Евроосиё иқтисодий комиссияси раҳбари Ўзбекистоннинг тарихий меросини асраш ишларига юқори баҳо берди
Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжан Сагинтаев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги фаолиятига юқори баҳо берди.
Бақитжан Сагинтаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказий Осиёнинг уч минг йиллик тарихи, Буюк ипак йўли орқали шаклланган цивилизациялар мулоқоти ва Шарқ алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи экспозициялар билан танишди.
Делегация Марказнинг «Цивилизациялар — Шахслар — Кашфиётлар» концепцияси асосида ташкил этилган экспозициялари билан таништирилди. Уларда Марказий Осиёда цивилизациялар шаклланиши, илм-фан тараққиёти ва турли халқлар ўртасидаги маданий алоқалар тарихи ёритилган.
Ташриф давомида Бақитжан Сагинтаев Буюк ипак йўлининг минтақалар ўртасидаги иқтисодий ва маданий муносабатлар ривожида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Исломдан аввалги даврга бағишланган экспозицияларда Бақтрия, Суғд, Хоразм ва Фарғонанинг қадимий тарихи, савдо йўллари орқали шаклланган алоқалар ва маданий алмашинув жараёнлари намойиш этилди.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс бўлимларида эса Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби буюк мутафаккирларнинг математика, астрономия, тиббиёт ва бошқа фанлар тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Делегация аъзолари Қуръони карим залида намойиш этилаётган қадимий Усмон мусҳафи, нодир қўлёзмалар ва уларни сақлаш, тадқиқ этиш ҳамда келажак авлодларга етказишга қаратилган ишлар билан ҳам танишди.
Меҳмонлар Марказнинг меъморий ечимлари, тарихий экспонатлар ва рақамли технологиялар уйғунлигида яратилган экспозицияларига қизиқиш билдирди. Айниқса, турли тарихий даврларни ягона концепция асосида намойиш этиш ёндашуви делегацияда ижобий таассурот қолдирди.
Бақитжан Сагинтаев Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдириб, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди. У Марказнинг маданий-маърифий аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
Ташриф якунида томонлар ўзаро эсдалик совғаларини алмашдилар.
Евроосиё иқтисодий комиссияси делегациясининг ташрифи Марказий Осиё халқларини боғлаб келган тарихий савдо йўллари, илмий анъаналар ва маданий алоқаларнинг бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу муштарак меросни илмий асосда ўрганиш, сақлаш ва халқаро аудиторияга тақдим этишга қаратилган фаолияти билан минтақанинг маданий-маърифий мулоқот майдонларидан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.






