Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази қошидаги Хаттотлик мактаби: анъана ва маънавий мерос қад ростламоқда

“Бизда хаттотлик мактаби йўқ. Афсуски, бу мактаблар йўқ бўлиб кетяпти… Бу мактабларни албатта тиклаймиз…”. 

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 

Қадимий санъат яна бир бор ҳаётга қайтмоқда. Тарихни ўз қўлингиз билан ёзишга тайёрмисиз?

Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва қайта тиклашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошида ташкил этилган Хаттотлик мактаби ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилмоқда. Бугун ушбу мактаб нафақат миллий анъаналарни тиклаётган, балки жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётган маънавий-маърифий масканга айланди. Мазкур мактаб фаолияти, унинг аҳамияти ва бугунги кундаги ўрни ҳақида хаттот Ҳабибулло Солиҳ билан суҳбатлашдик.

— Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази қошида Хаттотлик мактаби фаолиятини бошлади. Нима деб ўйлайсиз, бугунги кунда ушбу мактаб жамоатчилик ва ёшларни қай даражада қизиқтира олади?

— Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон жамоатчилиги диққат марказида турган улкан мегалойиҳа ҳисобланади. Бу Марказ ислом цивилизацияси, илм-фан, маданият ва маънавиятни ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган ноёб маскан сифатида эътироф этилмоқда.

Шу марказ қошида ташкил этилган Хаттотлик мактаби эса аждодларимиздан мерос бўлиб келган муқаддас ёзув санъатини қайта тиклаш, уни асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказишга хизмат қилмоқда. Президентимиз бир неча бор таъкидлаганларидек, хаттотлик санъати йўқолиб кетмаслиги, балки ривожланиши ва кенг оммага ўргатилиши зарур. Ана шу эзгу ғоя асосида ушбу мактаб ташкил этилди.

Бугунги кунда мактабга бўлган қизиқиш жуда катта. Расман фаолиятини бошлаганига эндигина бир ой бўлди. Аммо рўйхатдан ўтганлар сони аллақачон минг нафардан ошиб, улар орасида ёшлар, ўрта ёшдаги фуқаролар, шунингдек, катта ёшдагилар ҳам бор. Бу эса хаттотлик санъатига бўлган қизиқиш жамиятнинг турли қатламларини қамраб олганини кўрсатади.

— Ушбу қадимий санъатга асосланган мактабнинг ташкил этилиши қандай тарихий мерос ва маънавий қадриятларга таянади?

— Маълумки, юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк хаттотлар ва алломалар жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Улар яратган қўлёзмалар ва ёзув намуналари бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, хаттотлик санъатини қайта тиклаш — бу фақатгина маданий ташаббус эмас, балки тарихий хотира ва миллий ўзликни англаш билан боғлиқ муҳим жараёндир. Мазкур мактаб айнан шу бой меросни қайта жонлантириш ва уни тизимли равишда авлодларга етказишга хизмат қилади.

— Хаттотлик мактабида ташкил этилган таълим жараёни қандай мазмун ва услубларга асосланади? Унинг ўқувчилар ҳаётига таъсири ҳақида нималарни айтиш мумкин?

— Албатта, мактабдаги таълим жараёни анъанавий ва замонавий ёндашувлар уйғунлиги асосида ташкил этилган. Бу ерда нафақат хат ёзиш техникаси, балки ҳуснихат маданияти, эстетик дид ва сабр-тоқат каби фазилатлар ҳам шакллантирилади.

Таълимнинг бепул асосда ташкил этилгани кенг жамоатчилик учун катта имконият яратмоқда. Турли касб эгалари, айниқса, илгари бу санъатни ўрганиш имконига эга бўлмаган инсонлар бугун ушбу дарсларда фаол иштирок этмоқда.

Айрим ҳолатлар эса мактабнинг чуқур маънавий таъсирини яққол намоён этади. Масалан, нуронийлардан бири узоқ йиллик орзусини амалга ошириш мақсадида мактабга келиб, катта ҳаяжон билан таълим жараёнига қўшилди. Бу каби мисоллар хаттотлик мактабининг инсон ҳаётида руҳий уйғониш ва маънавий қаноат манбаи бўлаётганини кўрсатади.

— Ушбу мактабнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ҳақида қандай фикр билдирасиз?

— Бугунги кунда мактаб фаолияти халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. У “Халқаро хаттотлик мактаби” сифатида эътироф этилиб, таълим жараёнлари хорижий мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Айниқса, мазкур ташаббуснинг халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиши унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Бу эса Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва уни дунё миқёсида тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кўрсатади. 

Мактабнинг очилиш маросимида иштирок этган халқаро экспертлар ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини юқори баҳолади. Жумладан, Ислом тарихи, маданияти ва санъати тадқиқотлари маркази – IRCICA директори Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотлигининг жаҳон маданиятидаги ўрни, унинг юксак эстетик ва маънавий қимматини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Туркия қўлёзмалар бошқармаси директори Жошқун Йилмаз Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ эканини қайд этди. Буюк Британиядаги “Ал-Фурқон” Ислом мероси жамғармаси директори Сали Шаҳсуворий эса Темурийлар даврини ҳақиқий интеллектуал ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.

— Мактаб фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қандай истиқболли режалар кўзда тутилган?

— Келгусида мактаб фаолиятини янада кенгайтириш, замонавий ва инновацион таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилган. Хусусан, онлайн таълим платформаларини ишга тушириш орқали хорижий ўқувчиларни ҳам жалб этиш мақсад қилинган.

Бу орқали хаттотлик санъатини нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш имконияти янада ошади.

— Ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Имом Бухорий ҳазратларининг “Амаллар ниятга боғлиқ” деган ҳадисида чуқур маъно мужассам: инсоннинг келажаги унинг нияти, камоли эса амаллари билан белгиланади. Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, маънавий уйғониш ва тараққиёт жараёнлари ҳам ана шундай эзгу ниятлар самараси эканини англаш қийин эмас.

Аждодларимиз, азиз авлиёлар қолдирган бой маънавий мерос, уларнинг орзу-интилишлари ва меҳнатлари бугунги фаровон ҳаётимизга мустаҳкам замин яратди. Шу боис ҳар биримиз ўз соҳамизда сидқидилдан меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.

Мана шундай фаровон, обод, озод юртда эмин-эркин яшаб орзуларга эришишимизни Аллоҳ ўз хазинаи раҳматидан ато айласин.

Дурдона Расулова суҳбатлашди

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1340226.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1082329.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
863127.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.