Ўзбекистон ва Эрон илмий муассасалари Тошкентда қўшма тадқиқотлар истиқболларини муҳокама қилди
Самарқанд ва Бухородан Тус ва Нишопургача бўлган улкан ҳудудда шаклланган илмий-маънавий мерос халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи муштарак цивилизация тарихининг ажралмас қисмидир. Эроннинг Имом Ризо халқаро университети ректори Иброҳим Донишийфар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ана шу мерос турли халқларнинг ҳиссаси эътироф этилган ҳолда, холис ёндашув ва замонавий технологиялар асосида намойиш этилаётганини юқори баҳолади. Ташриф якунида Ўзбекистон ва Эрон илмий муассасалари ўртасида қўшма тадқиқотлар ва илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Эрон Ислом Республикасининг Имом Ризо халқаро университети ректори Иброҳим Донишийфар бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказий Осиё ва унга туташ минтақаларнинг кўп асрлик тарихи, буюк алломалар илмий мероси ҳамда ислом цивилизацияси тараққиётини ёритувчи экспозициялар билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар тарихий қўлёзмалар, илмий ва маданий мерос намуналари, шунингдек, уларни замонавий рақамли технологиялар орқали тақдим этиш усулларига алоҳида эътибор қаратди.
Имом Ризо халқаро университети ректори Марказнинг муҳим хусусиятларидан бири сифатида тарихий жараёнларни муайян бир халқ ёки мамлакат доирасида эмас, балки турли цивилизациялар ўртасидаги ўзаро таъсир ва муштарак тараққиёт нуқтаи назаридан ёритиш тамойилини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази турли даврларда шаклланган тарихий, илмий ва диний меросни ягона концепция асосида намойиш этиши билан аҳамиятлидир.
Эронлик олим Марказ экспозицияларида Арабистон, Эрон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё халқларининг ислом цивилизацияси шаклланиши ва тараққиётига қўшган ҳиссаси ўзаро боғлиқ тарихий жараён сифатида намойиш этилаётганига эътибор қаратди.
Унинг фикрича, ислом цивилизацияси тарихини тўлақонли англаш учун унда иштирок этган халқларнинг илмий анъаналари, маданий тажрибаси ва маънавий қадриятларини бир-биридан ажратмаган ҳолда ўрганиш муҳимдир. Бундай ёндашув турли минтақаларда яшаб ижод қилган олимлар, мутафаккирлар ва ижодкорларнинг умумий интеллектуал тараққиётга қўшган ҳиссасини кенгроқ тасаввур этиш имконини беради. Шунингдек, у Қуръони каримнинг ислом цивилизациясидаги муштарак маънавий қадрият сифатидаги ўрнига ҳам алоҳида тўхталди. Ректорнинг фикрича, турли мазҳаб ва йўналишларга мансуб мусулмонлар учун умумий муқаддас манба бўлган Қуръони каримнинг Марказ концепциясида муҳим ўрин эгаллаши ислом цивилизациясидаги маънавий муштаракликни кўрсатади.
«Марказий Осиё тарихи ва цивилизацияси, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Тус ва Нишопур каби қадимий шаҳарлар ҳақида сўз юритар эканмиз, уларнинг маданий ва илмий меросини муносиб тарзда намойиш этмасдан туриб, бу цивилизацияни тўлақонли тасаввур қилиш қийин. Менимча, Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — тарихий жараёнлар, инсоният ютуқлари ва турли халқларнинг умумий цивилизацияга қўшган ҳиссасига беғараз назар билан қаралганидир. Бу ерда Арабистон, Эрон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё халқлари яратган цивилизацион мероснинг ўзаро узвий боғлиқлигини кўриш мумкин. Ислом цивилизациясини намойиш этишда турли мамлакатларнинг ҳиссаси эътироф этилгани, Қуръони карим эса турли мазҳаб ва йўналишларга мансуб мусулмонларни бирлаштирувчи муштарак маънавий қадрият сифатида марказий ўрин эгаллагани алоҳида аҳамиятга эга. Мен мансуб бўлган цивилизация меросининг шундай гўзал ва мазмунли тақдимоти айнан шу Марказда яратилганидан фахрланаман», — деди эронлик олим.
Имом Ризо халқаро университети ректори тарихий меросни илмий асосда ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка холис етказиш масаласига ҳам эътибор қаратди.
У бугунги ахборот муҳитида ислом ҳақида турли нотўғри тасаввурлар учраб туришини таъкидлаб, уларни бартараф этишда тарихий манбалар, илмий тадқиқотлар ва маърифий мулоқот муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Унинг фикрича, ислом цивилизациясининг математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, адабиёт ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссасини кенг ўрганиш ушбу цивилизациянинг жаҳон тарихидаги ўрнини янада теран англашга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, тарихий меросни замонавий музей технологиялари орқали намойиш этиш нафақат билим тарқатиш, балки турли маданий анъаналар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тушунтириш имконини ҳам беради.
Эронлик ректор ташриф давомида фақат тарихий мерос билан фахрланиш эмас, балки унинг илмий анъаналарини замонавий тараққиёт билан боғлаш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Унинг фикрича, Ўзбекистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун муштарак цивилизацион илдизлар илмий ҳамкорликни кенгайтириш, технологияларни ривожлантириш ва янги авлод тадқиқотчиларини тарбиялашда муҳим маънавий асос бўлиши мумкин.
«Келажакда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва Эрон халқлари ўз цивилизациясини изчил ривожлантириши учун, аввало, ўз тарихини, илдизларини ва аждодлари меросини яхши билиши зарур. Бироқ ўтмишни англаш билан чекланиб қолмасдан, замонавий технологияларни ривожлантириш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва умумий қадриятлар асосида келажакни биргаликда барпо этиш лозим», — деди Иброҳим Донишийфар.
У Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги тарихий-маданий яқинлик ўзаро тажриба алмашиш ва янги илмий ташаббусларни илгари суриш учун имконият яратишига ишонч билдирди.
Экскурсиядан сўнг Имом Ризо халқаро университети делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олимлари билан учрашди.
Мулоқот давомида икки муассаса ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тарихий-маданий меросни чуқур ўрганиш ва академик алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, муштарак цивилизацион меросни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, тарихий манбаларни ўрганиш ва олинган натижаларни халқаро илмий жамоатчиликка етказиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.





