

Янгиликлар
Амир Темур Европада қандай қаҳрамонга айланган?
Амир Темур фақат саркардами? Европа олимлари уни қандай баҳолаган? Буюк соҳибқирон шахсияти Европа тафаккурида қандай шаклланган? Бу саволларга Президент Шавкат Мирзиёев муаллифлигида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Иккинчи Ренессанс экспозициясида тақдим этилаётган ноёб манбалар жавоб беради.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур шахсиятига бағишланган махсус бўлим ташкил этилган. Унда Темур давлати, унинг сиёсий мероси ва жаҳон тарихидаги ўрнини ёритувчи нодир қўлёзмалар, тарихий нашрлар ҳамда Европа илмий ва адабий муҳитида Соҳибқирон образининг шаклланишига оид муҳим манбалар намойиш этилган.
Экспозициянинг мазкур қисми нафақат миллий тарих, балки Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги интеллектуал алоқалар тарихини намоён этувчи беназир илмий манба сифатида ҳам аҳамиятлидир. Чунки Амир Темур шахсияти Европада ҳам катта қизиқиш уйғотган ва асрлар давомида тарихчилар, ёзувчилар ҳамда мутафаккирларнинг диққат марказида бўлиб келган.
“Темур тузуклари”: давлатчилик концепциясининг Европа нашри
Марказ музей экспозициясининг Иккинчи Ренессанс даври бўлимида жойлаштирилган кўргазма ойнасида “Темур тузуклари” асарининг Буюк Британияда 1783 йилда Майор Деви ва профессор Жозеф Уайт томонидан нашр этилган инглиз тилидаги нусхаси ўрин олган.
“Темур тузуклари” дунёдаги машҳур ҳукмдорлар томонидан келажак авлодларга қолдирилган сиёсий-ҳуқуқий мерослар орасида алоҳида ўрин тутади. Бу асар оддий қонунлар тўплами эмас, балки Амир Темурнинг давлат бошқаруви, сиёсий стратегия ва ҳуқуқий дунёқарашини акс эттирган оригинал давлатчилик концепциясидир.
Асарда давлат бошқаруви тизими, амир ва вазирларни танлаш мезонлари, адолатли сиёсат юритиш тамойиллари, солиқ ва молия сиёсати, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш масалалари батафсил ёритилган. Европа ўқувчилари мазкур асар орқали Темурни фақат забардаст саркарда эмас, балки давлат қурилиши назариясини ишлаб чиққан мутафаккир сифатида таниш имконига эга бўлган.
Жозеф Уайт таржимаси орқали “Темур тузуклари” Ғарбдаги шарқшунослик фанининг ривожланишига катта туртки берган ва Темур давлатчилик мактабини Европа илмий муҳитига танитган.
“Буюк Темур ҳаёти”: илк тарихий тадқиқотлардан бири
Экспозицияда Европада Амир Темур ҳақида ёзилган илк тарихий тадқиқотлардан бири — Пьетро Перондинонинг “Буюк Темур ҳаёти” асари ҳам намойиш этилган. Асар 1553 йил Флоренцияда лотин тилида нашр этилган.
Перондино ўз асарида Амир Темурнинг ҳаёти, ҳарбий юришлари ва давлат бошқарувидаги ютуқларини ёритиб, унинг Шарқ ва Ғарб ўртаси муносабатлардаги ўрнини алоҳида таъкидлайди. Муаллиф Темурнинг стратегик қарорлари, давлат қурилишидаги ислоҳотлари ва геосиёсий сиёсатини Европа ўқувчиларига илк бор илмий асосда тақдим этган.
Бу асар ўрта аср Европасида Амир Темур империясига бўлган қизиқишни кучайтирган ва Ғарб жамоатчилигида Темур ҳақида илмий тасаввурлар шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
Тарихий драманинг марказий қаҳрамони
Экспозицияда инглиз ёзувчиси Чарлз Сандерснинг 1681 йил Лондонда нашр этилган “Буюк Темур” трагедияси ҳам ўрин олган. Ушбу адабий асар Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини драматик руҳда тасвирлаб, унинг шахсий характери, ҳарбий ютуқлари ва ички зиддиятларини бадиий образ сифатида ёритади.
Сандерс Темурни нафақат забардаст қўмондон, балки мураккаб шахс, буюк раҳбар ва тарихий драманинг марказий қаҳрамони сифатида тасвирлайди. Трагедия Европа театр санъатида Шарқ ҳукмдорлари образини шакллантирган муҳим адабий манбалардан бири бўлиб, Темур шахсиятини Ғарб томошабинига янада яқинлаштирган.
“Зафарнома” француз тилида
Кўргазмали ойнада Шарафиддин Али Яздийнинг машҳур “Зафарнома” асарининг 1723 йилда Делфт шаҳрида француз тилида нашр этилган “Темурбек тарихи” номли таржимаси ҳам намойиш этилган.
Бу асар Темурдан олдинги давр тарихи ҳақидаги асосли маълумотлар ва Амир Темур даври воқеаларини қамраб олган бўлиб, икки қисмдан иборат. Муаллиф асарни Шоҳрух Мирзонинг ўғли Иброҳим Султон ташаббуси билан ёзганини таъкидлайди.
“Зафарнома” Европа тарихчилари учун Темур даврини ўрганишда асосий манбалардан бирига айланган ва Шарқ тарихига бўлган қизиқишни кучайтирган.
XVIII аср Европа тарихшунослигида муҳим манбалардан бири
Марказ экспозициясида француз тарихчиси Жан-Батист Марга де Тиллининг 1739 йил Парижда нашр этилган “Темур тарихи” асари ҳам ўрин олган. Ушбу китобда Амир Темурнинг ҳаёти, ҳарбий юришлари, улкан империяни бошқаришдаги ютуқлари атрофлича ёритилган.
Муаллиф Темурнинг стратегик фикрлаши, давлат бошқарувидаги ислоҳотлари ва Шарқ ҳамда Ғарб ўртасидаги муносабатлардаги ролини таҳлил қилади. Асар XVIII аср Европа тарихшунослигида Темур ҳақидаги илмий қарашларни шакллантирган муҳим манбалардан бири ҳисобланади.
Соҳибқирон шахсияти Европада фақат ҳарбий саркарда сифатида эмас, балки давлат арбоби, мутафаккир ва цивилизацион жараёнларнинг йирик иштирокчиси сифатида қабул қилинган. Унинг давлат қурилиши, ҳуқуқий тизими ва геосиёсий сиёсатини Европа олимлари қизиқиш билан ўрганган.
Марказ экспозициясида намойиш этилган мазкур асарлар Амир Темурнинг жаҳон тарихи ва Европа тафаккуридаги ўрнини яққол намоён этади. Улар Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги интеллектуал мулоқотнинг тарихий илдизларини очиб беради ва Темур меросининг умуминсоний қимматга эга эканини тасдиқлайди.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.



