Дунё кутубхоналари асраётган хазиналар Ўзбекистонда намойиш этилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўлимига қадам қўйган ҳар бир киши гўё вақт машинасига ўтиргандек бўлади. Марказ музейининг Иккинчи Ренессанс даври бўлимида Темурийлар даврининг буюк руҳи, давлатчилик қудрати ва маърифий юксалиши нафақат тарихий далиллар, балки нафис миниатюралар орқали жонланади.
Экспозициянинг Иккинчи Ренессанс бўлимида жамланган асарлар — бу оддий тасвирлар эмас. Улар бутун бир цивилизациянинг руҳий портрети. Бу ерда Амир Темур ҳаётига оид лавҳалар, Камолиддин Беҳзод мактаби дурдоналари, Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаро даври маърифий муҳити, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган Бобурийлар сулоласига оид ноёб асарлар марказий ўринни эгаллаган.
Энг эътиборлиси — мазкур миниатюралар бугун дунёнинг нуфузли музей ва кутубхоналарида сақланмоқда. Улар орасида АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг қошидаги Жон В. Гарретт кутубхонаси, Лондондаги British Library ва British Museum, шунингдек, Bodleian Library каби илмий марказлар бор.
Темур тахтидан бошланган янги давр
1370 йил. Балхда Қурултой. Туркий анъаналар асосида тахтга чиққан Амир Темурнинг “Буюк амир” сифатида сайланиши Марказий Осиё тарихида янги саҳифа очади. Бу воқеа Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарига ишланган миниатюрада ўз ифодасини топган. Асарда ҳукмдорнинг давлатчилик рамзлари билан қуршалган ҳолдаги тантанавор қиёфаси Иккинчи Ренессанс бошланишини англатади.
Соҳибқиронни кутиб олган Самарқанд
Шерозда 1533 йилда кўчирилган “Зафарнома” қўлёзмасида Амир Темурнинг олис сафардан қайтиши ва оиласи томонидан самимий кутиб олиниши тасвирланган. Бу саҳна — давлат арбобининг нафақат саркарда, балки меҳрибон ота ва садоқатли турмуш ўртоғи эканини намоён қилади. Миллий қадриятлар — оилапарварлик ва вафо — тасвир орқали бадиий талқин этилган.
Самарқанддаги буюк бунёдкорлик
1404 йилда барпо этилган жоме масжиди қурилишига бағишланган миниатюрада Амир Темурнинг шахсан иштирок этгани акс этган. Ҳукмдорнинг қурувчиларга ғамхўрлик қилиши, ҳатто уларга нон улашиши — бу бунёдкорлик фақат меъморий эмас, балки маънавий жараён бўлганини кўрсатади.
Бобурдан Аврангзебгача: бир даврадаги сулолалар
1550 йилда Ҳиндистонда яратилган миниатюрада Темурийлар ва Бобурийлар сулоласи ҳукмдорлари бир даврада тасвирланган. Бу рамзий композиция тарихий ворислик, сиёсий мерос ва маданий узвийлик ғоясини ифодалайди. Темурийлардан Бобурийларгача бўлган силсила ягона тамаддун занжирининг ҳалқалари сифатида кўрсатилади.
Лашкар, байроқ ва дарё: ирода рамзи
Амир Темурнинг лашкари билан дарёдан ўтиши тасвирланган миниатюрада рамзлар тили устувор. Байроқ — ғалаба, фил — қудрат, от — жасорат тимсоли. Ёрқин қизил ва олтин ранглар асарга тантанавор руҳ бағишлайди. Бу нафақат ҳарбий юриш, балки қатъият ва имон синови сифатида талқин этилади.
Ов саҳнасидаги ҳаракат ва ҳаёт
Камолиддин Беҳзод мактабига мансуб миниатюрада Амир Темурнинг ов жараёни тасвирланган. Йўлбарс, бўри, оҳу ва қушлар ҳаракатда. Динамика, ранг уйғунлиги ва композицион мувозанат Темурийлар миниатюра санъатининг юксак даражасини намоён этади.
Илм ва ҳукмдор: маърифий муҳит
Хамса асосида ишланган миниатюраларда ҳукмдор ва донишмандлар давраси тасвирланади. Бу асарларда давлат раҳбари фақат сиёсий етакчи эмас, балки илм аҳли ҳомийси сифатида гавдаланади.
Шу руҳ Абдулазизхон II даврига оид миниатюрада ҳам намоён бўлиб, ҳукмдорнинг олимлар билан маърифий мажлиси акс этган.
Навоий — устозлар даврасида
Навоийнинг туш манзараси акс этган миниатюрада у Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдурахмон Жомий каби буюк шоирлар даврасида тасвирланган. Бу рамзий композиция Навоийни Шарқ адабиётининг энг юксак мақомида кўрсатади.
Темурий маликалар: саройдаги маънавий муҳит
Ҳусайн Бойқаро даврида яшаган Хадичабегим тимсоли орқали сарой аёлларининг илм-фан ва маданиятдаги ўрни намоён бўлади. Бу миниатюралар аёллар ҳам маърифий жараённинг фаол иштирокчиси бўлганини тасдиқлайди.
Миниатюралардаги миллат хотираси
Марказ экспозициясида намойиш этилаётган ушбу асарлар Темурийлар даврида Марказий Осиё жаҳон цивилизациясининг етакчи илмий ва маданий марказларидан бирига айланганини исботлайди.
Бу миниатюралар — фақат тасвир эмас. Улар миллатнинг хотираси, давлатчилик рамзи ва маънавий меросидир. Иккинчи Ренессанс ғояси эса айнан шу тарихий асосларга таянади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин



