Ўзбекистонда ICESCO билан таълим, илм-фан ва маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган китоб тайёрланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформаси доирасида мамлакат ва Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган янги китоб нашрга тайёрланмоқда. «ICESCO ва Ўзбекистон: сифатли таълим, юксак маданият ва қадриятларга асосланган маърифат — муштарак мақсад» номли нашрда таълим, илмий тадқиқотлар, қўлёзмаларни асраш, маданий меросни тарғиб этиш ҳамда халқаро маърифий мулоқот соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ёритилади.
Мазкур китоб Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихида тутган ўрни, мамлакатда амалга оширилаётган илмий-маърифий ташаббуслар ва ICESCO билан шаклланган институционал алоқаларни яхлит таҳлил қилишга қаратилган.
Нашрда тарихий меросни ўрганиш билан бир қаторда, ундан замонавий таълим, илмий тадқиқотлар ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.
ICESCO — таълим, илм-фан ва маданиятни бирлаштирувчи ташкилот
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти 1982 йилда расман ташкил этилган. Қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида жойлашган ICESCO Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида таълим, илм-фан, маданият ва коммуникация соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга ихтисослашган.
Ташкилотнинг асосий вазифалари таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатлар ўртасида билим ва тажриба алмашишни кенгайтиришдан иборат.
Ўзбекистон билан ҳамкорликда ҳам ана шу йўналишлар устувор аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатнинг кўп асрлик илмий-маънавий мероси, тарихий шаҳарлари ва буюк мутафаккирлар қолдирган асарлар мазкур шериклик учун муҳим илмий ва маданий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Муштарак илмий мерос — ҳамкорликнинг тарихий асоси
Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Хоразм асрлар давомида ислом цивилизациясида илм-фан, диний тафаккур, таълим ва маданий алоқаларнинг муҳим марказлари бўлиб келган.
Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси, Имом Мотуридийнинг ақидавий таълимоти, Баҳоуддин Нақшбанднинг маънавий тарбияга оид қарашлари, Мирзо Улуғбекнинг астрономик тадқиқотлари минтақанинг жаҳон интеллектуал тараққиётидаги ўрнини кўрсатади.
Ушбу мероснинг бугунги аҳамияти уни сақлаш билан чекланмайди. Қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш, янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ва олинган билимларни халқаро аудиторияга етказиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон ва ICESCO ҳамкорлиги ана шу тарихий меросни замонавий илм-фан ва таълим имкониятлари билан боғлашга қаратилган.
Расмий мулоқотдан амалий лойиҳаларгача
Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири — таълим ва илмий тадқиқотлар.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ICESCOнинг Ислом цивилизациясини ўрганиш кафедраси фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги амалий ташаббуслардан биридир.
Мазкур йўналиш ислом цивилизацияси тарихи, илмий мактаблар, араб тили ва диний-маърифий фанларни ўрганиш, шунингдек, талабалар ҳамда тадқиқотчиларнинг халқаро илмий муҳит билан алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши тарихий қўлёзмаларни асраш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш билан боғлиқ.
2021 йилда ICESCO ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида имзоланган меморандумда қўлёзмаларни тиклаш, рақамли мерос, илмий нашрлар ҳамда халқаро анжуманларни ташкил этиш каби йўналишлар белгиланган.
Бундай ҳамкорлик тарихий манбаларни муҳофаза қилиш билан бир қаторда, уларни тадқиқотчилар учун янада қулай ва очиқ шаклда тақдим этиш имкониятларини кенгайтиради.
Шунингдек, Ўзбекистон ва ICESCO доирасида араб тили таълими, ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари ўртасида академик алоқаларни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
2024–2026 йиллар: ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ICESCO ўртасидаги мулоқот таълим, илмий тадқиқотлар ва маданий мерос билан боғлиқ бир қатор халқаро ташаббусларда намоён бўлди.
2024 йил май ойида ташкилот раҳбарияти ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, инновацион дастурлар, талабалар учун стипендиялар ва университетлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўша йилнинг 23–26 август кунлари Ўзбекистондаги ислом цивилиазцияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида Тошкент ва Самарқандда «Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс асоси» мавзусида VIII халқаро конгресс бўлиб ўтди.
