Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Ишлаб чиқувчи Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Мақоланинг тўлиқ матни, суратлар ва Марказнинг бошқа янгиликлари.

Археологик далиллар исботлаган ҳақиқатга экспозицияда гувоҳ бўлиш мумкин

19.02.2026, 12:491177

Археологик далиллар милоддан аввалги IV асрда осмон сирларини илмий ўрганган энг қадимий ноёб иншоот – Марказий Осиёда қадимги Хоразм ҳудудида жойлашган Қўйқирилганқалъа бўлганини тасдиқлайди. Осмон сирларини ўрганган қадимги расадхона макети Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилмоқда.

Расадхона – осмон жисмлари, жумладан, Қуёш, Ой, сайёралар ва юлдузларнинг ҳаракати, жойлашуви ҳамда уларнинг қонуниятларини кузатиш ва илмий жиҳатдан ўрганиш учун барпо этилган махсус илмий иншоот. Бундай иншоотлар инсоният тараққиёти тарихида муҳим ўрин тутиб, вақтни аниқлаш, тақвим тузиш, табиат ҳодисаларини башорат қилиш ва илмий билимларни ривожлантиришда асосий марказ вазифасини бажарган. Расадхоналар нафақат астрономия, балки математика, геометрия, тригонометрия, геодезия ва физика каби фундаментал фанларнинг тараққиётига замин яратган илмий масканлар ҳисобланади. Шу маънода, қадимги Хоразм ҳудудида барпо этилган Қўйқирилган қалъа Марказий Осиёдаги энг қадимий расадхоналардан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда ушбу ноёб тарихий ёдгорлик макети Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг исломдан аввалги давр цивилизацияларига бағишланган экспозициясидан ўрин олган. Бу эса юртимиз ҳудудида исломдан аввал ҳам юксак илм-фан, мураккаб меъморчилик ва ривожланган цивилизация мавжуд бўлганини намоён этади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган Қўйқирилган қалъа Турон саҳросининг қоқ марказида қад кўтарган ноёб ёдгорликлардан бири ҳисобланади. У машҳур “Қалъалар водийси” таркибига кириб, қадимги Хоразм цивилизациясининг муҳим сиёсий, диний ва илмий марказларидан бири сифатида тарихда ўчмас из қолдирган. Археологик тадқиқотларга кўра, мазкур ёдгорлик милоддан аввалги IV асрдан милодий IV асргача бўлган даврга мансуб бўлиб, айрим илмий қарашларга кўра, унинг илдизлари янада қадимий даврларга бориб тақалади.

Қалъанинг меъморий тузилиши унинг оддий мудофаа иншооти эмас, балки илмий ва диний марказ бўлганини кўрсатади. У доира шаклида қурилган бўлиб, марказий қисмида диаметри қарийб 44,4 метр бўлган икки қаватли ибодатхона ва қаср жойлашган. Қалъа қалин пахса ва хом ғишт деворлар билан ўралган, ташқи қисми буржлар ва мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган. Бундай мураккаб ва аниқ ҳисоб-китоб асосида қурилган иншоот қадимги меъморлар ва олимларнинг юқори даражадаги билим ва тажрибага эга бўлганини яққол намоён этади.
Қўйқирилган қалъанинг айланма шакли унинг расадхона вазифасини бажарганини кўрсатувчи муҳим далиллардан биридир. Олимлар фикрига кўра, бундай шакл осмон жисмларининг ҳаракатини аниқ кузатиш, қуёш чиқиши ва ботиши, йил фаслларининг алмашинувини белгилаш ҳамда тақвим тизимини шакллантириш имконини берган. Бу ерда фаолият юритган мунажжимлар ва олимлар самовий жисмларни кузатиш орқали вақтни ҳисоблаш, табиат қонуниятларини ўрганиш ва илмий хулосалар чиқариш билан шуғулланган.

Қазиш ишлари натижасида қалъа ҳудудидан кўплаб археологик топилмалар, жумладан, кулолчилик буюмлари, тангалар, ҳайкалчалар, деворий тасвирлар, муқаддас рамзлар ва ёзув намуналари топилган. Бу топилмалар мазкур ҳудудда ривожланган маданият, давлатчилик анъаналари ва мукаммал эътиқод тизими мавжуд бўлганидан далолат беради. Айниқса, қадимги Хоразм ёзувининг илк намуналарининг айнан шу ҳудуддан топилгани бу ер нафақат расадхона, балки илмий-маърифий марказ ҳам бўлганини тасдиқлайди.

Қўйқирилган қалъа 1938–1939 йилларда машҳур археолог С.П. Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археология-этнография экспедицияси томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган. Экспедиция натижалари мазкур ёдгорлик Марказий Осиёдаги энг қадимий ва мукаммал архитектура ёдгорликларидан бири эканини тасдиқлади. 
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган ушбу қадимий иншоот макети орқали ташриф буюрувчилар қадимги аждодларимизнинг астрономия, математика, геометрия ва меъморчилик соҳаларида эришган ютуқлари, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва илмий мероси ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади.
Шунингдек, бу тарихий меъморий ёдгорлик Ўзбекистон замини инсоният цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган илмий марказлардан бири бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Шунингдек ўқинг

26.09.2025·14829
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12223
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9951
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7980
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар