Озарбайжоннинг TurkicWorld ахборот платформасида Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорликдаги ўрни ёритилди
Озарбайжоннинг TurkicWorld ахборот платформасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мамлакат тарихий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, Озарбайжон билан илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди.
Материалда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхоновнинг Боку шаҳридаги Халқаро Мақом марказида бўлиб ўтган Марказ тақдимоти ҳамда «Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, Ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда билдирган фикрлари баён этилган.
Мақолада Буюк ипак йўлининг халқларимиз ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришдаги ўрни, буюк мутафаккирлар меросининг аҳамияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари ёритилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази аждодлар меросини асраб-авайлаш, уни замонавий илмий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш ва халқаро ҳамжамиятга етказишга қаратилган йирик илмий-маърифий лойиҳа сифатида эътироф этилган.
Нашрда икки мамлакатнинг фанлар академиялари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тарихий меросни биргаликда ўрганиш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилган.





