Agenda Nexus: “Женевада БМТ доирасида Марказий Осиёнинг маданий мероси намойиш этилди”
Швециянинг Agenda Nexus — Дипломатия ва халқаро муносабатлар институти нашрининг расмий веб-сайтида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси Женевадаги БМТ майдонида халқаро ҳамжамиятга тақдим этилгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази иштирокида ташкил этилган халқаро конференция ва «Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар» кўргазмаси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган ташаббуси, шунингдек, БМТ кутубхонаси ва архивлари билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ёритилган. Муаллиф Марказий Осиёнинг бой илмий ва маданий мероси халқаро мулоқот, маданиятлараро англашув ва тинчликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлайди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 22 октябрь куни Женевадаги БМТ майдонида ташкил этилган кўргазма ва халқаро конференция орқали Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Женева, 2026 йил 22 октябрь
Ўзбекистон цивилизацияларнинг муштарак билим мероси борасидаги халқаро мулоқотни мустаҳкамламоқда
Марказий Осиёнинг илм-фан, фалсафа ва диний тафаккур ривожига қўшган тарихий ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан минтақанинг интеллектуал ва маданий мероси Женевадаги БМТ офисида тақдим этилган тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.
Миллатлар саройида ташкил этилган халқаро конференция ва кенг қамровли кўргазма орқали билим, маданий англаш ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти, геосиёсий зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги даврда уларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда маданият намояндалари иштирок этди. Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг Марказий Осиё тарихий ва илмий меросини халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва тушунарли қилиш, шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро маданий ва дипломатик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.
Париждаги ЮНЕСКОдан Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача
«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» деб номланган конференция Бухоро, Самарқанд ва Термизда шаклланган илмий анъаналарнинг жаҳон билимлари тараққиётига қўшган ҳиссасини ёритиб берди.
Женевадаги учрашув 2026 йил 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу ташаббуснинг замирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган таклифи мужассам. Давлат раҳбари ўша нутқида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини чуқур илмий ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Мазкур ташаббус Марказий Осиёни илм-фан, дин ва маданий алмашинувнинг тарихий маркази сифатида намоён этиш, шунингдек, ушбу муштарак меросдан халқаро мулоқотни ривожлантириш йўлида фойдаланишга қаратилган интилишни ифодалайди.
Илм-фан ва цивилизациялар ўртасидаги муштаракликни намоён этувчи маданий мерос
Конференция «Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар» номли кўргазма билан бошланди.
Экспозициядан илмий нашрлар, безакли китоблар, миниатюралар ҳамда Марказий Осиёнинг машҳур мутафаккирлари ва уларнинг кашфиётларига бағишланган тарихий материаллар ўрин олди.
Кўргазма орқали минтақанинг илмий ва бадиий анъаналари, шунингдек, билимларнинг шаклланиши, асраб-авайланиши ва авлоддан авлодга ўтиб келиши жараёнлари намойиш этилди.
Тадбирнинг асосий ғояларидан бири Марказий Осиё тарихи фақат минтақавий маданий мерос эмас, балки инсониятнинг умумий илмий ва интеллектуал тараққиётининг ҳам муҳим қисми эканини таъкидлашдан иборат бўлди.
БМТ маданий англаш ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади
Конференциянинг очилиш нутқлари Женевадаги БМТ офиси бош директори Татьяна Валовая ҳамда Ўзбекистоннинг БМТ ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Элдор Тошматов томонидан сўзланди.
Татьяна Валовая цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, халқлар ва жамиятларнинг бир-бирлари ҳақидаги тарихий ҳамда маданий билимларини ошириш ўзаро ишонч ва тушунишни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига ҳам юқори баҳо бериб, унинг тарихий меросни замонавий технологиялар ва таълим усуллари билан уйғунлаштириш қобилиятини алоҳида эътироф этди.
Валоваянинг таъкидлашича, марказ XXI аср талабларига мос муассаса бўлиб, айниқса, ёш авлодга етиб бориш ва уларни жалб қилиш учун катта имкониятларга эга.
Шунингдек, у марказ билан Женевадаги БМТ офиси кутубхонаси ўртасида режалаштирилаётган ҳамкорликни олқишлади.
Конференциянинг очилиш сессиясида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам иштирок этди.
