Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Темурийзода малика — Қуръон хаттоти

 

XV аср — Марказий Осиё маданий ҳаётида илм, санъат ва қадриятлар уйғунлиги янги босқичга кўтарилган давр эди. Шу даврда яратилган ҳар бир қўлёзма, ҳар бир безакли саҳифа ўз замонасининг илмий, эстетик ва маънавий салоҳиятини ифода этади.

 

Шундай юксак намунадан бири — 1467 йилда (ҳижрий 871 йил) Темурийлар сулоласи вакиласи, Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи Шодмалик хотун томонидан кўчирилган Қуръон саҳифасидир.



 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олимларининг маълумотларига кўра, ушбу нодир артефакт 2025 йил ҳолатига кўра 558 йиллик тарихга эга.

 

Қуръон саҳифаси араб тилида насх хатида ёзилган бўлиб, олтин суви ва енгил сиёқ билан безатилган. Матн мулжай, яъни теридан тайёрланган юқори сифатли қоғозга битилган. 20×30 сантиметр ўлчамдаги саҳифада геометрик нақшлар, суралар бошида ўсимликсимон орнаментлар ва олтин безаклар мавжуд.

 

“Бундай нафис ишловлар одатда фақат сарой буюртмаси билан тайёрланган нусхаларда қўлланилган. Шодмалик хотуннинг асари Темурийлар давридаги энг олий даражадаги хаттотлик мактаби маҳсулидир”, дейди тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов.

 

Асарнинг асл нусхаси бугунги кунда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланмоқда.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эса унинг юқори аниқликдаги нусхаси намойиш этилмоқда. Бу экспонат “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимида жойлашган бўлиб, Темурийлар давридаги аёл хаттотлар фаолиятини ёритувчи энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

 

Темурийлар сулоласи даврида илм-фан, адабиёт ва тасвирий санъат беқиёс даражада ривожланди. Ҳирот ва Самарқанд хаттотлик мактаблари бутун мусулмон Шарқида машҳур бўлди.

 

Шодмалик хотун эса ана шу юксак муҳитда етишиб чиққан аёл хаттотлардан бири бўлиб, у нафақат ёзув устаси, балки Қуръон нусхаларини бадиий безатиш ва орнаментлаш санъатини мукаммал ўзлаштирган устоз сифатида ҳам тарихда қолган.

 

Унинг асаридаги саҳифа маркази — маънавий марказ, атрофидаги орнаментлар эса илоҳий гўзаллик рамзи сифатида ишланган.

 

Асарда аёл муаллиф номи қайд этилгани ўша даврда аёллар илм аҳли сифатида тан олинганини кўрсатади.

 

Шодмалик хотуннинг 1467 йилда кўчирган Қуръон саҳифаси — бу шунчаки диний матн эмас. Бу — Темурийлар даври маънавияти, эстетикаси ва аёл ижодий салоҳиятини ёритувчи жонли тарихий гувоҳдир.

 

Бугун у Ислом цивилизацияси марказида илм, эътиқод ва санъат уйғунлигининг абадий рамзи сифатида қадрланмоқда.

 

Лайло Абдукаххарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

carousel image 1

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1367026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1108529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
888727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.