Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиши хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди. Хусусан, Қатарнинг инглиз тилидаги етакчи газеталаридан бири The Peninsula Qatar, Озарбайжоннинг Report.az ахборот агентлиги ҳамда Қирғизистоннинг 24.kg ахборот агентлиги ушбу халқаро тадбир ҳақида мақолалар эълон қилди. Нашрларда «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси, Миллатлар саройида ўтказилган халқаро илмий конференция ва Ўзбекистоннинг бой тарихий-маънавий меросини ўрганиш, асраш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги Миллатлар саройида ўтказилган халқаро кўргазма ва конференцияда минтақа илмий ва маънавий меросини тақдим этди. Тадбирларда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда маданият арбоблари иштирок этди. Шунингдек, учрашувлар янги илмий ва маданий-маърифий лойиҳаларни муҳокама қилиш майдонига айланди.
БМТнинг Женевадаги бўлинмасида «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ҳамда «Ислом цивилизацияси — Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ва маърифат уфқлари» халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди. Иштирокчилар асосий эътиборни Бухоро, Самарқанд ва Термиздаги илмий марказларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасига, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ғояларининг бугунги кундаги аҳамиятига қаратдилар.
Учрашув 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида бошланган халқаро мулоқотнинг давоми бўлди. Ҳар икки тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган ташаббуси доирасида ташкил этилди. Мазкур ташаббус Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ҳамда халқаро жамоатчиликка кенг тақдим этишни назарда тутади.
«Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмасидан китоблар, илмий ва иллюстрацияли нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётларига бағишланган материаллар ўрин олди. Экспозиция минтақа илмий ва бадиий анъаналарининг бойлигини, шунингдек, авлодлар ўртасида билимлар узвийлигини намоён этди.
БМТнинг Женевадаги бўлинмаси бош директори Татьяна Валовая бундай тадбирларнинг цивилизациялараро мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, у Ислом цивилизацияси марказининг маърифий миссиясига юксак баҳо берди.
Асосий маърузани Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов тақдим этди. У музей фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий йўналишларни ўзида мужассам этган марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.
Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан ташкилот кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Кутилишича, бу Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган материалларни ўрганиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Самарқанднинг турли маданиятлар ва динлар учрашган маскан сифатидаги тарихий ролини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, билимга интилиш инсонларни диний мансублигидан қатъи назар бирлаштира олади.
Тадбир дастури Ўзбекистон, ислом цивилизацияси мероси, Ислом цивилизацияси марказининг замонавий формати ва минтақа буюк мутафаккирларининг асарларига бағишланган учта қисқа метражли фильм билан бойитилди.
Тадбир якунида кўргазмада намойиш этилган барча китоблар БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди. Иштирокчилар, шунингдек, қўшма илмий ва маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, республика Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий ваколатхонаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.





