Ҳасан Сафархоний: “Ўзбекистон Президенти ниҳоятда фахрли ишни амалга оширган”

“Бу марказ ёшларга ўзининг бой ўтмишини англатади”. Эрон дипломати Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб экспозициялардан катта таассурот олди.
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ҳасан Сафархоний Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига расмий ташрифни амалга оширди.
Ташриф давомида у марказнинг барча экспозициялари билан яқиндан танишди. Намойиш этилган тарихий экспонатлар, миниатюра ва қўлёзмалар, шунингдек, замонавий интерактив тақдимотлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳасан Сафархоний марказнинг Ўзбекистоннинг илмий ва маданий меросини намоён этишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. У таъкидлаганидек, Марказ нафақат ислом цивилизациясининг бой тарихи ва маданий ютуқларини тақдим этади, балки бу меросни янги авлод ва жаҳон ҳамжамиятига етказишда муҳим восита ҳисобланади. Шунингдек, Марказда классик меъморий услублар ва замонавий технологияларнинг уйғунлаштирилгани унинг ўзига хос хусусияти эканлиги қайд этилди.
Аввало, Ўзбекистон Республикаси муҳтарам Президентига шундай ниҳоятда қадрли ва фахрли ишни амалга оширгани, Ўзбекистоннинг эмас, балки бутун минтақанинг ўтмишдаги ўзлиги ва тамаддунини намоён этиш мақсадида бундай улкан марказни ташкил этгани учун миннатдорчилик билдираман. Бу, шубҳасиз, жуда катта ва юксак аҳамиятга эга ишдир. Бу марказ ислом тамаддунининг икки буюк ва қимматли босқичини жуда яхши намоён этади. Энг муҳими, у бугунги дунёга, айниқса Ўзбекистон ва минтақа ёшларига уларнинг ўтмиши ниҳоятда бой, сермазмун ва ёрқин бўлганини кўрсатади.
Ростини айтсам, бирор бўлимни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин, чунки барча қисмлар жуда гўзал. Айниқса, дунё музейларида сақланаётган, жумладан, Эрон ва бошқа мамлакатларда мавжуд бўлган асарлар нусхаларининг олиб келиниб, бу ерда намойиш этилаётгани жуда қимматли ташаббусдир. Бу, шубҳасиз, ислом тамаддунини танитиш ва унинг тажрибасидан замонавий цивилизация барпо этишда самарали фойдаланишга хизмат қилади. Ниҳоятда катта, аҳамиятли ва таҳсинга сазовор иш амалга оширилган. Бу марказ халқаро анжуманлар, илмий йиғилишлар ўтказиш, ихтисослашган журналлар чоп этиш ва турли мамлакатлар, жумладан, Эрон ва Ўзбекистон олимлари иштирокида илмий лойиҳаларни амалга ошириш орқали катта ҳисса қўша олади, – деди Ҳасан Сафархоний.
Ташриф давомида меҳмон марказда намойиш этилган асарлар, жумладан, Эрон ва бошқа мамлакатлардаги музейлардан келтирилган ноёб артефакт ҳамда нусхалар, тарихий аҳамиятга эга объектлар билан ҳам танишди. Бу асарлар орқали ислом цивилизациясининг илмий, маданий ва маънавий мероси очиқ намоён бўлди.
Шунингдек, ташриф давомида Марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов ва Ҳасан Сафархоний икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Хусусан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида илмий тадқиқотлар, таълим ва маданий алмашув лойиҳалари, шу жумладан, конференция, симпозиум ва махсус нашрлар орқали ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.


