Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Президентдан тавсия, ёшлардан амалий жавоб

“Бу ерга ёшлар албатта келиши керак”. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши ҳақидаги чақируви мамлакат бўйлаб минглаб ёшларни бир нуқтага жамлади.

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали қатнашган 60 мингдан зиёд ёшларнинг вакиллари билан учрашув доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани ҳақида тўхталаркан, ушбу мажмуа ёш авлод учун тарихий хотира, миллий ўзлик ва маънавий меросни англашда муҳим маскан эканини таъкидлаб, бу ерга ёшлар албатта келиши лозимлигини қайд этди.

“Ҳар бир ёш, ҳар бир ўзбекистонлик бориб албатта кўрса, буюк аждодларимиз мероси, миллатимиз кимлиги ҳақида тасаввури уйғониб, ғурурланиб қайтади. Албатта, бу ерга ёшлар бориши керак”, — деди Президент.

Ана шу чақириқ билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган ёшлар музейнинг асосий экспозиция бўлимлари билан танишди. Исломдан аввалги давр, илк ва ўрта асрлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган бўлимларда жамланган экспонатлар тарихий жараёнларнинг узвий ва изчил манзарасини намоён этди. Замонавий технологиялар асосида ташкил этилган экспозициялар ёшларнинг тарихга бўлган қизиқишини янада кучайтирди.

Абдулазиз Мўминов, Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари:

– Муҳтарам Президентимиз ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотда Ислом цивилизацияси марказига албатта келиш кераклигини алоҳида таъкидладилар. Бу марказ Ислом динининг тарихи ва бой меросини, энг муҳими, ўзбек халқининг юзини ифодалайди, деб қайд этдилар. Шунингдек, йиғилишдан сўнг ёшлар биринчи навбатда ташриф буюриши лозим бўлган маскан айнан Ислом цивилизацияси маркази бўлиши кераклиги масаласини кўтардилар.
Биз ёшлар буни катта қувонч билан қабул қилдик ва ушбу масканга ташриф буюрдик. Ташриф давомида шуни кўрдикки, бу ерда ислом даврининг вужудга келишидан бошлаб Биринчи, Иккинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон даврларигача бўлган жараёнлар бир жойда жамланган. Ота-боболаримизнинг бой тарихи ниҳоятда мукаммал ва таъсирчан тарзда ифодаланган. Ҳар қандай ёш бу масканга киргач, тарихий маълумотларни, аждодларимизга бўлган ҳурматни, Ватанга бўлган муҳаббатни, юртимиз цивилизациясининг босиб ўтган йўлини бир зумда кўз олдидан ўтказиши учун барча шароит яратилган.
Ҳаммаси бир жойда мужассам бўлгани билан бу марказ алоҳида аҳамиятга эга. Яқин кунларда муҳтарам Президентимиз ушбу Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими бўлишини ҳам айтдилар. Очилишдан сўнг бу масканга халқимиз, ёшларимиз, умуман кенг жамоатчиликнинг ташрифи жуда катта миқёсда бўлишига ишонамиз. Чунки бу жой оғиздан оғизга ўтиб тарғиб қилинади ва бу ерга кирган ҳар бир инсон олган билим ва таассуротларининг тарғиботчисига айланади, деб ҳисоблайман.

Ёшлар Буюк ипак йўлига бағишланган 3D харита, иммерсив видеороликлар ва интерактив экспозициялар орқали тарихни фақат томоша қилиш эмас, балки уни ҳис этиш имкониятига эга бўлишди. Бундай ёндашув тарихий билимни ҳиссий тажрибага айлантириб, ўзликни англаш жараёнини янада чуқурлаштириши таъкидланди.

Лобархон Жалолова, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, Халқаро ёшлар эко қўмитаси раиси: 

– Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувни энг тарихий учрашувлардан бири, десам муболаға бўлмайди. Учрашув давомида Президентимиз ёшлар учун қатор янгиликлар, имтиёзлар ва муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Айнан учрашув якунида ушбу ғоя ва ташаббусларни ёшларга тарғиб қилиш учун биринчи лозим бўлган иш Ислом цивилизацияси марказига бориб, саёҳатни шу ердан бошлаш кераклигини таъкидладилар.
Биз ёшлар делегацияси билан бу Марказга ташриф буюрдик. Бу ерга биринчи марта келаётганим бўлса-да, кўплаб инсонлардан ушбу Марказ ҳақида жуда илиқ фикрларни эшитган эдим. Бу маскан тарихни жонлантира олган макон сифатида таърифланган эди ва бугунги ташрифим давомида бунга тўлиқ амин бўлдим.
Бу ерда тарих ҳақиқатан ҳам жонланади. Экспонатлар, мультимедиа материаллари, сунъий интеллект орқали яратилган намойишлар орқали ўтмиш ва келажак бир маконда уйғунлашгандек таассурот уйғотади. Тарих ва келажакнинг бир нуқтада туташуви айнан шу ерда яққол сезилади.
Мен ўзим Навоий вилоятиданман ва бугунги кунда Работи Малик қолдиқлари мавжудлигини биламан. Аммо уни бу даражада улуғвор ва мукаммал ҳолатда тасаввур қилмаган эдим. Ислом цивилизацияси марказида Работи Маликнинг илк кўриниши асосида яратилган макет орқали тарихнинг нақадар жонли ва аниқ ифодаланганини кўриб, чин дилдан ҳайратда қолдим.
Илгари китобларда ўқиган тарихим бугун кўз ўнгимда жонлангандек бўлди, десам адашмаган бўламан.

Лайло Аслонова, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси:

– Шуни айтишим керакки, бу ерга киришимдан олдин бундай даражадаги кучли таассурот оламан, деб ўйламаган эдим.
Дастлаб оддий музейга кириб, экспонатларни кўриб чиқиб кетамиз, деган тасаввурда эдик. Аммо бу ерда ҳар бир экспонат билан бевосита интерактив тарзда танишиш, қўл билан ушлаб кўриш, ўша давр муҳитига шўнғиш имконияти борлиги мени чин дилдан ҳайратлантирди. Ўтган йили Лондондаги музейда бўлганимда шундай интерактив усулларни кўриб, бизда ҳам шундай имкониятлар бўлса эди, деган орзу қилган эдим. Бугун эса Ислом цивилизацияси марказида ундан-да гўзалроқ, ундан-да ҳашаматлироқ ва энг асосийси, ёшлар учун ниҳоятда қизиқарли тарзда яратилган экспозицияларни кўриб, бу орзуларим рўёбга чиққандек бўлди.
Музей тўртта даврга бўлинган бўлиб, бу ерда Ўзбекистон тарихини мактаб дарсликларидан эмас, балки бевосита шу ерга келиб, ҳар бир босқични, ҳар бир даврни гўё ўша даврда яшаган инсонлар каби ҳис қилиб ўрганиш имконияти мавжуд. Менимча, бу ерга бир кун келишнинг ўзи ҳам етарли бўлмайди.

Ёшлар фикрича, Ислом цивилизацияси маркази аждодларимизнинг илм-фан, маданият ва тафаккур тарихидаги беқиёс ўрнини чуқур англаш имконини беради. Бу маскан ўтмиш ва келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни ҳис этишга, ёшларни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилмоқда.

carousel image 1
carousel image 2
carousel image 3
carousel image 4
carousel image 5
carousel image 6
carousel image 7
carousel image 8

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1260126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1006529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
787727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.