Ислом цивилизацияси марказининг спорт экспозицияси Мўғулистон Президенти маслаҳатчисига янги ғоя берди
Мўғулистон Президентининг жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ислом цивилизацияси марказидаги спорт экспозицияси тажрибасини ўз мамлакатида ҳам қўллаш истагини билдирди.
Мўғулистон Президентининг жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Шарху Амарсайхан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий меросни замонавий музей технологиялари орқали намойиш этиш тажрибасини юқори баҳолади. Тошкентдаги мажмуага ташрифи давомида у мамлакатнинг қарийб уч минг йиллик тарихи билан танишиб, айниқса, Ўзбекистон спорти тараққиётига бағишланган экспозицияга қизиқиш билдирди. Меҳмон ушбу музей ёндашувига ўхшаш лойиҳани Мўғулистонда ҳам амалга ошириш истагини маълум қилди.
Шарху Амарсайханнинг таъкидлашича, бундай музейлар нафақат тарихий меросни сақлайди, балки мамлакатнинг ўтмишини, маданий қадриятлари ва тараққиёт босқичларини хорижликларга тушунарли тарзда етказишга ҳам хизмат қилади. Ташрифнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири Шарху Амарсайханнинг «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори» экспозицияси таркибидаги спорт соҳасига бағишланган бўлим билан танишуви бўлди. Меҳмоннинг эътирофича, мамлакатнинг спорт соҳасидаги ютуқларини музей экспозицияси орқали намойиш этиш миллий тараққиёт тарихини кенгроқ ёритиш, спортчилар муваффақиятини келажак авлодларга етказиш учун аҳамиятли ёндашувдир.
«Бугун ушбу музей билан танишиб, Ўзбекистоннинг нақадар бой тарих ва маданиятга эга эканини кўрдим, бу ҳақда кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Энг ажойиб жиҳати шундаки, бу ерда мамлакатнинг тарихи ва маданияти ҳақида бир жойнинг ўзида кенг тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб музей ва у менда катта таассурот қолдирди. Мен ўзим жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутахассисиман. Музейни томоша қилиш давомида спортга бағишланган бўлим билан ҳам танишдим. Бу қисм менда жуда яхши таассурот қолдирди. Мўғулистонда ҳам шундай лойиҳани амалга оширишни истардим», — деди Мўғулистон Президенти маслаҳатчиси.





