Европа 600 йил давомида қайси ўзбек алломасидан дарс олганини биласизми?
Европа университетларида 600 йил давомида асосий дарслик бўлган китоб Париж ёки Римда эмас, балки Мовароуннаҳр заминида яратилган эди. Бутун дунё тиббиёти тараққиётига асос бўлган ноёб қўлёзманинг факсимиле нусхаси бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг Биринчи Ренессанс бўлимида намойиш этилмоқда.
XI асрда Мовароуннаҳр заминида туғилган бир асар асрлар давомида Европа университетларида асосий дарслик бўлиб хизмат қилганини тасаввур қилиш қийин. Аммо бу тарихий ҳақиқат. Буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино яратган “Тиб қонунлари” (“Ал-Қонун фи-т-тибб”) асари нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон тиббиёти тараққиётига беқиёс таъсир кўрсатган.
Бу китоб шунчаки табобат қўлланмаси эмас эди. У инсон организми, касалликларнинг сабаблари, ташхис ва даволаш усулларини илмий-мантиқий тизимга солган улкан энциклопедия бўлган. Ибн Сино тиббиётни назария ва тажрибани уйғунлаштирган мустақил фан даражасига кўтарди.
Илмни тизимлаштирган даҳо
“Тиб қонунлари” беш китобдан иборат бўлиб, унда тиббиёт назарияси, анатомия ва физиология асослари, умумий касалликлар, аъзолар хасталиклари, юқумли касалликлар, токсикология ҳамда мураккаб доривор воситаларни тайёрлаш қоидалари батафсил ёритилган.
Асарда 800 дан ортиқ доривор модда тавсифланган, 760 дан зиёд дори воситалари таснифланган. Энг муҳими, Ибн Сино ташхис қўйишнинг аниқ тамойилларини ишлаб чиққан. У касалликни аломатлар йиғиндиси орқали таҳлил қилиш, бемор организмига яхлит ёндашув асосида муносабат билдириш зарурлигини таъкидлаган.
Бугун замонавий тиббиётда қўлланилаётган кўплаб ғоялар — профилактика, клиник кузатув, тиббий этика, дориларни синовдан ўтказиш тамойиллари — Ибн Сино асарида ўз ифодасини топганини кўриш мумкин.
1279 йил: асарнинг Европага йўли очилади
Илм-фан тараққиётида таржима мактабларининг ўрни беқиёс. 1279 йилда яҳудий олими Натан ҳа-Меати “Тиб қонунлари”ни иврит тилига тўлиқ таржима қилди. Айнан шу таржима асарнинг Европа интеллектуал муҳитига кириб боришида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Ивритча матн кейинчалик лотин тилига ўгирилди. Натижада “Тиб қонунлари” XII–XVII асрлар давомида Европанинг нуфузли университетларида асосий дарслик сифатида ўқитилди. Тиббиёт факультетларида талабалар аввало Ибн Сино қомусини ўзлаштириши шарт эди.
Бу ҳолат Шарқ илмий меросининг Ғарб цивилизацияси тараққиётига нечоғлик кучли таъсир кўрсатганини яққол намоён этади.
Болоньяда сақланаётган ноёб мерос
XV асрнинг биринчи ярмида Шимолий Италияда яратилган 532 варақлик безакли қўлёзма “Тиб қонунлари”нинг энг машҳур нусхаларидан бири ҳисобланади. У бугун Болонья университети кутубхонаси фондида сақланмоқда.
Беш жилддан иборат ушбу мажмуа нафақат тиббий, балки бадиий жиҳатдан ҳам ноёб асардир. Қўлёзма нафис миниатюралар, тилла суви билан ишланган ҳошиялар, гулли безаклар билан жиҳозланган. Унда табибнинг бемор пульсини текшириши, пешоб таҳлили, дорихонадаги фаолияти каби саҳналар тасвирланган.
Француз полеографи Бернар де Монфокон ушбу жилдни “Liber Avicennae elegantissimus” — “Ибн Синонинг энг нафис китоби” деб таърифлагани бежиз эмас.
1491 йилда Неаполда иврит тилида босилган нашр эса энг қадимги босма таржималардан бири сифатида тарихга кирган. Бу ҳолат асарнинг фақат қўлёзма шаклидагина эмас, балки босма маданиятда ҳам кенг тарқалганини кўрсатади.
Қўлёзманинг саргузашти: қайтиш
XVIII аср охиригача мазкур қўлёзма Болоньядаги Авлиё Доминик монастири кутубхонасида сақланган. 1796 йилда француз қўшинлари томонидан юзлаб ноёб асарлар қаторида Парижга олиб кетилган. Кейинчалик у Италияга қайтарилиб, яна Болонья университети фондига топширилган.
Бу тарихий саёҳатнинг ўзиёқ илм-фан мероси миллий чегаралардан анча юқори туришини, у умуминсоний қадрият эканини англатади.
Айни пайтда ушбу ноёб қўлёзманинг факсимиле нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг Биринчи Ренессанс бўлимида намойиш этилмоқда.
Бу — рамзий воқеа. Чунки Ибн Сино мероси айнан Марказий Осиё илмий муҳитида шаклланган. Биринчи Ренессанс деб аталувчи даврда Мовароуннаҳр алломалари илм-фан, тиббиёт, фалсафа ва маданият соҳаларида глобал уйғониш жараёнларига замин яратган.
“Тиб қонунлари” ва унинг ивритча таржимаси эса цивилизациялар ўртасидаги илмий мулоқот, билимлар алмашинуви ва маданий ҳамкорликнинг ёрқин тимсоли бўлиб қолмоқда.
Нега бугун ҳам долзарб?
Ибн Сино асарининг қадри фақат тарихий аҳамияти билан чекланмайди. У инсон саломатлигига комплекс ёндашув, илм ва амалиёт уйғунлиги, ахлоқий масъулият каби тамойилларни илгари сурган. Бу ғоялар бугунги глобал тиббиёт тизими учун ҳам муҳимдир.
Шу маънода, “Тиб қонунлари” — бу ўтмиш ёдгорлиги эмас, балки ҳозирги ва келажак авлодлар учун илҳом манбаи. Мовароуннаҳр заминида туғилган ушбу илмий мерос асрлар оша инсоният саломатлигига хизмат қилишда давом этмоқда.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