БМТ кутубхонаси ва архивлари илмий тадқиқотлар учун янги имкониятлар очмоқда
Конференциядаги асосий маъруза Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU) раиси Фирдавс Абдухолиқов томонидан тақдим этилди.
У марказнинг халқаро миқёсдаги вазифалари ҳақида сўз юритиб, музей фаолияти, академик тадқиқотлар ва таълим ташаббуслари ягона институционал тизим доирасида бирлаштирилаётганини таъкидлади.
Абдухолиқов Президент Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуси энди аниқ халқаро тадбирлар ва амалий ишлар орқали рўёбга чиқарилаётганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Париждаги ЮНЕСКО ва Женевадаги БМТ майдонларида ўтказилган тақдимотлар Ўзбекистоннинг тарихий ва интеллектуал меросига нисбатан халқаро қизиқишни сезиларли даражада оширган.
Конференциянинг муҳим янгиликларидан бири Женевадаги БМТ офиси раҳбарияти билан илмий тадқиқотлар мақсадида ташкилот кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилгани ҳақидаги маълумот бўлди.
Бу Марказий Осиё ва Ўзбекистон тараққиётига оид тарихий ҳужжатлар ҳамда илгари кам ўрганилган манбаларни аниқлаш ва тадқиқ этиш учун янги имкониятлар яратиши мумкин.
Шу тариқа, мазкур ҳамкорлик минтақанинг тарихи ва маданий меросини ўрганишга қаратилган халқаро илмий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Марказий Осиё мутафаккирлари ва уларнинг бугунги жамият учун аҳамияти
Конференциянинг муҳим қисми исломий тафаккур ва илм-фан тарихида катта ўрин тутган уч буюк аллома — Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросига бағишланди.
Уларнинг илмий фаолияти Бухоро, Термиз ва Самарқандда шаклланган илм-фан анъаналари билан чамбарчас боғлиқдир.
Муҳокамаларда илмий ишончлилик, манбаларни танқидий таҳлил қилиш, билимларни етказиш, ахлоқий масъулият ҳамда эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат каби масалалар кўриб чиқилди.
Бу мавзулар, айниқса, бугунги кунда жамиятлар дезинформация, диний қарама-қаршиликлар ва турли маданий ҳамда диний анъаналар ўртасидаги тушунмовчиликлар каби муаммоларга дуч келаётган бир пайтда долзарб аҳамият касб этади.
Женева дипломатик доираси раиси Роберт Блум Самарқанднинг турли диний ва маданий қарашларга эга инсонлар учрашадиган тарихий маскан сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.
У диний эътиқодлардаги фарқлар ўзаро тушунишга тўсиқ бўлиши шарт эмаслигини қайд этди. Аксинча, билим олишга бўлган муштарак интилиш ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик учун замин яратиши мумкинлигини таъкидлади.
Берлиндаги Cultur-Cooperation International ташкилоти директори, WOSCU аъзоси Кэтлин Гёбель тинчликни таъминлаш йўлидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига эътибор қаратди.
У можаролар, қўрқув ва инсон азоб-уқубатлари билан тўла дунё муаммоларини ҳал этиш учун ҳукуматлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади.
БМТнинг Latter-day Saint Charities ташкилоти билан алоқалар бўйича вакили Крейг Тейлор ҳам Имом Мотуридий ва Абу Райҳон Беруний қарашларининг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталди. У диний мансублигидан қатъи назар, ҳар бир инсон тинч-тотув яшаш муҳитини шакллантиришга ҳисса қўшиш масъулиятига эга эканини таъкидлади.
Илм-фан, маърифат ва бағрикенглик — асосий эътибор марказида
Конференциянинг илмий сессияси Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов раҳбарлигида ўтказилди.
У Марказий Осиё олимларининг тарихий кашфиётлари ва уларнинг халқаро илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов бугунги жамиятда маърифат ва бағрикенгликнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов алломанинг интеллектуал мероси доирасида ақл, мўътадиллик ва ахлоқий масъулият масалаларини таҳлил қилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев Имом Бухорий ва Имом Термизий томонидан ишлаб чиқилган манбаларни ўрганиш ва ҳадисларнинг ишончлилигини текшириш усуллари ҳақида маълумот берди.
