Ислом цивилизацияси марказида нашрга тайёрланаётган янги китоблар экспертлар муҳокамасидан ўтказилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида нашр этилиши режалаштирилган янги китоблар ва илмий-маърифий асарларнинг мазмуни ҳамда сифатини такомиллаштиришга бағишланган экспертлар муҳокамаси ташкил этилди.
Муҳокамада таниқли исломшунос олим, шайх Абдулазиз Мансур, шарқшунос олим, сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидилло Мунавваров, филология фанлари доктори, профессор Шарустам Шамусаров ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этиб, тайёрланаётган нашрларнинг илмий савияси, тарихий манбаларга асосланганлиги ва мазмуний жиҳатдан бойитилиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Хусусан, Марказ томонидан тайёрланаётган «Эътироф» китоб-альбоми, «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг рамзий безакларининг концептуал асослари», «Ўзбекистон: Буюк цивилизациялар бешигидан Янги Ренессанс сари» номли нашрлар, шунингдек, «Ўзбекистон жаҳон майдонида» туркуми доирасида Озарбайжон, Туркия, Россия, Иордания, Эрон, Туркманистон ва Буюк Британияга бағишланган китоблар атрофлича кўриб чиқилди.
Экспертлар томонидан нашрлардаги тарихий маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, уларни янги илмий тадқиқотлар натижалари билан бойитиш, материалларни изчил ва тизимли баён этиш, шунингдек, матн ва бадиий безаклар уйғунлигига эришиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, Марказда тайёрланаётган ҳар бир нашр миллий тарихимиз ва бой цивилизацион меросимизни илмий асосда ёритиши, кенг китобхонлар оммаси ҳамда халқаро илмий жамоатчилик учун ишончли маърифий манба бўлиб хизмат қилиши муҳим.
Муҳокама якунида экспертлар томонидан билдирилган таклифлар асосида китобларнинг илмий-мазмуний савиясини юксалтириш, таҳририй сифатини ошириш ва нашрга тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур ишлар Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини илмий нашрлар орқали халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.





