Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакатнинг тарихий ва маънавий алоқаларини чуқур ўрганиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий-тадқиқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, музейлар раҳбарлари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм иштирокчиларга тақдим қилинди. Марказ нашрларидан иборат китоблар кўргазмаси орқали меҳмонлар мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси билан танишиш имконига эга бўлди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, муштарак қадриятлар ва стратегик шериклик муносабатларининг аҳамиятини таъкидлади. У Буюк ипак йўли асрлар давомида халқлар ўртасида билим ва маданий ютуқлар алмашинувига хизмат қилганини қайд этиб, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий ва Муҳаммад Фузулий каби алломалар мероси икки халқни бирлаштирувчи умуминсоний бойлик эканини таъкидлади.
Биз, олимлар, тадқиқотчилар ва ҳамкасблар биргаликда илмий факультетлар ва институтлар ўртасидаги ҳамкорлигимизнинг муқаддас ришталарини янада мустаҳкамламоқдамиз. Биз умумий тарихий хотирамизни биргаликда ўрганиш ва ривожлантириш, ёш тадқиқотчилар учун дастурларни амалга ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан манфаатдормиз. Энг муҳими, бугунги конференция айнан шу мақсадга бевосита хизмат қилмоқда.
Дипломатия эшиклари очиқ. Илмий кўргазмалар фаолият юритмоқда. Маданий мерос галереялари ўз имкониятларини намоён этиш фурсати келишини кутмоқда. Шундай экан, Ислом цивилизацияси маркази бу борада мулоқот учун янги ва чинакам ноёб майдонга айлансин! Боку ва Тошкент ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар алоқалар янада мустаҳкамлансин!, - деди элчи.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида Марказнинг асосий ғояси, унинг илм-маърифатни тарғиб этиш ва аждодлар меросини келажак авлодларга етказишдаги ўрнига тўхталди.
Халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар исломдан олдинги даврларга ҳам бориб тақалади. Кейинги асрларда ислом цивилизацияси бу алоқаларни янада бойитди. Олимлар бир-биридан ўрганди, китоблар бир юртдан бошқасига тарқалди, бир заминда туғилган ғоя бошқасида ривожланди. Ибн Сино ва унинг озарбайжонлик шогирди Баҳманёр, Насириддин Тусийнинг Мароғадаги ва Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги илмий мактаблари ана шу боғлиқликнинг ёрқин мисолидир. Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Алишер Навоийга илҳом берди. Навоий туркий тилда ўз “Хамса”сини яратди. Унинг ижоди эса озарбайжон шоири Кишварийга кучли таъсир кўрсатди.
Тошкентда сақланаётган бир қўлёзмада Навоий ва Фузулий асарлари бир муқова остида жамланган. Икки буюк шоир — бир китобда! Бугун бу яқинлик Ҳурматли Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг ўзаро ишончи ва амалий ишларида давом этмоқда. Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабни икки давлат раҳбари биргаликда очдилар. Фузулий номидаги шаҳар. Улуғбек номидаги мактаб. Унда билим олаётган болалар. Тарих билан бугунги кун ана шундай учрашади. Буюк аждодларимизнинг номлари янги авлодни илмга чорлайди, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Анжуман доирасида икки халқнинг мусиқий мероси, хусусан, Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ўртасидаги муштараклик ҳам эътироф этилди. Миллий мусиқа анъаналари халқларнинг маънавий яқинлигини ифода этувчи муҳим маданий бойлик сифатида намоён бўлди.
Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратмоқда. Тарихий яқинлик, муштарак маданият, маънавий қадриятлар ва ягона маданий маконга мансублик давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштирмоқда. Айнан мана шу жиҳатларда Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош халқларини бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий алоқаларни кўрамиз. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломалар мероси туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий муносабатлар асрлар давомида нақадар мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади. Буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойиллар ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжоннинг диний муассасалари ва уламолари билан диний-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр, - деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.
Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Мазкур келишув тарихий меросни биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Бизни қадим-қадимдан турли даврлар ва сулолалар бирлаштириб келган. Темурийлар, Сафавийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа кўплаб сулолалар даврида аждодларимиз бир заминда яшаб, муштарак тарих, дин, маданият ва маънавий қадриятлар асосида ривожланган. Бугун биз уларнинг бой мероси ва эзгу анъаналарини давом эттириб, қўшма лойиҳалар, илмий учрашувлар ва халқаро конференциялар орқали ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаяпмиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг ўзаро ташрифлари, илмий мулоқотлари бу алоқаларнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатингиз, балки бутун туркий дунё учун ҳам улкан аҳамиятга эга бўлган мегалойиҳадир. Айниқса, бой тарихий мероснинг замонавий технологиялар ва ёш авлодга мос форматлар орқали тақдим этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги тадбир ҳам халқларимиз ўртасидаги тарихий ришталарни мустаҳкамлаш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади деб ўйлайман, - деди Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли.
Анжуман якунида Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ижрочилари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Миллий санъат намуналари икки халқнинг бой маданий мероси ва муштарак маънавий қадриятларини яна бир бор намоён этди.
Бокуда ўтказилган халқаро анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк аждодлар меросини кенг тарғиб қилиш ва замонавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.





