Буюк Ипак йўлининг рангли солномаси: Афросиёб фрескалари орқали ўтмишга интерактив саёҳат қилиш мумкин
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимида намойиш этилаётган Афросиёб фрескалари инсоният тарихидаги энг ноёб бадиий ва маданий мерос намуналаридан бири ҳисобланади. Ушбу деворий суратлар нафақат қадимги Самарқанднинг юксак маданий ҳаётини, балки бутун Марказий Осиёнинг халқаро алоқалар маркази сифатидаги ўрнини ҳам яққол намоён этади. Экспозицияда уларнинг замонавий илмий ва визуал технологиялар асосида тақдим этилиши исломдан аввалги давр цивилизациялар тарихи, санъати ва дунёқарашини чуқур англаш имконини яратади.
Афросиёб фрескалари Самарқанднинг энг қадимги қисми ҳисобланган Афросиёб археологик ёдгорлиги ҳудудидан топилган бўлиб, VII асрга мансубдир. Археологик қазишмалар давомида бу ердан кўплаб ноёб тарихий топилмалар аниқланган. Фрескалар Самарқандда ҳукмронлик қилган ихшидлар сулоласи даврида барпо этилган сарой деворларини безаб турган.
Қадимдан Самарқанд Буюк Ипак йўлининг энг муҳим нуқталаридан бири бўлган. Бу шаҳар орқали Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Византия ва бошқа давлатлар билан савдо, дипломатик ва маданий алоқалар амалга оширилган. Суғд савдогарлари эса бу жараёнда асосий воситачилардан бири сифатида фаолият юритган. IV асрдан бошлаб суғд тили Марказий Осиё ва Ипак йўлининг кўплаб ҳудудларида халқаро мулоқот тили вазифасини бажарган.
Афросиёб фрескалари ана шу кўп миллатли ва кўп маданиятли муҳитнинг бадиий ифодасидир. Улар Самарқанднинг халқаро сиёсий ва маданий марказ сифатидаги ўрнини ёрқин акс эттиради. Фрескалар тўрт девор бўйлаб жойлашган бўлиб, ҳар бири алоҳида тарихий воқеликни тасвирлайди.
Шимолий деворда Хитойдан келган элчилар, қизил либосдаги аёллар ва ов саҳналари акс этган. Бу тасвирлар Самарқанднинг Хитой билан дипломатик ва маданий муносабатларини кўрсатади. Жанубий деворда турли мамлакатлардан келган элчилар, сарой маросимлари ва эҳтимол Наврўз байрами билан боғлиқ саҳналар тасвирланган бўлиб, бу давлатчилик анъаналари ва байрам маданияти ҳақида муҳим маълумот беради. Шарқий деворда эллин ва ҳинд маданиятига мансуб шахслар, ҳайвонлар ва рамзий композициялар жой олган — бу илмий ва маданий билимлар алмашинувининг далилидир. Ғарбий деворда эса Сўғд ҳукмдорининг тахтга чиқиш маросими ҳамда турли мамлакатлар элчиларининг совғалар билан ташрифи тасвирланган бўлиб, Самарқанднинг сиёсий нуфузи ва халқаро мақомини ифода этади.
Фрескалардаги тасвирлар орқали ўша даврнинг кийим-кечак услуби, урф-одатлари, маросимлари ва эстетик қарашлари ҳақида ҳам қимматли маълумот олиш мумкин. Ранглар уйғунлиги, композицион мукаммаллик ва образларнинг ҳаётийлиги VII аср рассомларининг юксак маҳоратидан далолат беради. Бу асарлар Суғд цивилизациясининг бадиий тафаккури ва дунёқарашини очиб беради.
Шунингдек, фрескалар исломдан аввалги даврда Самарқанд ва Суғд ҳудудида зардуштийлик ва маҳаллий маданий анъаналар кенг тарқалганини ҳам кўрсатади. Байрамлар, қурбонлик маросимлари ва сарой анъаналарининг тасвирланиши ҳудуднинг бой маънавий ҳаётидан далолат беради.
Экспозицияда фрескалар замонавий интерактив усулларда намойиш этилмоқда. Ташриф буюрувчилар экран орқали деворий суратларнинг аввалги оқ-қора ҳолати ва асл рангли кўринишини таққослаб кўриш имконига эга. Экранга қўл теккизилганда фресканинг айрим қисмлари “жонланади”, бу эса экспонатни янада чуқурроқ ўрганиш имконини яратади.
Афросиёб фрескалари — бу фақат деворий суратлар эмас. Улар қадимги цивилизацияларнинг ўзаро мулоқоти, маданий алмашинуви ва инсоният тараққиётининг бадиий солномасидир. Уларда Самарқанднинг Буюк Ипак йўлидаги марказ сифатидаги ўрни, Суғд маданиятининг юксак тараққиёти ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси мужассам.
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида мазкур фрескаларнинг мазмуни ва композицияси замонавий технологиялар ёрдамида кенг оммага тушунарли ва таъсирчан шаклда тақдим этилмоқда.


