Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Хорижликлар эътироф этаётган улкан лойиҳадан Беларус делегацияси ҳам ҳайратда қолди

“Тасаввур қилиб бўлмас даражадаги фундаментал иншоот”. Беларусь делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишгач, илк таассуротини айнан шундай ифода этди. Уларнинг таъкидлашича, халқнинг ўз тарихига бўлган ҳурмати унинг келажагини белгилайди — ва буни Тошкентда яққол ҳис қилиш мумкин.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказда меҳмонлар қадимги цивилизациялардан тортиб Темурийлар меъморий мўъжизалари, жонли портретлар ва иммерсив шоулар орқали намоён этилган Ренессанс босқичларигача бўлган улкан тарихий саёҳатни бошдан кечирди.

Делегация аъзолари музейнинг исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимидаги ноёб экспонатлар билан танишар экан, Сурхондарёнинг Холчаён ҳудудидан топилган, милоддан аввалги I аср — милодий I асрларга оид чавандоз ҳайкали алоҳида қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, меҳмонлар эътиборини Хоразм цивилизациясига оид чиғир (сув чиқариш мосламаси) макети тортди. Ушбу иншоот қадимий суғориш технологияларининг мукаммаллигини кўрсатиб, минтақада деҳқончилик ва сув бошқаруви тизими юқори даражада ривожланганидан далолат беради.

Айниқса, ҳар бир бўлимдан ўрин олган иммерсив шоулар орқали ҳар бир Ренессанс жараёнининг яхлит ва таъсирчан тасвирланиши делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Уларнинг таъкидлашича, бундай формат тарихий даврни бир қарашда англаш ва ҳис этиш имконини беради.


Иккинчи Ренессанс даврида эса Амир Темур бунёд эттирган улкан меъморий обидалар меҳмонларни ҳайратда қолдирди. Жумладан, Оқсарой, Дорус Саодат мажмуаси ҳамда Аҳмад Яссавий мақбараси каби иншоотлар Соҳибқирон давридаги бунёдкорлик салоҳияти ва меъморий тафаккурнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилди.

Делегация аъзоларини ҳайратга солган яна бир жиҳат махсус экранлар орқали тарихий шахслар билан “мулоқот қилиш” имконини берувчи жонли портретлар бўлди. Ушбу инновацион ечим ташриф буюрувчиларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериш ва тарихий сиймолардан жавоб олиш имконини яратади.
Делегация ташрифи Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори бўлимида давом этди. Бу ерда мамлакатнинг замонавий тараққиёти, ёшлар сиёсати ва спорт соҳасидаги ютуқларни акс эттирувчи экспозициялар меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди. Спортчилар қўлга киритган медаллар, ёшлар салоҳиятини намоён этувчи тақдимотлар делегация аъзолари томонидан юксак баҳоланди.

Сергей Хмелков, Европа кикбоксинг федерацияси президенти ва Беларус Республикаси кикбоксинг федерацияси раиси биринчи ўринбосари:

–  Айтишим керакки, бу тасаввур қилиб бўлмас даражадаги фундаментал иншоот экан. Бу ерга ташриф буюриб, Марказни кўрганимизда ҳис қилган туйғуларимизни, эҳтимол, сўз билан тўлиқ ифодалаб бўлмас, бироқ барибир ҳаракат қилиб кўраман.
Халқнинг ўз тарихига муносабати унинг келажагини белгилайди. Бугун Ўзбекистон тарихи босқичлари бўйлаб саёҳат қилиб, шунга амин бўлдикки, сизларнинг халқингиз яқин келажакда барча йўналишларда ўзини намоён этади, ўз сўзини айтади ва юртингизни шарафлайди. Менинг фикримча, мамлакатингиз тўғри йўлдан бормоқда. Сизлар ва давлат раҳбарингиз Президент Шавкат Мирзиёев танлаган тараққиёт йўли ҳақиқатан ҳам тўғри йўл. Сизларга ушбу йўлдан ҳеч қачон оғишмасликни ва доимо олға интилишни самимий тилайман.
Менинг асосий йўналишим — спорт. Шу билан бирга, мамлакатимизда етакчи тиббиёт марказларидан бири билан ҳамкорлик қиламан. Айтишим мумкинки, бу ерда ҳар икки йўналиш бўйича ҳам ўрнак олиш мумкин бўлган жиҳатлар бор. Чунки ҳар қандай тарих нафақат мамлакат ўтмиши билан таништиради, балки бизга сабоқ ҳам беради.
Бугун бу ерда кўрганларимизнинг кенг кўлам ва замонавий форматда тақдим этилгани менда катта таассурот қолдирди. Бу тажрибани ёш авлодга, шунингдек, ватанимга қайтгач, ҳамкасбларимга ҳам етказиш мумкин.
Сизлар ўз меҳнатингиз билан тарихингизни яратиб, уни бутун дунёга танитиш имконини бергансиз. Бугунги кунда энг муҳим жиҳат ҳам айнан шудир, деб ҳисоблайман.

Делегация вакиллари Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги дўстлик ришталари тарихий ва инсоний қадриятлар асосида мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг фикрича, бу ҳамкорлик нафақат расмий алоқалар, балки инсоний яқинлик ва ўзаро ҳурматга таянади.

Сергей Хмелков, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан шаклланган самимий муносабатларни алоҳида эътироф этиб, шундай деди:

“Бизни ўзаро дўстлик бирлаштиради. Йиллар давомида ўзбекистонлик ҳамкорларимиз биз учун ака-укадек бўлиб қолди, спорт соҳасида кўплаб йўлларни бирга босиб ўтдик.
Бизнинг ҳудудда ўзбек фарзанди Мамадали Топволдиев жанг қилган. Унинг лақаби Казбек бўлган. Шаҳримизда унинг номи билан аталган кўча бор.
У ҳақиқий қаҳрамон бўлган. У партизанлар отрядида разведка бўлинмасига қўмондонлик қилиб, ҳудудимизни озод этишда мислсиз жасорат кўрсатган.
Ўша пайтларда бундай тарихий боғлиқликлар ҳаётимда қачондир Ўзбекистон билан тақдиримни боғлаб қўяди, деб ўйламаган эдим. Аммо кейинчалик дўстларимиз пайдо бўлди, умумий жиҳатлар топилди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1367426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1109129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
889327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.