирасида кўтарилган масалалар ўзбек тилининг тарихий манбаларни ўрганиш, илмий билимларни оммалаштириш ва замонавий медиа маҳсулотларини яратишдаги ўрнини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Бир томондан, қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва таржима қилиш миллий илмий меросни кенг аудиторияга етказиш имконини берса, иккинчи томондан, компьютер лингвистикаси, рақамли таълим ва интерактив музей технологиялари ўзбек тилидан фойдаланишнинг янги йўналишларини очмоқда.
Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган илмий-амалий анжуманнинг асосий мазмуни ҳам ана шу икки йўналиш — тарихий меросни асраш ва давлат тилининг замонавий технологиялар муҳитидаги имкониятларини кенгайтириш — ўртасидаги боғлиқликни муҳокама қилишдан иборат бўлди.





