Доҳада тарихий меросни ўрганиш ва уни халқаро аудиторияга танитиш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини очиб бериш ва мамлакатимизнинг маънавий салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига намоён этиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Қатар давлатига хизмат сафари доирасида Доҳа шаҳрида қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби, Цивилизациялар альянси қўмитаси раҳбари Ал-Ҳаммадий, “Al Jazeera Media Network” медиатармоғининг бизнесни ривожлантириш ва ўсиш бўйича директори Белал Ал-Қади ҳамда Қатар Миллий кутубхонаси президенти, давлат вазири доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Куварий билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Учрашувларда Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини очиб бериш, буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва оммалаштириш, тарихий манбалар ҳамда ноёб қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, илмий-маърифий муассасалар ва халқаро медиа ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ делегациясининг хизмат сафари доирасида Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институтида Марказ тақдимоти ва илмий конференция ўтказилиши ҳам кутилмоқда. Ушбу тадбирлар орқали Ўзбекистон заминида шаклланган бой илмий-маънавий мерос, буюк мутафаккирларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрни ва Марказ фаолиятини халқаро илмий жамоатчиликка кенг танитиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Марказ делегацияси CNN халқаро медиа компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказади. Унда CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон, халқаро реклама савдолари бўйича катта вице-президент Кэти Ибал, Global Productions International компаниясининг концепциялар ва таҳлил бўйича вице-президенти Рич Дул, CNN International рақамли йўналишлар бўйича креатив директори Иэн Макдоналд ҳамда компаниянинг бошқа вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Мулоқотда Марказ фаолиятини халқаро ахборот маконида кенг ёритиш, замонавий медиа форматлари ва рақамли контент орқали Ўзбекистоннинг цивилизациявий меросини жаҳон аудиториясига етказиш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган CNN Global Perspectives сессиясининг “The Gulf: What Comes Next?” (“Форс кўрфази: кейинги истиқболлар қандай?”) мавзусидаги муҳокамасида иштирок этиши режалаштирилган.
Ташриф дастуридан Шайх Абдуллоҳ бин Зайд Ал-Маҳмуд номидаги Ислом маданияти маркази — “Ал-Фанар”га ташриф ҳам ўрин олган. Унда мазкур муассаса фаолияти, ислом маданиятини тарғиб қилиш борасидаги тажрибаси билан танишиш ва марказ раҳбари доктор Солиҳ бин Али Ал-Маррий билан учрашув ўтказиш кўзда тутилган.
Доҳа шаҳридаги учрашув ва тадбирлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон миқёсида тарғиб этиш, халқаро илмий ва медиа ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.





