Боғдорчилик бўйича энг қадимий туркий рисола «Равнақи бўстон» факсимилеси билан ўзбек тилида нашр этилди
Муаллифи узоқ вақт номаълум ҳисобланган боғдорчилик бўйича қадимий туркий рисола «Равнақи бўстон» Темурийлар даврида Самарқанд илмий муҳитида етишиб чиққан буюк астроном, математик ва мутафаккир, Мирзо Улуғбек илмий мактабининг йирик намояндаларидан бири – Али Қушчи оиласининг илмий мероси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Истанбулдаги қўлёзмалар ва Усмонлилар архивига оид маълумотлар асосида илгари сурилган ушбу тахмин асарнинг муаллифини аниқлаш борасидаги тадқиқотларда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Рисола нафақат ўрта аср боғдорчилик анъаналарини, балки туркий тилнинг тарихий луғат бойлиги ва Марказий Осиё ҳамда Анадўли ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни ўрганиш учун ҳам қимматли манбадир. Ушбу нодир асар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU делегациясининг 2024 йил 16–19 сентябрь кунлари Истанбулга амалга оширган хизмат сафари тарихий қўлёзмаларни ўрганиш ва уларни ўзбек китобхонларига етказиш борасидаги янги ташаббусларга туртки берди.
Сафар давомида делегация Туркиянинг музейлари, кутубхоналари ва олий таълим муассасаларида сақланаётган Ўзбекистон тарихи ва буюк алломалар мероси билан боғлиқ экспонатлар, архив ҳужжатлари ҳамда нодир қўлёзмалар билан танишди.
Ана шу илмий мулоқотлар жараёнида «Равнақи бўстон» асарини ўзбек тилига таржима қилиш, матнини замонавий ёзувга табдил этиш ва қўлёзманинг факсимиле нусхаси билан биргаликда нашр этиш таклифи илгари сурилди.
Туркий боғдорчилик тарихининг нодир манбаси
«Равнақи бўстон» Анадўлида қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчиликка оид туркий тилда ёзилган энг қадимги рисолалардан бири сифатида илмий адабиётларда тилга олинади.
Асар ўзида ўсимликлар, боғдорчилик анъаналари, халқ йил ҳисоби, табиатга оид тушунчалар ва турли эътиқодлар билан боғлиқ терминларни жамлагани билан аҳамиятлидир.
Қишлоқ хўжалиги тарихига оид бундай манбаларнинг нисбатан кам сақлангани «Равнақи бўстон»нинг илмий қийматини янада оширади.
Ушбу рисола фақат боғдорчилик ҳақидаги амалий билимларни эмас, балки ўша даврдаги туркий тилнинг луғат бойлиги, илмий атамалар тизими ва халқнинг табиат ҳақидаги тасаввурларини ҳам ўрганиш имконини беради.
Асарда учрайдиган айрим тушунчалар бугунги туркий тилларда кенг қўлланилмайди. Шу сабабли унинг матни тилшунослар, манбашунослар, маданият тарихи ва қишлоқ хўжалиги тарихи тадқиқотчилари учун алоҳида аҳамиятга эга.
Истанбулдан ўзбекча нашргача
2024 йил декабрь ойида Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез асарнинг 2000 йилда Туркияда профессор Зафар Ўнлар томонидан нашрга тайёрланган нусхасини ўзбекистонлик тадқиқотчиларга тақдим этди.
Ушбу илмий нашрда «Равнақи бўстон» матни, унинг тил хусусиятлари ва луғат бойлиги ўрганилган. Китобга Аё София қўлёзмалар фондида сақланаётган нусханинг факсимилеси ҳам киритилган.
Зафар Ўнлар тайёрлаган тадқиқот уч асосий қисмдан — кириш, матн ва луғатдан иборат.
Кириш қисмида асарнинг қўлёзма нусхалари, мазмуни ва муҳим тил хусусиятлари ҳақида маълумот берилган.
Матн қисми Аё София фондидаги қўлёзмага асосланган бўлиб, сатрлар рақамланиши ҳам мазкур нусхага мувофиқ амалга оширилган. Бошқа икки нусха билан қиёслаш имкониятини яратиш мақсадида уларга оид маълумот ва қиёсий материаллар ҳам тақдим этилган.
