BERNAMA: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тадқиқотлар учун БМТ архивларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди"
Малайзиянинг BERNAMA ахборот агентлиги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлгани ҳақида хабар берди.
Малайзиянинг BERNAMA миллий ахборот агентлиги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий фаолияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилди.
Мақолада асосий эътибор Марказ ва БМТнинг Женевадаги кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича эришилган келишувга қаратилган. Мазкур келишув Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихига оид манбаларни илмий жиҳатдан ўрганиш учун янги имкониятлар яратади. Агентлик таъкидлашича, БМТ кутубхонаси ва архив материалларидан фойдаланиш минтақанинг тарихига доир шу пайтгача номаълум бўлган маълумотларни тадқиқ этиш имконини беради.
BERNAMA, шунингдек, Женевадаги Миллатлар саройида ташкил этилган «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» халқаро кўргазмаси ҳамда Мовароуннаҳрнинг маънавий ва илмий меросига бағишланган илмий конференция ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.
БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая Марказнинг тарихий меросни замонавий технологиялар ёрдамида намойиш этишга қаратилган ёндашувини юқори баҳолаб, БМТ кутубхонаси ва Марказ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига ишонч билдирди.
Мақолада, шунингдек, Марказ томонидан кўргазмада намойиш этилган китобларнинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига ҳадя қилингани, Бухоро, Самарқанд ва Термиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам сўз юритилган.
BERNAMA агентлигида эълон қилинган мазкур материал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий ташаббуслари халқаро аҳамият касб этаётганини ҳамда БМТ билан илмий-тадқиқот йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини алоҳида таъкидлайди.





