Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Қадимги Турон рамзи Британиядан қайтди: ноёб буғу ҳайкали экспозицияда

 

 

Бронза даврига оид, Марказий Осиё халқларининг қадимий дунёқараши ва мифологик тафаккурини ўзида мужассам этган ноёб буғу ҳайкали Буюк Британиядан Ўзбекистонга олиб келинди. Айни пайтда ушбу бетакрор санъат асари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилмоқда.

 

Марказий Осиёнинг қадимий маданиятига оид санъат ёдгорликлари орасида буғу тасвири муҳим рамзий аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган буғу ҳайкали қадимги эътиқодий қарашлар, мифологик тасаввурлар ва бадиий тафаккурнинг ёрқин ифодасидир.

 

Милоддан аввалги II–I мингйилликлардан бошлаб, яъни бронза даврида Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудларда тотем ҳайвонлар тасвири кенг тарқала бошлаган. Буғу, кийик, от, туя ва арслон образлари идишлар, ҳайкалчалар ҳамда амалий санъат буюмларида акс этган. Айниқса, шохлари тарвақайлаб тасвирланган буғу қадимги халқларнинг дунёқарашида қут-барака, куч-қудрат ва ҳокимият рамзи сифатида қаралган.

 

Мазкур ҳайкал Буюк Британиядаги шахсий коллекцияларда сақланаётган Марказий Осиёга оид ноёб санъат асарлари сирасига киради. Унинг шакли ва пропорцияси бронза даври бадиий тафаккурининг етук даражасини намоён этади.

 

Тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров буғу образининг келиб чиқиши ҳақида шундай дейди:

 

“Буғу, хусусан шохлари тарвақайлаган она буғу образи сак-скифлар давридан бошлаб Марказий Осиё — Турон халқларининг тасвирий ва амалий санъатида муҳим рамз бўлиб келган. Бу тасвирлар қадимги эътиқодий ва мифологик қарашлар билан бевосита боғлиқ”.

 

Профессорнинг таъкидлашича, бугунги кунда Амударё ва Сирдарё оралиғида буғу ва кийиклар учрамаслиги уларнинг бу ҳудудда ҳеч қачон бўлмаганини англатмайди. Бронза даврига оид қоя тош тасвирлари буғу ва кийиклар қадимда айнан шу ҳудудда яшаганини кўрсатади.

 

“Қоя тошларда буғу, кийик, тоғ эчкилари ва ов саҳналари кўп учрайди. Бу образлар ўша давр одамларининг табиат билан боғлиқ тасаввурларини акс эттиради”, — дейди Ғайбулла Бобоёров.

 

Буғу тасвирлари Чоч, Еттисув, Фарғона ва Суғд ҳудудларига оид муҳрлар, тангалар, сопол ва металл буюмларда кенг тарқалган. Бу ҳол буғу образининг узоқ даврлар давомида маданий хотирада сақланиб келганини кўрсатади.


Туркий халқлар мифологиясида буғу муқаддас жонивор сифатида эъзозланган. Айрим уруғ ва қабилалар уни рамзий маънода инсонларга барака ва фаровонлик келтирувчи “Шохдор она буғу” деб атаганлар. Аждодлар бошқа ҳудудларга кўчганида ҳам ушбу образ билан боғлиқ мифологик тасаввурлар маданий хотира сифатида давом этган.

 

Мазкур буғу ҳайкали Марказий Осиёда шаклланган қадимги эътиқодий қарашлар, тотемистик тасаввурлар ва бадиий тафаккур тараққиётини англашда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.

 

Бугун ушбу ноёб ёдгорлик Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилиб, минтақанинг қадимги маданий қатламларини кенг жамоатчиликка илмий асосда тақдим этмоқда.

 

 

Гўзал Бекназарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

carousel image 1
carousel image 2

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1366926.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1108529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
888727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.