40 га яқин мамлакатдан олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашган мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
2025 йилда Самарқанднинг ICESCO томонидан Ислом дунёси маданият пойтахти сифатида эътироф этилиши Ўзбекистоннинг маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишда яна бир муҳим воқеа бўлди.
2026 йил июль ойида эса Ўзбекистонда ICESCO ҳамкорлигида «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусида халқаро Ислом цивилизацияси форуми ташкил этилди.
Форум доирасида Ислом цивилизацияси маркази ва ICESCO ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш бўйича меморандум имзоланди.
Ушбу ташаббус ислом цивилизацияси тарихи, ҳадисшунослик, қўлёзмалар мероси, илм-маърифат ва маданиятлараро мулоқотни ўрганишга ҳисса қўшаётган олимлар ҳамда илмий муассасаларни рағбатлантиришга қаратилган.
Ислом цивилизацияси маркази — халқаро илмий мулоқот майдони
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти тарихий экспонатларни намойиш этиш билангина чекланмайди. Унинг илмий йўналишлари қўлёзмаларни тадқиқ этиш, тарихий билимларни тизимлаштириш, халқаро илмий мулоқотни кенгайтириш ва янги нашрларни тайёрлашни ҳам қамраб олади.
ICESCO билан ҳамкорлик ана шу фаолиятга халқаро мазмун бағишлайди.
Айниқса, қўлёзмалар ва тарихий манбаларни ўрганиш, илмий нашрларни тайёрлаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш икки муассаса манфаатлари туташадиган муҳим йўналишлар ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформаси доирасида тайёрланаётган янги китоб ҳамкорликнинг тарихи, мавжуд натижалари ва истиқболларини кенгроқ жамоатчиликка етказишга қаратилган.
Таълим ва ёш олимлар — узоқ муддатли ҳамкорлик асоси
Ўзбекистон ва ICESCO шериклигининг истиқболи юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, ёш тадқиқотчиларни халқаро илмий лойиҳаларга жалб қилиш ва илмий алоқаларнинг барқарорлигини таъминлаш билан узвий боғлиқ.
Тарихий меросни тадқиқ этиш учун манбашунослик, шарқшунослик, реставрация, тилшунослик, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда замонавий билимларга эга кадрлар зарур.
Бу йўналишда қўшма таълим дастурлари, илмий семинарлар, академик алмашинув ва халқаро тадқиқот лойиҳалари муҳим имкониятлар яратиши мумкин.
Айниқса, ёш олимларнинг халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этиши уларга янги тадқиқот усулларини ўзлаштириш, тарихий манбалар билан ишлаш ва ўз илмий натижаларини кенг аудиторияга тақдим этиш имконини беради.
Мазкур ёндашув тарихий меросни ўрганишни фақат ўтмиш ҳақидаги билимлар билан чекламай, уни замонавий илмий тараққиётнинг муҳим таркибий қисмига айлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва ICESCO ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари қаторида қўлёзмаларни рақамлаштириш, кўп тилли илмий нашрлар тайёрлаш, тарихий манбалар каталогларини яратиш, тадқиқотчилар малакасини ошириш ҳамда халқаро илмий конференциялар ташкил этиш каби ташаббусларни кўрсатиш мумкин.
Ушбу йўналишлар бўйича келгусидаги натижалар аниқ дастурлар, молиялаштириш механизмлари ва институционал келишувларга боғлиқ бўлади.
Шу нуқтаи назардан, ҳамкорлик самарадорлигини амалга оширилган тадқиқотлар, тайёрланган мутахассислар, нашр этилган илмий асарлар, сақлаб қолинган тарихий манбалар ва қўшма лойиҳалар натижалари асосида баҳолаш муҳимдир.
«ICESCO ва Ўзбекистон: сифатли таълим, юксак маданият ва қадриятларга асосланган маърифат — муштарак мақсад» китобининг нашрга тайёрланаётгани ана шу ҳамкорликни тизимли ёритиш, унинг амалий натижалари ва келгуси истиқболларини кенг аудиторияга тақдим этишга қаратилган навбатдаги илмий-маърифий ташаббусдир.





