
Янгиликлар
Ўзбекистон уламолари Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик мактуби йўллади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Уламолар кенгаши аъзолари ва юртимиздаги таниқли уламолар муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев номига табрик ва самимий миннатдорчилик изҳор этилган мактуб йўллади.
Мактубда давлат раҳбарининг “Инсон қадри учун!” тамойили асосида амалга ошираётган ислоҳотлари, айниқса Рамазон ойи арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида таъкидланган. Хусусан, 16 февраль куни ўтказилган йиғилишда қабул қилинган қарорлар, “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши юксак инсонпарварлик намунаси сифатида эътироф этилган.
Уламолар қайд этганидек, бундай кенг кўламли ғамхўрлик минглаб эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор шахслар ва оғир хасталикка чалинган фуқаролар учун катта мадад бўлиб, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, дунё тажрибасида кам учрайдиган ҳолат сифатида Рамазон ойини муносиб ўтказиш юзасидан давлат раҳбари даражасида алоҳида қарорлар қабул қилиниши юксак эътибор белгиси экани алоҳида урғуланган.
Мактубда мамлакатимиздаги 2000 дан ортиқ масжидларда хатми Қуръонларнинг тизимли равишда ташкил этилиши, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази каби йирик маърифий иншоотларнинг барпо этилиши ислом маърифати ва миллий қадриятларни тиклаш йўлидаги муҳим қадамлар сифатида баҳоланган.
Мурожаат сўнгида Президентга мустаҳкам соғлик, куч-қувват ва масъулиятли фаолиятида янги ютуқлар тилаб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва муборак ой баракоти учун дуолар қилинган.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.