Ислом цивилизацияси маркази нашрлари Бокуда намойиш этилмоқда
Ўзбекистоннинг жаҳон музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган маданий мероси, Қуръони каримнинг тарихий нусхалари ва қадимий меъморий битикларига бағишланган илмий нашрлар Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ташкил этилган халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилмоқда. 32 мамлакат вакиллари иштирок этаётган мазкур тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлигида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг илмий-маърифий нашрлари орқали мамлакатнинг кўп асрлик тарихи, ёзма мероси ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини халқаро аудиторияга таништирмоқда.
2026 йил 21 октябрь куни Озарбайжон пойтахтида XII Боку халқаро китоб ярмаркаси ўз ишини бошлади. Боку Экспо марказида ташкил этилган тадбирнинг халқаро кўргазма қисми 25 октябрга қадар давом этади. Ярмарка турли мамлакатлардан нашриётлар, олимлар, муаллифлар ва маданият соҳаси вакилларини бирлаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистоннинг 114 Қуръони», «Тарихий обидалардаги битиклар», «Марказий Осиё: умумий мерос – умумий келажак» ва «Учинчи Ренессанс» каби китоблар ярмарка иштирокчилари эътиборига ҳавола этилмоқда.
Мазкур нашрлар Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий мактаблар, қўлёзма анъаналари, меъморий ёдгорликлар ва ислом цивилизацияси ривожига қўшилган тарихий ҳиссани турли йўналишларда ёритади.
Хусусан, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркуми хорижий музейлар, кутубхоналар ва илмий муассасаларда сақланаётган тарихий-маданий бойликларни ўрганишга бағишланган. «Ўзбекистоннинг 114 Қуръони» нашри Қуръони каримнинг тарихий нусхалари ва қўлёзма меросига эътибор қаратса, «Тарихий обидалардаги битиклар» меъморий ёдгорликларда сақланган ёзувларнинг тарихий ва илмий аҳамиятини очиб беради.
«Марказий Осиё: умумий мерос – умумий келажак» нашри эса Марказий Осиё ва Озарбайжон халқларини бирлаштирган, умумий маънавий-маърифий меросни асраш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлидаги ҳамжиҳатлик, ўзаро англашув ва ҳамкорлик рамзи сифатида тайёрланган.
«Учинчи Ренессанс» нашрида эса Ўзбекистоннинг илмий-маърифий тараққиёти, тарихий мероси ва замонавий ривожланиш ғоялари ёритилади.
Ушбу китобларнинг халқаро майдонда намойиш этилиши Ўзбекистоннинг тарихий манбалари ва илмий тадқиқотларини хорижий мутахассислар, нашриётлар ҳамда кенг китобхонлар аудиториясига етказиш имконини бермоқда.
XII Боку халқаро китоб ярмаркасида 32 мамлакатдан 59 та хорижий ҳамда 148 та маҳаллий нашриёт ва ташкилот иштирок этмоқда.
Тадбир дастуридан китоб тақдимотлари, муаллифлар билан учрашувлар, илмий конференциялар ва нашриёт соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган мулоқотлар ўрин олган.
Ярмарка Ўзбекистонда тайёрланаётган илмий, адабий ва маърифий нашрларни халқаро китоб бозорига танитиш, хорижий нашриётлар билан тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳалар учун ҳамкорлар топиш имкониятини яратмоқда.
Ислом цивилизацияси марказининг мазкур халқаро тадбирдаги иштироки миллий маданий меросни илмий нашрлар орқали тарғиб этиш ва уни жаҳон илмий жамоатчилигига етказиш борасидаги фаолиятининг давомидир.
Боку халқаро китоб ярмаркаси дастурида тарихий қўлёзмалар, хаттотлик санъати ва ёзма меросни асраб-авайлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, «Хаттотлик ва қўлёзмалар: ёзув гўзаллиги ва китоб хотираси» мавзусидаги сессияда ёзма мероснинг цивилизацион хотирани сақлашдаги ўрни, хаттотлик анъаналари ва қўлёзмаларни тадқиқ этиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Мазкур йўналиш Марказий Осиё ва кенг ислом дунёсида шаклланган китобат анъаналари, қўлёзмаларни сақлаш, илмий ўрганиш ва рақамлаштиришнинг замонавий усуллари билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан намойиш этилаётган нашрлар ҳам ана шу тарихий ёзма меросни тадқиқ этиш ва кенг аудиторияга етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ярмарка доирасида Марказ вакилларининг халқаро учрашувлар, конференциялар ва илмий-маърифий мулоқотларда иштирок этиши ҳам кутилмоқда. Бу мулоқотлар хорижий илмий муассасалар ва нашриётлар билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун имконият яратади.
Боку халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нашрларининг тақдим этилиши мамлакатнинг илмий ва маданий меросини халқаро жамоатчиликка танитиш, тарихий манбаларни илмий муомалага кенгроқ киритиш ҳамда китоб орқали маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган.






