ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси: «Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг жаҳон тарихидаги ўрнини англаш имконини беради»
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент Ассамблеяси раиси Пер Жоан Понс Сампьетро Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини халқлар ва маданиятлар ўртасидаги тарихий алоқаларни англаш, ўзаро ишонч ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маърифий маскан сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Марказ экспозициялари Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини чуқурроқ англаш ва мамлакатнинг бугунги қиёфаси билан яқиндан танишиш имконини беради.
Пер Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегацияга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф давомида Ўзбекистон ҳудудида кечган тарихий жараёнлар, аждодларимизнинг жаҳон илм-фани, маданияти ва тафаккури ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, турли халқлар ўртасидаги илмий ва маданий алоқалар ҳақида маълумот берилди.
ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Марказнинг аҳамиятини, аввало, цивилизациялар ўртасидаги тарихий муштаракликни очиб бериши ва маданиятлараро мулоқот учун маърифий асос яратиши билан боғлади. Унинг фикрича, тарихий меросни ўрганиш фақат ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланмайди. Турли маданиятлар ўртасидаги ўзаро таъсирни англаш бугунги халқаро мулоқот, ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат тамойилларини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Делегация раҳбари Марказ экспозицияларида Ўзбекистон тарихининг турли босқичлари ўзаро боғлиқ ҳолда намойиш этилишига алоҳида эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг бой илмий ва маданий мероси нафақат миллий тарихнинг ажралмас қисми, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётини англаш учун ҳам муҳим манбадир.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти турли маданият ва диний анъаналарга мансуб давлатларни бирлаштириб, мулоқот ва тажриба алмашиш учун майдон яратади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифни ҳам шу нуқтаи назардан баҳолайман. Бу ерда цивилизациялар бир-бири билан қандай туташгани, халқлар ўртасидаги алоқалар ва маданий таъсирлар тарих давомида қандай шаклланганини кўриш мумкин. Марказ Ўзбекистон тарихини ва Янги Ўзбекистонни янада яқиндан англаш учун муҳим имконият яратади. Унинг экспозициялари орқали мамлакатингизнинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрни, аждодлар меросининг кўлами ва аҳамиятини чуқурроқ ҳис этиш мумкин. Бундай масканлар нафақат тарихий билимларни бойитади, балки халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданиятлар мулоқотини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, — деди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Пер Жоан Понс Сампьетро.
Ташриф давомида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси халқаро туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратишини ҳам қайд этди.
У бу борада мамлакатнинг ўзига хос маданий қиёфаси, миллий қадриятлари ва тарихий ёдгорликларини асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлади.
Бой маданий меросга эга мамлакатлар учун туризм нафақат иқтисодий фаолият йўналиши, балки тарих, маданият ва миллий анъаналарни халқаро жамоатчиликка танитиш воситаси ҳам ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, Ислом цивилизацияси марказида буюк алломалар мероси, тарихий манбалар ва цивилизациялар тараққиётига оид экспозицияларнинг яхлит концепция асосида тақдим этилиши Ўзбекистоннинг маданий-маърифий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилмоқда.
Пер Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегациянинг ташрифи тарихий-маданий мероснинг давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришдаги ўрнини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Марказга ташриф чоғида билдирилган фикрлар маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш нафақат тарихий хотирани асраш, балки замонавий дунёда ўзаро англашув, маданий ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим эканини кўрсатди.





