Буюк цивилизация оҳанги интерактив экспозицияда янграйди
Тўрт минг йиллик доира. XIV асрларда тилга олинган дутор. Форобий ва Ибн Сино асарларида қайд этилган танбур ва най. Бу оддий чолғулар эмас — улар халқнинг тарихий хотираси. Бугун ушбу мерос янги авлодга интерактив тарзда тақдим этилмоқда.
Ўзбек халқининг кўп асрлик мусиқа маданияти миллий чолғу асбобларида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Ҳар бир чолғу халқнинг тарихий хотираси, эстетик қарашлари ва руҳий оламининг аксидир. Бугун ушбу бебаҳо мерос Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида замонавий экспозиция ёндашувлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Ўзбек мусиқа анъаналарида алоҳида ўрин эгаллаган дутор ижрочилиги Хоразм, Самарқанд–Бухоро, Қашқадарё–Сурхондарё ва Фарғона–Тошкент каби тўрт маҳаллий услубга бўлинади.
Тарихий манбаларда дутор ХIV–ХV асрлардан бошлаб тилга олинади.
Доира Марказий Осиё халқларининг мусиқий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Саймалитош археологик ёдгорликларида учрайдиган тасвирлар бу чолғунинг камида тўрт минг йиллик тарихга эга эканини кўрсатади.
Танбур ўзбек мумтоз мусиқасининг энг етук ва фалсафий чолғуларидан биридир. Форсча келиб чиқишга эга бу сўз “товуш чиқарувчи асбоб” маъносини англатади.
Ўрта асрларда Шарқ мусиқа назариётчилари, хусусан, Форобий, Ибн Сино, Сафиюддин Урмавий асарларида танбур ҳақида илк ёзма маълумотлар учрайди.
Айниқса, Шашмақом чолғу ва ашула йўлларининг ижросида фалсафий ва чуқур бадиий образларни ифода қилишда етакчи восита бўлган.
Рубоб - торли, медиатор билан чертиб чалинадиган чолғу бўлиб, Шарқ халқларида кенг тарқалган. Ўзбекистонда асосан афғон (Бухоро) рубоби машҳур.
ХVI аср миниатюраларида рубоб тасвирларининг учраши бу чолғунинг ўша давр маданий ҳаётидаги муҳим ўрнидан далолат беради. Бугунги кунда рубоб мақом ижрочилигида доимий ҳамроҳ соз сифатида қўлланилади.
Ғижжак торли-камонли чолғу бўлиб, қадимда қовоқ ва кокосдан ясалган бўлса, ҳозирда асосан тут ва ёнғоқ ёғочидан тайёрланади.
Тарихий ривоятларга кўра, ғижжак такомиллашувида Форобий, Ибн Сино ва Қулмуҳаммад Удийларнинг ҳиссаси катта бўлган. Бугунги кунда Хоразм, Бухоро, Тошкент ва Фарғона мактаблари ғижжак ижрочилигининг етук анъаналарини давом эттирмоқда.
Най мақом ва халқ мусиқасида етакчи ўрин эгаллайди. Унинг чўпон най, ёғоч най, мис най каби турлари мавжуд. Найнинг товуши инсон нафасига уйғун бўлгани боис, у мусиқада ички кечинмаларни нозик ифодалаш имконини беради.
Форобий ва Ибн Сино асарларида найнинг мусиқа назариясидаги ўрни алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлими экспозициясида эса миллий мусиқа асбоблари ана шу тарихий асосларга таянган ҳолда интерактив тарзда намойиш этилмоқда. Ҳар бир чолғу ёнида ташриф буюрувчилар унга хос куйларни тинглаши, созларнинг якканавоз ва ансамбль ижросидаги уйғунлигини ҳис этиши мумкин.
Машариф Абдуллаев, Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:
Кейинги йилларда халқ амалий санъатини миллий қадриятларимиз тимсоли сифатида ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган қатор қарорлар ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, усталар фаолиятини рағбатлантириш ва ёш авлодни анъанавий касбларга жалб этишга хизмат қилмоқда. Республикамизда кейинги саккиз йил давомида маданият ва санъат соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни ёритиш вазифаси алоҳида аҳамият касб этади.
Маданият вазирлиги ташаббуси билан еттита миллий мусиқа асбобини интерактив шаклда намойиш этиш режалаштирилган. Ушбу асбоблар бугунги кунда барча мусиқа ва санъат мактабларида ўқитилмоқда. Махсус эшитиш мосламалари орқали томошабин ижро этилган куйни эшитиши мумкин. Шунингдек, етти чолғу ансамбли ижросини эшиттирувчи махсус ускуна ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Бу экспозиция миллий мусиқа меросининг нафақат тарихий, балки бугунги ва келажак авлодлар учун ҳам долзарб эканини яққол намоён этади.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


