

Янгиликлар
Марғилон ипаклари, адрас, атлас, шойи: кўп асрлик маданий меросимизда акс этган ҳақиқатлар
“Янги Ўзбекистон: маърифий–маданий юксалиш” экспозицияси
Адрас, атлас, шойи... Булар шунчаки мато эмас, балки асрлар давомида сақланиб келган миллат хотираси. Адрас, атлас ва шойида яширинган сирлардан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси ҳикоя қилади.
Марказнинг “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлимида жой олган “Янги Ўзбекистон: маърифий–маданий юксалиш” экспозицияси миллий ўзлик, эстетик тафаккур ва ҳунармандчилик анъаналарининг узвий давомийлигини намоён этади. Мазкур экспозицияда халқимизнинг кўп асрлик маданий меросини ўзида мужассам этган миллий матолар алоҳида ўрин эгаллайди.
Экспозицияда тақдим этилган Марғилон ипак матолари – адрас, атлас ва шойи ўзбек халқининг моддий ва маънавий маданиятида юксак ўринга эга бўлиш билан бирга, бутунжаҳон цивилизациясига туҳфа этилган бебаҳо бойлик сифатида намоён бўлади. Ушбу матолар инсон ва табиат уйғунлиги, санъат ва ҳаёт бирлигини ифодалаб, Шарқ бадиий тафаккурининг теран илдизларидан далолат беради.
Эркаклар чопони. Бахшилло Жумаев, Бухоро. 2025-йил. Духоба, зардузи, заминдо‘зи, гулдо‘зи
Марғилон қадимдан ипакчилик санъати маркази сифатида танилган. Бу юрт матолари нафақат кундалик ҳаётда, балки байрамона ва маросим либосларида ҳам кенг қўлланилиб, халқимизнинг эстетик диди, миллий руҳи ва яратувчанлик салоҳиятини акс эттиради. Бугунги кунда эса ушбу анъанавий матолар замонавий мода оламида ҳам ўз ўрнини топмоқда.
Адрас матоси ип ва пахтанинг уйғунлашувидан яратилади. Шу боис у нафислик билан бирга мустаҳкамлиги билан ҳам қадрланади. Экспозицияда намойиш этилган адрас нақшлари табиат манзаралари, исломий геометрик шакллар ва ўзбекона рамзлардан илҳомланиб яратилган.
Ҳар бир ранг оҳанги ўзига хос маъно касб этади: яшил ранг – табиат ва янгиланишни, қизил – муҳаббат ва жўшқинликни, кўк – осмон ва руҳий покликни ифодалайди. Адрас матоси орқали халқимизнинг ҳаёт фалсафаси, қувонч ва орзулари бадиий ифода топади. Бугун ҳам адрас миллий либосларда ва замонавий дизайн ечимларида ўз долзарблигини сақлаб келмоқда.
Ипак матолари инсталляцияси: Шойи мато, Марғилон. Хон-атлас, Фарғона. Шойи мато, Марғилон
Марғилон ипакчилик санъатининг энг гўзал намуналаридан бири бўлган атлас ўзининг жилоси, юмшоқлиги ва рангларнинг бетакрор уйғунлиги билан ажралиб туради. Қадимда у маликалар, бегойимлар ва зодагонлар либосларига безак бўлиб хизмат қилган.
«Атлас» сўзининг ўзи ҳам нозиклик ва гўзаллик маъносини англатади. Соф ипак толаларидан тўқилган бу мато ранг-баранг нақшлари орқали халқимизнинг орзу-интилишлари, самимияти ва санъатга бўлган чексиз муҳаббатини мужассам этади.
Шойи матоси соф ипак толаларидан тўқилиб, ўзининг нозиклиги, енгиллиги ва салқинлиги билан ажралиб туради. Асрлар давомида шойи байрамона либосларда, тўй маросимларида ва энг улуғ айёмларда кенг қўлланилган. У нафақат либосларда, балки ички безак санъатида ҳам муҳим ўрин тутган.
Экспозицияда намойиш этилган шойи матолари нафис жило ва табиийлик уйғунлигини ўзида мужассам этиб, инсоният маданий меросининг бебаҳо намуналаридан бири сифатида намоён бўлади.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.


