

Янгиликлар
“114 Қуръон” лойиҳасидаги нодир экспонат: “Ўзбек” номи киритилган илк мусҳаф экспозицияда!
Асрлар давомида дунёнинг турли бурчакларида сақланиб келган миллий ва маънавий меросимиз бугун яна Ватан билан боғланмоқда. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан тарихий қўлёзмалар ва нодир артефактларни юртимизга қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар айни пайтда жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам диққатини тортмоқда. Ана шундай бебаҳо ёдгорликлардан бири — Олтин Ўрда ҳукмдори Муҳаммад Ўзбекхон номига боғлиқ Қуръони карим қўлёзмаси бўлиб, у XIV аср давлатчилиги, китобат санъати ва маънавий ҳаётнинг юксак даражасини ўзида мужассам этган нодир тарихий манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон (1313–1341) номи билан боғлиқ бўлган Қуръони карим қўлёзмаси алоҳида ўрин тутади. Ушбу мусҳаф нафақат диний манба, балки XIV асрдаги давлатчилик, маданият ва китобат санъатининг юксак даражасини акс эттирувчи бебаҳо тарихий ёдгорлик ҳисобланади. Айни пайтда ушбу ноёб қўлёзма Туркиядаги Кутаҳия университети кутубхонасида сақланмоқда.
Мазкур қўлёзма ҳақида илк бор 2024 йил 18-26 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ўтказилган “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзусидаги халқаро маданий мерос ҳафталигида маълум қилинган. Туркиядаги Қўлёзмалар бошқармаси Сулаймония кутубхонаси раҳбари Жошкун Йилмаз ҳамда Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез дунёдаги қадимий Қуръон қўлёзмалари орасида “Ўзбек” номи киритилган илк мусҳаф айнан Олтин Ўрда ҳукмдори топшириғи билан кўчирилганини таъкидлаганлар.
– Ушбу Қуръон қўлёзмаси 1318 йилда Олтин Ўрда ҳудудида зарҳал қоғозда райҳоний хатида кўчирилган. Қўлёзманинг хотима қисмида 718 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида султонлар султони Муҳаммад Ўзбекхон фармонига асосан котиб Бадр ал-Ҳамадоний томонидан битилгани қайд этилган. Мусҳаф 303 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифада матн 14 қатордан жой олган. Саҳифалар олтин билан сайқалланган, саҳифа четларига махсус нақшли шамс безаклари киритилгани билан ажралиб туради. Бундай юксак бадиий безаклар ўша давр қўлёзмачилик анъаналарида кам учрайдиган ҳолат саналади, - деди Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез.
Қўлёзма Шарқ қоғозида битилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мусҳаф 1475 йилда Қримга қилинган юриш чоғида усмонийлар ҳукмдори Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан Истанбулга олиб келинган ва кейинчалик Сулаймония кутубхонаси фондига киритилган. Асрлар давомида сақланган ушбу нодир ёдгорлик 2024 йилда илмий асосда таъмирланиб, қайта тикланган.
Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида “114 Қуръон лойиҳаси” доирасида Ўзбекхон Қуръонининг муляж нусхаси намойиш этилмоқда. Марказ экспозициясидан ўрин олган ушбу нодир мусҳаф қўлёзмаси Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг тараққиёти, туркий сулолаларнинг диний ва маънавий ҳаётга қўшган ҳиссасини яққол намоён этувчи муҳим экспонат сифатида кенг жамоатчиликка тақдим этилган. Бу экспозиция орқали ташриф буюрувчилар Олтин Ўрда давридаги китобат санъати, бадиий безаклар ва давлат ҳомийлигидаги маънавий мерос ҳақида бой тасаввур ҳосил қилиш имкониятига эга бўлади.
Келгусида мазкур қўлёзманинг факсимил нашрини чоп этиш режалаштирилган. Шу боис, Ўзбекхон Қуръонининг юқори сифатли факсимил нашрини Ўзбекистонда чоп этиш илмий ва маданий жиҳатдан муҳим вазифа ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекхон Қуръони Олтин Ўрда даври маънавий ҳаёти, давлат ҳомийлигидаги илм-фан ва китобат санъатининг юксак намунаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган мазкур нодир мусҳаф нафақат миллий, балки умуминсоний маданий мероснинг бебаҳо дурдонаси сифатида келажак авлодларга етказилаётган тарихий хотира ҳисобланади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.

