Ислом цивилизацияси маркази — тарихни ўрганишнинг янги усули: туркий дунё музейлари вакилларининг эътиборини тортган жиҳатлар
Қадимий қўлёзмалар ва тарихий осори-атиқаларни сунъий интеллект, рақамли тасвирлар ҳамда интерактив технологиялар билан уйғунлаштирган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази туркий дунё музейлари вакилларининг эътиборини тортди. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги вакили Бора Дундар Марказни замонавий музейшунослик концепциясига мос муассаса сифатида баҳолаб, уни ўз юртдошларига ҳам тавсия этишини билдирди.
Андижон шаҳрида ўтказилган V Туркий дунё музейлари учрашуви ҳамда ТУРКСОЙ Музейлар уюшмасининг V даврий йиғилиши муносабати билан Ўзбекистонга келган делегация вакиллари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
2026 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти мақомини олган Андижонда ташкил этилган халқаро учрашув туркий мамлакатларнинг музейшунослик соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш, маданий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий усулларда жамоатчиликка тақдим этиш масалаларига бағишланди.
Халқаро учрашув меҳмонлари Марказга ташриф буюриб, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, буюк алломаларнинг илмий мероси ва тарихий тараққиёт босқичларига бағишланган экспозициялари билан танишди. Хусусан, мамлакат тарихидаги уч Ренессанс даврини ёритувчи бўлимлар, тарихий манбаларнинг тақдимот усуллари ва рақамли технологияларга асосланган музей ечимлари делегация аъзоларида қизиқиш уйғотди.
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос ва музейлар бош бошқармаси бош директори ўринбосари Бора Дундар Марказ экспозицияларининг хронологик изчиллиги, тарихий жараёнларни тушунарли тарзда ёритиш ва замонавий музей технологияларидан фойдаланиш тажрибасига юқори баҳо берди. Бора Дундар Марказ тажрибасини баҳолар экан, замонавий музейларнинг маданий туризмни ривожлантиришдаги ўрнига ҳам тўхталди.
«Бизга шундай тажрибани тақдим этгани учун Ўзбекистонга катта раҳмат айтаман. Дўстларим билан биргаликда Марказни айланиб чиқдик. Бу ерда Ўзбекистоннинг бутун тарихи хронологик изчилликда, жуда яхши шаклда тушунтириб берилган. Ташриф давомида мамлакат тарихини бошидан бошлаб, турли даврлар кесимида англаш имконига эга бўлдик. Марказ менда жуда яхши таассурот қолдирди. Шу сабабли уни нафақат Ўзбекистонга келган меҳмонларга, балки Туркияга қайтганимдан кейин юртдошларимга ҳам тавсия қиламан. Марказ жуда инновацион ёндашув асосида ташкил этилган. Унда сунъий интеллект, рақамли тасвирлар ва бошқа замонавий технологиялардан самарали фойдаланилган.
Энг эътиборли жиҳатлардан бири — қадимий асарлар ва тарихий мерос намуналарининг замонавий экспозиция ечимлари билан бир маконда уйғунлаштирилганидир. Менимча, Марказ бугунги музейшуносликнинг янги концепциясига тўлиқ мос келади. Менинг таклифим — бундай музейларни бутун мамлакат бўйлаб янада кўпроқ ривожлантириш ва уларни кенг тарғиб қилиш. Бу, айниқса, сайёҳларни жалб этиш нуқтаи назаридан муҳим. Музейларнинг имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумот бериш орқали уларга бўлган қизиқишни янада ошириш мумкин», — деди Бора Дундар.
Бундай баҳолар замонавий музейшуносликда кузатилаётган муҳим ўзгаришларни акс эттиради. Бугун музейлар фақат тарихий ашёларни сақлаш ва намойиш этиш билан чекланмай, илмий билимларни оммалаштириш, маданий мулоқотни ривожлантириш ҳамда турли авлодлар ўртасида тарихий хотира узвийлигини таъминлаш вазифасини ҳам бажармоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ислом цивилизацияси марказида тарихий манбалар ва моддий мерос намуналарини рақамли технологиялар билан биргаликда тақдим этишга қаратилган ёндашув халқаро музейшунослик тажрибаси билан ҳамоҳангдир.
Туркий дунё музейлари вакилларининг ташрифи эса миллий тарихий меросни замонавий музей технологиялари орқали халқаро аудиторияга тақдим этиш, музейлар ўртасида тажриба алмашиш ва маданий туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш учун навбатдаги мулоқот имконияти бўлди.





