«Ушбу марказ эзгу мақсад йўлидаги улкан ва таҳсинга лойиқ қадамдир» — Марям Букар Ҳассан
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик бўйича глобал тарғиботчиси Марям Букар Ҳассан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмон Марказ экспозициялари билан танишиб, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси ҳамда ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари ҳақида маълумот олди.
Меҳмон, айниқса, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши, аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашувлар асосида ёритилганига алоҳида эътибор қаратди. Интерактив қурилмалар, рақамли ечимлар ва мультимедиа технологиялари орқали тарихий маълумотларни тақдим этиш усуллари унда катта қизиқиш уйғотди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий мерос намуналари жамланган маскан, балки уларни илмий ўрганиш, аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этиш ва бу билимларни келажак авлодларга етказишга хизмат қилувчи йирик илмий-маърифий мажмуа сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Марказнинг халқаро меҳмонлар учун очиқлиги Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятига танитиш ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Марям Букар Ҳассан Марказдаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, унинг нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсониятнинг илмий ва маънавий меросини намоён этувчи маскан эканини таъкидлади.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, катта таассурот олдим. Бу маскан нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсониятнинг бой илмий ва маънавий меросини намоён этувчи ажойиб мажмуа экан.
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг илмий кашфиётлари ва бебаҳо маънавий мероси ҳақида бутун дунёга янада кўпроқ сўзлаб беришимиз керак. Президент ташаббуси билан барпо этилган ушбу Марказ ана шу эзгу мақсад йўлидаги улкан ва таҳсинга лойиқ қадамдир.
Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломаларнинг ушбу заминдан етишиб чиққани, уларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлдим. Айниқса, тарихий мероснинг замонавий технологиялар орқали юксак даражада намойиш этилгани мени ҳайратда қолдирди.
Ростини айтсам, бу ердан кетгим келмаяпти! Марказга ташриф буюриш мен учун нафақат катта шараф, балки инсоният тарихини қайта кашф этиш ва Ўзбекистоннинг буюк меросини янада чуқурроқ англаш имконияти бўлди. Бу гўзалликни ўз кўзим билан кўрганимдан жуда мамнунман», — деди Марям Букар Ҳассан.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.






