Исо Ҳабиббейли: “Ислом цивилизацияси маркази бутун туркий дунё учун улкан аҳамиятга эга”
2026 йил 26 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар, буюк алломалар меросини ўрганиш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Анжуманда сўзга чиққан Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли халқларимизни асрлар давомида бирлаштириб келган муштарак қадриятлар, бугунги илмий алоқалар ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Бизни қадим-қадимдан турли даврлар ва сулолалар бирлаштириб келган. Темурийлар, Сафавийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа кўплаб сулолалар даврида аждодларимиз бир заминда яшаган, бир дарёдан сув ичган, бир динга эътиқод қилган, бир тилда гапирган. Бугун биз уларнинг ишларини давом эттириб, биргаликда турли лойиҳаларни амалга оширяпмиз, халқаро конференциялар ўтказяпмиз. Ўзбекистонда ташкил этиладиган кўплаб анжуманларга таклиф этиламиз, ўзбек олимлари ва тадқиқотчилари ҳам Бокуда бўлиб, биз билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун туркий дунё учун улкан аҳамиятга эга бўлган мегалойиҳадир. У орқали аждодларимиз тарихини, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ англаяпмиз. Айниқса, тарихий ва илмий мероснинг ёш авлодга тушунарли, уларнинг қизиқишларига мос замонавий форматларда тақдим этилаётгани муҳим. Бугунги тадбир ҳам ўзаро ҳамкорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди Исо Ҳабиббейли.
Олимнинг фикрича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий яқинлик бугунги илмий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Турли даврларда яшаб ижод қилган алломалар, уларнинг илмий кашфиётлари ва маънавий мероси икки халқнинг умумий тарихий хотирасини бойитган. Ушбу меросни биргаликда ўрганиш эса нафақат ўтмишни чуқур англаш, балки келажак авлод учун муҳим илмий ва маърифий манбаларни яратиш имконини беради.
Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида тарихий манбалар ва буюк мутафаккирлар меросининг замонавий технологиялар орқали тақдим этилиши ёшларнинг аждодлар илмий салоҳиятига бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Марказнинг халқаро миқёсдаги фаолияти туркий халқларнинг умумий маданий бойликларини кенг тарғиб қилиш ва илмий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Анжуман доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишув тарихий меросни биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
Бокудаги учрашув Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик фақат бугунги муносабатлар билан чекланмасдан, асрлар давомида шаклланган тарихий ва маънавий яқинликка таянишини яна бир бор намоён этди. Аждодлар меросини биргаликда ўрганиш, илмий мулоқотни кенгайтириш ва ёш авлодга етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.





