Ислом цивилизацияси марказида янги авлод мутахассислари тайёрланмоқда
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида «Ислом цивилизацияси ва маданий меросни интерпретация қилиш ва гид-журналистика» йўналишини ривожлантириш доирасида талабалар учун маҳорат дарси ташкил этилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиев томонидан ўтказилган машғулотда талабалар тарихий ва маданий меросни мазмунан тўғри талқин қилиш, уни аудиторияга таъсирчан етказиш ҳамда гид-журналистика соҳасининг ўзига хос жиҳатлари билан танишдилар. Дарсдан сўнг улар марказ экспозициялари бўйлаб экскурсияда иштирок этиб, назарий билимларини амалий таассуротлар билан бойитдилар.
Университет ва марказ ўртасидаги ҳамкорлик бўлажак журналистлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг тарихий меросни ўрганиш ва уни замонавий коммуникация воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги касбий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Университет талабаси Динора Раҳимова бу йўналишнинг илк талабаларидан бири бўлиш улар учун ҳам имконият, ҳам масъулият эканини таъкидлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида билим олиш биз учун катта шараф. Бу ерда аждодларимиз қолдирган бой меросни бевосита ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини англаш ва келгусида бошқаларга етказиш имкониятига эгамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар учун яратилаётган бундай шароитлардан унумли фойдаланиб, гид-журналистика йўналишини пухта ўзлаштиришни мақсад қилганмиз. Биз ушбу соҳада етук мутахассис бўлиб етишиб, тарихий меросимизни кенг аудиторияга танитишга ҳисса қўшмоқчимиз. Бу ҳамкорлик биздан кейинги талабалар учун ҳам давомли билим ва тажриба манбаига айланишига ишонамиз, — деди у.
Яна бир талаба Севинч Бўрбоева эса марказнинг тарихий мерос ва замонавий тараққиётни ўзаро боғлиқ ҳолда намоён этиши унда катта таассурот қолдирганини қайд этди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — тарихимизнинг турли даврларини бир маконда англаш, аждодларимиз меросининг нақадар бой ва улкан эканини ҳис қилиш мумкин бўлган бетакрор маскан. Бу ердаги экспозициялар, айниқса, тарихий мероснинг замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштирилгани менда катта таассурот қолдирди. Мен инглиз тили йўналишида таҳсил оламан ва келажакда ўзимни гид сифатида кўраман. Шу боис, айнан шу марказда амалий билим ва тажриба орттириш, тарихимизни хорижий меҳмонларга мазмунли ва профессионал тарзда таништиришни ўрганиш мен учун катта имконият. Келажакда ушбу маскан фаолиятига ўз ҳиссамни қўшишни истайман», — деди Севинч Бўрбоева.
Университет ва марказ ҳамкорлиги бўлажак мутахассисларга тарихий меросни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш ва миллий қадриятларимизни халқаро аудиторияга муносиб тарзда танитиш учун назарий билимларни амалий тажриба билан бойитиш имконини беради.