Илмий тақдимотлар тарихий билим анъаналари замонавий таълим, илмий методология, диний англаш ва жамият олдидаги масъулиятга доир мунозараларга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини кўрсатди.
Маданият ва замонавий технологиялар — халқаро билим алмашинуви воситаси
Конференция давомида Ўзбекистон ва ислом цивилизациясининг маданий мероси, янги цивилизация марказининг музей фаолияти, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг интеллектуал меросини ёритувчи учта қисқа метражли фильм намойиш этилди.
Фильмларда рақамли технологиялар, визуал ҳикоя қилиш усуллари ва замонавий музей педагогикаси тарихий ҳамда илмий билимларни кенг халқаро аудиторияга етказишда қандай қўлланилиши мумкинлиги кўрсатилди.
Ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кўргазмада тақдим этилган барча китобларни Женевадаги БМТ офиси кутубхонасига совға қилди.
Ушбу китоблар БМТнинг халқаро билимлар муҳитида Марказий Осиёга оид илмий ва тарихий нашрлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Халқаро ҳамкорлик ва келгусидаги истиқболлар
Конференция илмий тадқиқотлар, маданий ташаббуслар ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилиш билан якунланди.
Расмий дастурдан сўнг Миллатлар саройида анъанавий ўзбек таомлари тақдим этилган қабул маросими ташкил этилди. Ушбу тадбир дипломатлар, олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида норасмий мулоқотлар ўтказиш учун қўшимча имконият яратди.
Конференция Ўзбекистоннинг бир қатор муассасалари ва халқаро ҳамкорлар иштирокида ташкил этилди. Улар қаторида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда WOSCU бор.
Ташкилотларнинг кенг кўламда иштирок этиши Ўзбекистон тарихий меросини халқаро миқёсда танитиш мақсадида илмий, маданий ва дипломатик ресурсларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Таҳлил. Маданий мерос — дипломатия, илм-фан ва халқаро муносабатлар ўртасидаги кўприк
Женевадаги ташаббусни Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларда маданий ва илмий дипломатиядан тобора кенгроқ фойдаланиш стратегиясининг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин.
Марказий Осиёнинг илмий тарихи ва диний тафаккур меросини намоён этиш орқали мамлакат цивилизациялар, билим ва маданий алмашинувнинг тарихий маркази сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Дипломатик нуқтаи назардан, бу ташаббуснинг аҳамияти фақат тарихий ютуқларни намойиш этиш билан чекланмайди. Маданий мерос университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик доиралар ўртасида янги алоқалар ўрнатиш учун ҳам имконият яратади.
Тадбирларнинг Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартираси ва Женевадаги БМТ офисида ўтказилгани ташаббуснинг халқаро миқёсдаги кўринишини янада кучайтириб, Марказий Осиёнинг билим ва тафаккур меросини кенг кўп томонлама ҳамкорлик доирасига олиб чиқди.
Шу билан бирга, ташаббуснинг узоқ муддатли аҳамияти таклиф этилган ҳамкорлик имкониятлари қай даражада аниқ илмий лойиҳалар, институционал шерикликлар ва барқарор билим алмашинувига айланишига боғлиқ бўлади.
Айниқса, БМТ кутубхонаси ва архивлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Чунки бу илмий тадқиқотлар учун янги тарихий манбалардан фойдаланиш имконини яратиб, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга замин ҳозирлайди.
Хулоса
Женевадаги Миллатлар саройида ўтказилган конференция тарихий ва маданий мерос замонавий халқаро мулоқот учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатди.
Илмий тадқиқотлар, тарихий билимлар ва дипломатик ташаббусларни бирлаштириш орқали Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, турли маданий ва диний анъаналарга мансуб инсонлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишга интилмоқда.
Можаролар ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган халқаро муҳитда ушбу ташаббус илм-фан, таълим ва муштарак маданий мерос мулоқот ҳамда тинчлик йўлидаги ҳамкорлик воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини эслатади.
Шу боис мазкур саъй-ҳаракатларнинг узоқ муддатли қиймати фақат ўтмишни асраб-авайлаш билан эмас, балки тарихий билимлардан келажакдаги халқаро муносабатларни ривожлантириш йўлида фойдаланиш имкониятлари билан ҳам белгиланади.





