

Янгиликлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий салоҳиятини янги босқичга кўтармоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишида Марказ фаолиятини ва музей экспозициясини илмий, мазмунан ва ташкилий жиҳатдан янада такомиллаштиришга қаратилган энг муҳим 8 та устувор масала атрофлича муҳокама қилинди.
Илмий кенгаш раиси, Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтган йиғилишда илмий кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, Фанлар академияси академиги Акбар Ҳакимов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, экспозицияни ташкил этган лойиҳаларда фаолият олиб борган олимлар, шунингдек, Марказ ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди. Хусусан, Биринчи Ренессанс бўлимида жами 60 та илмий ва экспозицион лойиҳа амалга оширилгани маълум қилинди. Таъкидланишича, лойиҳалар ижросини таъминлаш учун 118 нафар олим ва мутахассис жалб этилган бўлиб, улар 15 та ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда фаолият юритган. Йиғилишда экспозицияни такомиллаштиришга қаратилган илмий-инновацион лойиҳалар доирасида 37 та видеоролик яратилгани ҳам қайд этилди. Бу эса Марказда илмий ишлар тизимли, жамоавий ва аниқ режа асосида ташкил этилганини кўрсатади.
Иш жараёнида нодир илмий манбалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Уструшонийнинг “Бола ҳуқуқлари” асарининг факсимиле нусхаси тайёрланган, шунингдек, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ҳамда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарлари электрон факсимиле шаклида яратилган. Шу билан бирга, Абу Райҳон Беруний меросига бағишланган Беруний глобуси тайёрлангани илмий-инновацион ёндашувнинг амалий натижаси сифатида қайд этилди.
Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти:
–Бу каби илмий янгиликлар ҳар бир бўлимда бўлиши керак. Ана шунда Ислом цивилизацияси марказининг илмий даражаси янада юксалади.
Шунингдек, йиғилишда Марказ экспозициясини мазмунан бойитишга қаратилган ишлар доирасида “Ўзбекистон XX асрда” бўлимини ташкил этиш жараёнлари ҳам муҳокама қилинди. Тарих фанлари доктори, профессор, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов ушбу бўлим бўйича 57 та лойиҳадан 37 таси маъқуллангани ҳақида ахборот берди.
–Муҳтарам Президентимиз томонидан Марказ экспозицияларини шакллантириш, кенгайтириш, замон талабларига мос ҳолда мазмунан бойитиш ҳақида билдирилган таклифни биз — олимлар ва марказ ходимлари чуқур масъулият ва юксак ифтихор билан қабул қилдик. Бу ташаббусга бир овоздан "лаббай" деб жавоб бердик ва уни амалга ошириш йўлида бор билим, тажриба ҳамда салоҳиятимизни сафарбар этишга киришдик. Айниқса, “Ўзбекистон XX асрда” деб номланган бўлимни ташкил этиш ғояси мамлакатимизнинг мураккаб, шу билан бирга ўта муҳим тарихий босқичини илмий, холис ва замонавий ёндашувлар асосида ёритиш имконини беради. Биз ушбу лойиҳани юксак савияда амалга ошириш, уни мазмунан бой, ғоявий жиҳатдан таъсирчан ва кенг жамоатчилик учун тушунарли қилиб тақдим этиш устида жамоа бўлиб, изчил иш олиб бордик. Маъқулланган лойиҳаларнинг 18 таси жадидлар мероси ва 10 таси собиқ совет давридаги мураккаб тарихий жараёнларни, 9 таси илк мустақиллик илмий асосда ёритишга қаратилган. Бу лойиҳалар орқали миллий тарихга холис, манбаларга таянган ёндашувни таъминлаш мақсад қилинган, – деди Темур Ширинов.
Илмий кенгашда Марказ кутубхонаси фондини янада бойитишга, хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоеванинг маълум қилишича, кутубхона йўналишида 8 та йирик илмий лойиҳа устида ишлар олиб борилмоқда.
–Халқаро таълим муассасалари, хусусан, "Perfect" университети билан ҳамкорликда энг ноёб китобларнинг онлайн вариантлари кутубхонанинг электрон базасига жойлаштирилган, шунингдек, Миллий кутубхона билан ҳамкорликда қўшма 4 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Кутубхона фаолиятига “Koha” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилгани унинг илмий ва ахборот салоҳиятини янада мустаҳкамлайди, – дея ахборот берди Умида Тешабоева.
Шунингдек, Марказнинг ягона расмий рақамли платформаси ишга туширилгани ва унда барча бўлимлар, лойиҳалар ҳамда илмий материаллар жамлангани маълум қилинди. Илмий кенгаш аъзоларига ушбу платформани бир ҳафта давомида кўриб чиқиб, таҳлил қилиш ва тавсиялар киритиш маълум қилинди ва мазкур таклиф бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда Марказнинг очилишига тайёргарлик ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам муҳокама қилинди. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бу борада ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида музей бўлимлари бўйлаб ҳаракат йўналишлари, экспозиция назоратчилари ва гид хизматларини тўлақонли таъминлаш бўйича ишлар жадал олиб борилаётганини маълум қилди.
–Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Марказда ҳар бир лойиҳа мукаммал бўлиши, ҳар бир ташриф буюрувчи эса юқори даражадаги хизматни ҳис этиши шарт, — деб таъкидлади Ф.Абдухолиқов.
Марказ директорининг ахборот технологиялари масалалари бўйича ўринбосари Иззат Ибрагимов бу борада болалар, аёллар ва олимлар учун алоҳида маълумотлар, гид хизматлари ташкил этилиши, шунингдек, QR-кодлар, планшетлар ва электрон қулоқчинлар орқали экспозициялар билан мустақил танишиш имкониятлари яратилаётгани ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, робот-гидлар хизматини жорий этиш бўйича амалга оширилаётгани ҳақида ҳам маълум қилди.
Илмий кенгаш якунида Марказ ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум доирасида магистрантлар амалиётини ташкил эиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илмий нашрлар алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилгани қайд этилди. Бу ҳамкорлик Марказнинг илмий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Уйғун Ғофуров, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази бу Президентимизнинг мега лойиҳалари ва уни ҳар битта жараёнида қатнашиш, ҳар бир ўзбекистонлик, жумладан, исломшунос мутахассислар учун ҳам тарихий муҳим ҳодиса. Бугун Марказ билан институтимиз ўртасида меморандум имзолашга эришдик. Бу қуруқ имзо эмас, балки аниқ амалий ишлар режасини ўз ичига олган ҳужжатдир. Яқин кунларда институт магистрантлари Ислом цивилизацияси марказида амалиёт ўташни бошлайди. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларимиз томонидан яратилган 130 дан ортиқ илмий нашрлар Марказ кутубхонасига ҳадя қилинди. Бу ҳамкорлик келгусида янада мустаҳкамланади.
Йиғилиш давомида билдирилган таклиф ва хулосалар Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.