Луғат қисмида эса тарихий атамалар, ўзига хос маънода ишлатилган сўз ва иборалар, шунингдек, бугунги туркий тилларда кам қўлланиладиган лексик бирликларга изоҳ берилган.
Ўзбекча таржимани тайёрлашда айнан ушбу 2000 йилги илмий нашр асос қилиб олинди. Ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида асарнинг айрим тарихий ва лексик изоҳлари таржима матнига сингдирилди.
Муаллиф ким? Архив ҳужжатлари нимани кўрсатмоқда?
«Равнақи бўстон» билан боғлиқ энг қизиқарли илмий масалалардан бири — унинг муаллифини аниқлашдир.
Аввалги тадқиқотларда асарнинг муаллифи номаълум экани қайд этилган. Рисоланинг кириш қисмидаги маълумотлар асосида у Эдирна ҳудудида ёзилган бўлиши мумкинлиги билдирилган.
Бироқ янги тадқиқот жараёнида Ўзбекистон олимлари асарнинг Қози Абдураҳмон исмли тарихий шахсга алоқадорлигини ўрганишга киришди.
Бу борада Туркия Давлат архивлари бошқармаси Усмонли архивида сақланаётган IE.ENB 3, 302 рақамли ҳужжатга эътибор қаратилди.
Иззатли султоним марҳаматли ҳазратлари соғ бўлсин!
Ҳоло марҳум Али Қушчизода Абдураҳмон Афандининг вақфиндан далтатуқо қазосидан. Уч куз ва кирмони мазбуридан қарбинда. Ва кирмони қазои Курмунжинада олти қитъа дўконлари ва бардикирмони бу мазкуралар ғасбан, забт этилиб вақфайн кунли узруруб, но бакри аҳкоми шаръий ижро этмаяюб, воқиф мазбури мадрасаси ва жомиъ муаттал қолдиғи ажлидин, қазлил Эдирна афандиси ҳузуринда ижрои ҳақ ўлмоғи....
Ҳижрий 1084 йилга оид мазкур ҳужжатда Али Қушчизода Абдураҳмон Афанди номи тилга олинади. Ҳужжат Али Қушчи авлодига мансуб Абдураҳмон Афанди масжиди ва мадрасаси вақфлари билан боғлиқ мулкий низо ҳақидаги мурожаатни ўз ичига олади.
Унда Диметока ва Гумулжи туманларидаги вақф мулкларининг эгалланиши, шунингдек, масжид ва мадраса фаолияти билан боғлиқ муаммолар баён этилган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур архив ҳужжати Али Қушчининг ўғли Абдураҳмон Афанди тарихий шахс сифатида мавжуд бўлгани ва унинг номи Усмонлилар даври ҳужжатларида қайд этилганини кўрсатади.
Муаллифликка оид яна бир муҳим далил «Равнақи бўстон» қўлёзма нусхаларидан бирининг бошланиш қисмида учрайди.
Унда қизил сиёҳ билан асар марҳум Али Қушчизода Қози Абдураҳмон Афандига мансублиги ҳақида қайд битилган.
Китоб муқаддимасида “Марҳум Али Қушчизода Қози Абдурраҳмон Афанди марҳумнинг “Равнақи бўстон” номли китобидир деб ёзилганлигини, сўнг “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим Ҳамди бепоён ва шукри фаровон холиқи осмон ва розиқи инсу жон ҳазратигаким, хоки поки гузидаи чор аносир ва наҳли одамни ондин зоҳир этиб, фуруъин анбиёи кибор ва ҳар бирининг меваи ҳикматини бешумор ила пурбор aйлади...” дея давом эттирилганини кўрамиз.
Мазкур қайд ва архив ҳужжати асосида ўзбекистонлик тадқиқотчилар «Равнақи бўстон» асарининг муаллифи буюк математик ва астроном Али Қушчининг ўғли Қози Абдураҳмон бўлиши мумкин, деган илмий хулосани илгари сурмоқда.
Бироқ бу атрибуцияни якуний тасдиқлаш учун қўлёзма нусхаларининг яратилиш ва кўчирилиш саналари, уларнинг матний тафовутлари ҳамда архив далилларини қиёсий ўрганиш муҳим.
