Қарийб 400 йиллик "Хамса" қўлёзмаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш қилинмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган нодир қўлёзмалар орасида мумтоз адабиётнинг буюк намояндаси Низомий Ганжавийнинг машҳур «Хамса» асари алоҳида аҳамиятга эга.
Низомий Ганжавий қаламига мансуб мазкур «Хамса» қўлёзмаси котиб Ибн Ҳусайн Мурод Али Дамавандий томонидан Сафавийлар даврида, ҳижрий 1061 йил рабиъул-аввал ойининг бошида, милодий 1651 йил 23 февралда кўчирилган бўлиб, қўлёзманинг ўлчами 37,2 × 22,2 сантиметрни ташкил этади.
Қўлёзма 303 варақ ва бир қўшимча варақдан иборат. Сарлавҳалар қизил рангда ёзилган бўлиб, асарда олти дона рангли ва зарҳалланган унвон саҳифаси ҳамда гуаш усулида ишланган 28 та зарҳалланган миниатюра мавжуд.
Жигарранг марокаш терисидан ишланган муқова марказидаги лакланган медальонлар эса қўлёзманинг бадиий қимматини янада оширади. Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си беш достондан ташкил топган: «Махзан ул-асрор», «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар» ва «Искандарнома». Ушбу асарлар Шарқ адабиётининг энг юксак намуналаридан ҳисобланади.
XVII асрда яратилган мазкур қўлёзма ўша давр китобат санъатининг юксак даражасини намоён этади. Кейинчалик у Қожарлар сулоласи шаҳзодаси Фарҳод Мирзо (1818–1888) кутубхонасига киритилган. Форс ва араб қўлёзмаларини тўплашга катта қизиқиш билдирган Фарҳод Мирзонинг кутубхонаси Эрондаги қимматли шахсий тўпламлардан бири бўлган.
Қўлёзма 1881 йил 10 сентябрда, ҳижрий 1298 йил 15 шавволда шаҳзода кутубхонасига қабул қилинган. Бу нодир қўлёзма нафақат буюк шоир ижодининг, балки асрлар давомида сайқал топган китобат, хаттотлик ва миниатюра санъатининг ҳам ноёб намунасидир.





