«Учинчи Ренессанс чорраҳаси»: Ислом цивилизацияси марказида имом-хатиблар учун диний-маърифий ўқув-семинарлар ўтказилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» лойиҳаси доирасида ўтказилаётган ўқув-семинарлар имом-хатибларга нафақат диний билимларини мустаҳкамлаш, балки буюк алломалар меросини чуқурроқ англаш, замонавий ижтимоий жараёнларни тушуниш ва жамоатчилик билан самарали мулоқот қилиш имконини бермоқда. Лойиҳа доирасида ташкил этилаётган машғулотлар тарихий хотира, маърифат ва бугунги кун талаблари ўртасидаги боғлиқликни очиб беришга қаратилган.
Диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритиш чуқур билим, кенг дунёқараш ва жамиятда кечаётган жараёнларни тўғри англашни талаб этади. Бугун имом-хатиблардан нафақат диний масалалар бўйича билимга эга бўлиш, балки аҳоли, айниқса, ёшлар билан мазмунли мулоқот қилиш, уларга ишончли ва асосли маълумотларни етказиш ҳам талаб этилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» лойиҳаси доирасида ўтказилаётган ўқув-семинарлар, малакали мутахассислар олиб бораётган машғулотлар иштирокчиларнинг диний билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жамоатчилик билан мулоқот ва маърифий фаолиятнинг замонавий усуллари билан ҳам таништиришга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги машғулотлардан сўнг иштирокчилар Марказ экспозицияларини кўздан кечириб, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси ва уларнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақидаги билимларини бойитди.
Ўктамжон Хидиров, Сирдарё вилояти Бойовут туманидаги «Сўфи Оллоёр» масжиди имом-хатиби :
Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломаларимиз бутун дунёда танилган, уларнинг илмий мероси асрлар давомида ўрганиб келинган. Ислом цивилизацияси маркази ана шу меросни кенг намоён этиб, ёшларимизга аждодларимиз қандай буюк салоҳият эгалари бўлганини кўрсатади. Бу ердаги экспозициялар билан танишган инсон ўтмишимизни англайди, шу билан бирга, бугунги авлод ҳам илмда юксак натижаларга эришиши кераклигини ҳис этади.
Имом-хатиб таъкидлаганидек, аждодлар меросини чуқур ўрганиш ёшларни маърифат ва соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун диний соҳа вакиллари ўз билимларини мунтазам ошириб бориши, тарихий ва илмий меросни пухта ўрганиши ҳамда эгаллаган билимларини жамоатчиликка, айниқса, ёшларга тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиши зарур.
Илҳом Валиев, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги «Хожа Зайниддин» жоме масжиди ноиб-имоми:
Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи, бой маданияти ва жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз мероси билан танишдик. Бу ерда кўрганларимиз аждодларимиз билан фахрланиш баробарида, уларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини ҳам эслатади. Ёшларимиз тарихимизни билиши, ундан куч ва илҳом олиб, илм олишга янада кўпроқ интилиши керак».
Буюк алломалар меросини ўрганиш фақат ўтмишни эслаш билан чекланмайди. У ёш авлодда илмга қизиқишни кучайтириш, тарихий хотирани асраш ва жамиятда маърифат қадриятларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий манбалар ва маданий меросни кенг жамоатчиликка етказиш билан бирга, уларни бугунги таълим ва маърифий фаолият билан боғлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» лойиҳаси доирасидаги ўқув-семинарлар ҳам шу мақсадга қаратилган: аждодлар меросини чуқур англаш, замонавий жараёнларни тўғри баҳолаш ва эгалланган билимларни жамият манфаати йўлида қўллаш.
Зеро, тарихий мероснинг ҳақиқий қадри уни сақлаш билангина эмас, балки ундан сабоқ олиш, илмга интилиш ва уни келажак авлодга етказиш билан ҳам белгиланади.





