Ўзбекистон–Россия: Россия сенатори 35 йиллик дипломатик алоқалар ва маданий ҳамкорликнинг янги истиқболларини олқишлади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Россия Миллий маркази ўртасидаги маданий ҳамкорлик 2027 йилда Ўзбекистон–Россия дипломатик муносабатларининг 35 йиллиги арафасида янги аҳамият касб этмоқда. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг Маданият, ахборот, туризм ва спорт бўйича доимий комиссияси мажлиси доирасида Марказга ташриф буюрган Россия Федерацияси сенатори Екатерина Алтабаева тарихий меросни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш тажрибасини юқори баҳолаб, икки мамлакат ўртасида кўргазмалар алмашинуви йўналишидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.
Россия Федерацияси сенатори бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муаллифлиги асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида мамлакатнинг кўп асрлик тарихи, буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси, қадимий қўлёзмалар ва тарихий артефактларни намойиш этувчи экспозициялар билан танишди.
Ташриф давомида Россия Федерацияси Федерация Кенгашининг Фан, таълим ва маданият қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Екатерина Алтабаева Марказнинг тарихий меросни сақлаш ва кенг жамоатчиликка етказишдаги ёндашувига юқори баҳо берди.
Унинг таъкидлашича, Марказнинг аҳамияти фақат илғор музей технологияларидан фойдаланиш билан чекланмайди. Бу ерда тарихий тараққиётнинг турли босқичларига оид ноёб мерос намуналарининг ягона концепция асосида жамлангани ҳам алоҳида эътиборга молик. Россиялик сенатор тарихий экспозицияларнинг мазмуни ва уларни тақдим этиш усуллари ташрифчиларда чуқур таассурот қолдиришини таъкидлади. Марказнинг ёшлар тарбияси ва тарихий билимларни оммалаштиришдаги аҳамиятини ҳам алоҳида қайд этди.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — замонавий технологиялар ва ноёб тарихий меросни ўзида уйғунлаштирган ҳайратланарли маскан. Унинг аҳамияти нафақат музейшунослик соҳасидаги энг янги технологиялар қўлланилганида, балки қадимги даврлар, ўрта асрлар ва бугунги кунга оид ноёб артефактлар бир маконда жамланганида ҳам намоён бўлади. Менимча, Ўзбекистонга, хусусан, Тошкентга келган ҳар бир инсон бу Марказни албатта кўриши керак. Бу ердан олинган таассуротлар узоқ вақт ёдда қолади. Айниқса, ёшларнинг Марказга кўпроқ келишини истардим. Улар экскурсияларни тинглаб, экспозициялар билан танишар экан, бу заминнинг нақадар қадимий ва бетакрор эканини, аждодлар томонидан асос солинган анъаналар бугун ҳам давом этаётганини англайдилар», — деди сенатор Екатерина Алтабаева.
Ташриф давомида Россия сенатори икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратди.
У 2027 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги нишонланишини эслатиб, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Россия Миллий маркази ўртасидаги ҳамкорликни муҳим қадам сифатида баҳолади.
Келгуси йили Россия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ислом цивилизацияси маркази билан Россия Миллий маркази ўртасида кўргазмалар алмашинуви бўйича келишув имзолангани ҳам қувонарли. Бу икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган, катта қизиқиш билан кутаётган муҳим воқеа бўлади, — деди Екатерина Алтабаева.
Маълумки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 20 мартда ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз: 2026 йил октябрь ойида Ислом цивилизацияси маркази ва Россия Миллий маркази раҳбарлари ўртасида ўтказилган мулоқотда ҳам 2027 йилда икки мамлакатнинг ўзаро маданият кунларини ташкил этиш, илмий-маданий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда кўргазма ва маърифий тадбирлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундай ташаббуслар тарихий меросни кенгроқ аудиторияга танитиш, музейлар ва илмий муассасалар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма маданий дастурларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.





