Фирдавс Абдухолиқов: буюк аждодлар мероси халқларимизни яқинлаштиради
Боку шаҳрида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов маъруза қилиб, икки халқнинг муштарак тарихий илдизлари, буюк алломалар мероси ва илмий-маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятлари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини асрлар давомида шаклланган муштарак тарих, маънавий қадриятлар ва бой маданий мерос бирлаштириб келган. Бу яқинлик нафақат умумий тарихий хотирада, балки икки халқ етиштирган алломалар, мутафаккирлар ва санъат намояндалари ижодида ҳам яққол намоён бўлади.
Фирдавс Абдухолиқов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат халқимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш, балки уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилмоқда. Марказда буюк аждодларимизнинг илмий кашфиётлари, маънавий мероси ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашувлар асосида намоён этилган. Бу ташаббус тарихий хотирани тиклаш, ёш авлодни илм-маърифат руҳида тарбиялаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига қўшган ҳиссасини халқаро ҳамжамиятга етказишда муҳим аҳамият касб этади, — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Маърузада Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари қадимдан турли цивилизациялар, илм-фан ва маданият марказлари сифатида тараққий этгани қайд этилди. Зардуштийликнинг муқаддас манбаси бўлган “Авесто”да илгари сурилган эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал ғоялари минтақамизнинг муштарак маънавий меросини ифодаловчи муҳим қадриятлардан бири сифатида тилга олинди. Боку шаҳридаги Оташгоҳ ҳам ушбу ҳудудларда шаклланган қадимий эътиқодлар ва маданий алоқалар тарихини ўрганишда муҳим манбалардан ҳисобланади.
Икки халқнинг илмий алоқалари буюк мутафаккирлар меросида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Абу Али ибн Сино ва озарбайжонлик файласуф Баҳманёр ўртасидаги илмий-маънавий боғлиқлик, Баҳманёрнинг Тошкентда сақланаётган “Ат-Таҳсил” асари қўлёзмаси минтақадаги илм-фан анъаналари ўзаро уйғун ривожланганидан далолат беради. Шунингдек, Насириддин Тусийнинг Мароға расадхонаси ҳамда Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги илмий мактаби Шарқда астрономия ва аниқ фанлар тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Адабиёт соҳасида ҳам муштарак мерос намуналари кўп. Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си, Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулийнинг ижоди туркий ва форсий адабий анъаналар ўртасидаги яқинликни намоён этади. Фузулий асарларининг қўлёзмалари, жумладан, Тошкентда сақланаётган нодир манбалар икки мамлакат олимлари учун қўшма тадқиқотлар олиб боришда муҳим асос бўла олади.
Марказ директори Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий алоқалар фақат илм-фан ва адабиёт билан чекланиб қолмаслигини, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва меъморчилик соҳаларида ҳам намоён бўлишини таъкидлади. Бокудаги Бухоро карвонсаройи, шунингдек, Ҳожи Зайналобиддин Тагиев ва Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон билан боғлиқ тарихий маълумотлар икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик анъаналарига мисол бўла олади.
Маданий алоқалар бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Мирзо Улуғбек номи билан аталган Фузулий мактаби, озарбайжонлик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги халқаро фестиваллардаги иштироки икки мамлакат ўртасидаги маданий мулоқотнинг амалий натижаларидандир. Жумладан, созанда Соҳиб Пашазода 2017 йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг Гран-при совринини қўлга киритган, “Муғом” ансамбли эса 2018 йилда Шаҳрисабзда ўтказилган мақом санъати фестивалида биринчи ўринни эгаллаган.
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда тарихий манбаларни биргаликда ўрганиш, нодир қўлёзмаларни илмий муомалага киритиш, қўшма китоб ва каталоглар нашр этиш, кўргазмалар ҳамда ҳужжатли фильмлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Келинг, ишни аниқ манбалардан бошлайлик. Тошкент ва Бокуда сақланаётган қўлёзмаларни бирга ўрганайлик, қўшма тадқиқотлар асосида китоблар ва каталоглар нашр этайлик, кўргазмалар ташкил қилайлик. Ёш олимларимиз биргаликда изланиш олиб борсин, нодир асарларни асраш ва тиклашни ўргансин. Ана шу аниқ ишлар дўстлигимизни янада мустаҳкамлайди ва келгуси авлодларга муносиб мерос бўлиб қолади, — дея таъкидлади Марказ директори.
Шунингдек, анжуманда икки мамлакат илмий муассасалари, музейлари ва маданий ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ёш тадқиқотчилар учун қўшма дастурларни йўлга қўйиш ҳамда муштарак меросни халқаро миқёсда тарғиб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бой тарихий-маънавий мероси нафақат ўтмишни англаш, балки бугунги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш учун ҳам муҳим асосдир.