Юнон ва мусулмон олимлари мероси бир асарда
«Равнақи бўстон»нинг яна бир ўзига хос жиҳати унда турли илмий анъаналарга мурожаат қилинганидир.
Асар мазмуни муаллифнинг боғдорчилик соҳасига чуқур қизиққанини, ўсимликлар ва уларни парваришлашга оид билимларни тизимлаштиришга интилганини кўрсатади.
Матнда юнон илмий анъанасига мансуб Сагрис, Кастос, Сорион ва Янбушад каби номлар учрайди. Шунингдек, мусулмон олимларидан Тоҳири Канъоний тилга олинади.
Мазкур маълумотлар асарнинг фақат маҳаллий деҳқончилик тажрибасига эмас, балки турли давр ва минтақаларда шаклланган билимларга ҳам таянганлигини кўрсатади.
Муаллифнинг юнон тилидаги манбалардан бевосита фойдалангани ҳақидаги қараш ҳам тадқиқотда илгари сурилган.
Шу жиҳатдан, «Равнақи бўстон» туркий қишлоқ хўжалиги тарихи билан бир қаторда, илм-фан тарихидаги маданий алоқаларни ўрганиш учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Али Қушчи мероси ва халқаро илмий мулоқот
«Равнақи бўстон»нинг ўзбекча нашри устидаги ишлар буюк аллома Али Қушчи меросига халқаро қизиқиш кучайган даврда амалга оширилди.
2024 йил Али Қушчи вафотининг 550 йиллиги муносабати билан унинг илмий фаолиятини ўрганишга бағишланган қатор халқаро тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, 18–20 ноябрь кунлари Истанбулда Туркия Фанлар академияси ва Истанбул Маданият университети Илм тарихи институти ҳамкорлигида халқаро Али Қушчи симпозиуми ўтказилди.
Анжуманда олимнинг астрономия, математика, мантиқ, тилшунослик ва фалсафа соҳаларига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Шунингдек, Истанбулда «Самарқанддан Истанбулга: Али Қушчи ва унинг илмий муҳитига оид қўлёзмалар» мавзусида кўргазма ташкил этилди.
Илмий мулоқотлар давомида Али Қушчи ҳаёти ва меросига бағишланган халқаро симпозиумнинг навбатдаги тадбирларини Ўзбекистонда, жумладан, Самарқандда ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Али Қушчининг Самарқандда шаклланган илмий фаолияти ва кейинчалик Усмонлилар давлати илмий муҳитига қўшган ҳиссаси Марказий Осиё ҳамда Анадўли ўртасидаги тарихий интеллектуал алоқаларнинг муҳим намунасидир.
Шу маънода, унинг оиласига нисбат берилаётган «Равнақи бўстон» асарининг ўрганилиши икки минтақа илмий тарихининг ҳали етарлича тадқиқ этилмаган саҳифаларини очиш имконини бериши мумкин.
Қадимий қўлёзмадан замонавий китобхонгача
«Равнақи бўстон»нинг ўзбек тилига таржима қилиниши тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш ва уларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ишлардан биридир.
Асарнинг факсимиле нусхаси билан биргаликда нашр этилиши тадқиқотчиларга унинг асл матни, имло хусусиятлари ва тарихий лексикасини бевосита ўрганиш имконини беради.
Айниқса, туркий тилдаги қадимий деҳқончилик ва боғдорчилик атамалари, халқ тақвими ҳамда табиат ҳақидаги тасаввурларнинг сақланиб қолгани рисоланинг маданият тарихи учун аҳамиятини янада оширади.
«Равнақи бўстон»нинг янги ўзбекча нашри буюк Али Қушчи илмий муҳитига оид тадқиқотларни кенгайтириш, қадимий туркий ёзма меросни ўрганиш ва Ўзбекистон ҳамда Туркия олимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Энг муҳими, мазкур нашр боғдорчилик ҳақидаги қадимий билимларнинг ўзи билан бирга, туркий халқлар интеллектуал меросининг ўрганилмаган қирраларини ҳам замонавий китобхонга етказиш имконини беради.
Алимардон Ҳайитов,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими,
филология фанлари номзоди





